Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбек экрани нимадан қўрқади? Ёхуд кино фақат санъат асари эмас!

5780

Кино кашф этилган илк пайтларда балки санъат асари сифатида кўрилгандир. Аммо кейинчалик сиёсатчилар ундан тарғибот қуроли сифатида фойдалананадиган бўлди. Айниқса, совет даврида... Аслида бутун дунёда ҳам кино саноати тегишли кучларнинг фикр тарқатувчисига айланиб бўлган. Голливуду Болливудларнинг ижодлари фақат санъат асаридан иборат эмас. Бугун айни шу мавзуда мулоҳазаларимизни ўртоқлашмоқчимиз.

Кўпчилик кино саноатини бизга совет ҳукумати олиб кирган, деган тушунчада юради. Чунки авваллари “ҳамма нарсани руслар келтиргани ҳақида” чўпчаклар сингдирилган. Аслида Марказий Осиёга илк фото ва видео ускуналар Хоразм хони Муҳаммад Раҳимхон соний шафелигида Худойберган Девонов томонидан келтирилган. 

XIX асрнинг охирларида ўз диёрларига сиғмай қолган бир гуруҳ немислар Хоразмдан паноҳ топади. Улар амал қиладиган диний мазҳабнинг эътиқодига кўра, бирор бир урушда иштирок этиш жоиз бўлмаган. Шунинг учун улар улоқа-улоқа шу ерларга келиб қолишади. (Бу ҳақда миллатпарвар ёзувчи Набижон Боқийнинг “Хоразмлик немислар” мақоласида батафсил маълумот олишингиз мумкин). Меннонит немислар зиёли бўлган. Айниқса, кекса ёшдаги Вилҳелм Пеннернинг фотоаппарати бўлган. Худойберган унга шогирд тушади. Унинг тиришқоқлиги ва иқтидорини кўрган немис чол хоразмлик йигитчага “Zot” русумли фотоаппаратини совға қилади. Хуллас, ўзбек фото ва кино саноатига ана шу тариқа пойдевор қўйилади.

Бошида, яъни Марказий Осиёдаги хонликлар ва амирлик ағдарилиб, ўрнида бешта совет республикаси тузилган пайтида ҳам киноижодкорлар эркинроқ бўлган. Айни шу даврда тетапоя қила бошлаган ўзбек театрлари ҳам миллат маънавиятини ўстиришга хизмат қиладиган асарлар намойиш қилиш билан машғул эди. Бунда жонкуяр жадидчиларнинг ҳиссаси катта бўлган, албатта. Беҳбудий ҳазратларининг “Театр – ибратхонадур” деган сўзларида муболаға йўқ эди. Ёки Тошкентнинг маърифатпарвар бойларидан бири Мирмуҳсинбой кинотеатрни “дор ул-ибрат” (ибрат олинадиган уй) деб атагани бежиз эмасди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида киночилар зиммасига “совет давлатининг буюклиги” тарғиботи юкланган бўлса-да, ўша йиллари ўзбек киночилари Беруний, ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби боболаримиз ҳақида бир қатор фильмлар ишлашга муваффақ бўлган. 

1960 йиллардан кейинги олинган ўзбек киноларида совет сиёсати ва мафкураси кучайиб кетди. Шу билан бирга (телевизор сотиб олишга халқнинг қурбати етмагани учун) кинотеатрлар қуриш ва кўчма кино намойишлар ташкил этишга катта аҳамият берилди. Мақсад – халқ онгига совет мафкурасини чуқурроқ сингдириш, миллий ва диний анъаналарга зимдан зарба бериш эди.

Афсуски, телеэкранларда қайта-қайта намойиш этилган ва ҳозир ҳам халқимиз томонидан севиб кўриладиган аксар ўзбек-совет киноларини таҳлил қилсангиз, ўзингиз ҳам амин бўлишингиз мумкин...

Масалан, “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан 1978 йили суратга олинган “Тўйлар муборак” кинокартинкасини олайлик. Унинг бошланиш саҳнасидаёқ эркагу аёллар (!) тўйни шампан виноси ичиш орқали “қутлайди”. Ҳатто ёши кап-катта онахонлар ҳам “Қани, бизларга ҳам узатинглар!” дейди очиқчасига. Ичкиликбозликнинг очиқчасига тарғиботику бу асли...

1960 йилда ишланган “Маҳаллада дув-дув гап” фильмида ҳам миллий ва диний қадриятларимизга қарши ғоялар илгари сурилади. Фильм бошидаёқ маҳаллалар ўрнига “дом” қуриш яхшилигидан лоф урилади: “Кўп қаватли сўлим бинолар қад кўтармоқда...” “Дом”нинг, айниқса, ўша йиллари қурилган кўп қаватли уйларнинг “сўлим” бўлмаганини катталар яхши эслайди.Қизларнинг қурилишда ишлаётган ёш-ёш қизлар гўё бахтли тасвирланади. Муддао қизларни фитратига хос бўлмаган ишларга жалб қилиш орқали арзон ишчи кучини кўпайтириш... Фильм қаҳрамонларининг диалоглари орқали ота-онага итоат қилиш зимдан танқид қилинади”. Қизлардан бири тушликка ойисининг олдига борадиган йигитга писанда қилиб: “Қўяверинг, бораверсинлар, оналаридан балога қоладилар”, деса, бошқа бир қаҳрамон ўша йигитнинг таклифига “Ойингиздан сўрадингизми?” дея пичинг отади. Фильмнинг бошдан оёқ мазмунида катта ёшлилар гўл ва нодон, бебош ёшлар оқилу доно сифатида тасвирланиши замирида ҳам аниқ ғаразли мақсад ётади.

