Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўз маконини озода сақлаш — умматнинг вазифаси

1358

Ижтимоий тармоқларда пойтахтимизнинг Чилонзор тумани, Қатортол кўчасида жойлашган Халқ банки бош офиси биносининг олдида тўпланиб, ўтган кетганларнинг таъбини хира қилиб турган бир уюм чиқиндиларнинг сурати тарқалди.

Киши дилини ранжитадиган ушбу ҳолатга нисбатан амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев ўзининг телеграм каналида шундай фикр билдирган:

«Тўғри, бу вазиятда мен қонунчилик бўйича Халқ банки мутасаддиларига эътироз билдира олмасман, бу ҳудудга бошқа ташкилотлар масъул бўлиши мумкин. Лекин жаноб банкирлар, ахир сизларга ҳар хил мижозлар келиб кетади-ку, наҳотки шу муҳим бўлмаса? Мана шу жойда ҳар ойда икки-уч мартадан шунақа «бардак» кузатилади ва буни сизлар ҳам биласиз. Қанақадир уятли ҳолат эмасми?
Майли, қачонлардир Тошкент ҳам чиқиндисиз шаҳарга айланиб қолар, лекин бизга ўхшаган табиат нима, экология нима, чиқинди нима – буларнинг фарқига бормайдиган авлодлар даврида бу иложсиздек кўринмоқда».

Дарҳақиқат, бутун шаҳар аҳли атроф-муҳитнинг покиза ҳолатда сақланишини истайди. Лекин бажарилаётган амаллар бунга тескари мутаносибликда бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат. Зеро, юртимиз аҳолисининг катта қисми мусулмон эканлигидан келиб чиқиб хулоса қилинса ҳам, ушбу ҳолатни оқлаб бўлмайди. Чунки исломда поклик иймондан далолат бериши айтилган. Динимизда поклик масаласига ўта жиддий қаралади. Жумладан, «Албатта Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради...» ҳадиси ҳам бунга яққол мисолдир.

Бундан ташқари, мусулмонларга озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлаш иймон шуъбаси даражасига кўтарилган. Хусусан, Абу Хурайра розиялоху анхудан ривоят қилинади: «Набиий солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Ла илаҳа иллалоҳ» дейиш, энг кичиги — йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоятлари).

Қуйидаги ҳадиснинг маъно-мазмунига эътибор берган киши ҳам атроф-муҳитни озода сақлашнинг ажри қанчалик катта эканини англаши шубҳасиз деб ўйлаймиз. 
Абу Барза Асламийдан (р. а.) ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мени жаннатга киритадиган амалга йўллаб қўйинг», дедим. У зот: «Одамларнинг йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла», – дедилар».

Пойтахт кўчаларининг бу каби ҳолатга келиб қолмаслигини таъминлаши зарур бўлган масъул ташкилотлар ва шу даражада хунук иш қилиб, кўчаларимиз озодалигига путур етказган кишиларга Яратгандан инсоф сўраймиз. Аллоҳ барчамизни Ўзига ёқадиган амалларни бажариш ва у қайтарган ишлардан тийилишимизда мададкор бўлсин!

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Поклик ҳақида

8580 16:00 17.04.2021

Ҳалол ва поклик ҳақида биласизми?

1414 19:30 08.03.2021

Кийимларни нажосатлардан поклашнинг усуллари

3434 21:55 11.02.2021

Қалбни қандай поклаймиз? (Шайх Бутий)

2941 05:05 30.08.2019

«У жойда мен кўрган нарсани сизлар кўрмадингиз»

2984 17:00 20.07.2019
« Орқага