Аксарият фильмларда диндорлар танқид қилинади. Бунга яққол мисол Ғафур Ғулом қиссаси асосида ишланган “Шум бола” кино картинкасини келтиришимиз мумкин. Шу асарнинг бир саҳнасида ўғрибоши “Домлага қуй” деб буюради. Чаламулла ролидаги қаҳрамон: “Аллоҳ каломида айтганидек...” деса, ўғрибоши: “Йиғиштир калом паломингни!” дейди. Кейин “Сен кимсану тавбанг нима бўларди, ўғри қариса – сўфи, ғар қариса...” деб мазах қилади.  

Ёки бошқа бир фильмда қуён боқиш орқали даромад топмоқчи бўлган шифокор “Ажойиб хаёлпараст” сифатида талқин қилинади. 

Шу билан бирга ўша даврдаги ижодкорлар кино асарларининг айрим эпизодларига том маънода зиёни жойлаб кетишга ҳам муваффақ бўлганини эътироф этишимиз зарур. “Суюнчи” фильмидаги Анзират момо шаҳардан кўчиб келган ёш оила дарвозасига солган қулфни буздириб ташлаши... Бу ҳолатни катталар яхши англашади. Айтишларича, яқин-яқинларгача ҳам қишлоқ ва маҳаллаларда дарвозаларга қулф осилмаган...

Мустақиллик йилларида киночилар олдига маълум мафкуравий вазифа юкланмади. Ажратилаётган маблағнинг чўғи ҳам “ўлмагудек” эди, холос. Шунинг учун кассабоп “асарлар” яратишга киришиб кетилди. Уларнинг аксарияти саёз ва томошабиннинг дидини ўлдирадиган даражада эди. Ушбу фикрни таниқли киношунослар қайта-қайта таъкидлагани биламиз. Бу даврга келиб хонадонларда телевизорлар кўпайиши ҳисобига кинотеатрларга бўлган эҳтиёж камайиб кетди. Хусусий телеканаллар очилиб, хориж кинолари ўзбек тилига ўгирила бошланди. Бошида ўша фильмлар орасида араб ва турк кино усталари ишлаган диний мазмундаги асарлар ҳам намойиш этиларди. Кейинчалик бунга кўринмас кучлар томонидан тақиқ қўйилди. (Хориж кинолари ҳақида алоҳида тўхталамиз, албатта).

Режиссёр ва драматург Зулфиқор Мусоқов суратга олган «Абдуллажон», «Бомба», «Яратганга шукур», «Кичкина табиб», «Ойижон», «Осмондаги болалар – 1-2», «Ватан», Аюб Шаҳобиддиновнинг “Ўтов” ва бошқа шу каби бир қатор яхши кино асарлар яратилганини ҳам эътироф этиб ўтмасак, адолатдан бўлмайди, албатта. Аммо ҳолва деган билан оғиз чучук бўлмайди...

Буюрма кинолар ишланмай қўйилди деган гап ҳам унчалик тўғри эмас. Масалан, Ҳилол Насимов томонидан ишланган айрим фильмларда диндорлар қора бўёқларга бўяб кўрсатилди. Халқимизнинг аксарияти томонидан нафрат билан қабул қилинган ушбу фильмларни кимлардир буюртма қилганини тушуниш қийин эмас, албатта. Ушбу режиссёр ижоди ҳақида тўхталишни истамайман, чунки у “алоҳида тадқиқот” талаб қилади.

Ҳозир кино ижодкорларни қийнаётган муаммолардан бири, “экран эгалари”нинг соқолофобия ҳақида тўхталмоқчиман. Ҳеч кимга сир эмас, охирги пайтда ҳамюртларимиз, айниқса, ёш йигитларимиз орасида соқол қўйиб юриш урфга айланди. Ҳатто намоз ўқимайдиган ёшлар ҳам соқол қиртишлаб юришни ўзига эп кўрмаяпти. (Айрим пайтларда уларни махсус органлар томонидан олиб кетилиб, “жағи сартарошларга тутиб бериляпти ҳам”)

 Ачинарлиси, телевидение раҳбарларига берилган оғзаки топшириққа биноан телеэкранларда “рўмолли ва соқолли”лар кўринмаслиги керак. Бу ҳолатни бошидан кечирган кўпгина ёшлар ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида танқид қилишди. Яқинда, таниқли киношунос журналист Шоҳида Ҳамро ҳам Facebookда айни шу дард ҳақида алам билан ёзиб чиқди.

Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган “Қўрқут ота” туркий давлатлар киноси фестивалида иштирок этаётган журналист опамиз қайсидир телеканаллардан бирида тўғридан тўғри эфирда ёш ўзбек актёридан интервью олади. Эфир бошланиши билан унга интервьюни тўхтатиш талаб этилади. Кейинчалик аниқланишича, бунга ёш актёрнинг соқоли борлиги рўкач қилинади. “Аввал унинг расмини кўрсатган эдик-ку?” деган саволига “Биз унинг кўринишидан хорижлик деб ўйлабмиз, ўзбек эканини билмаган эканмиз” деган ажабтовур жавоб беришади. (Кейинчалик опамиз (маълум сабабларга кўра, албатта) ўша постни ўчириб юборибдилар ёки биз топа олмадик). Мана шу ҳолат ҳам вазиятнинг қанчалик ачинарли ва ғалати эканини кўрсатиб турибди...

Ўрни келганда бир нарсани таъкидлаб кетишни истардим. Киношунос эмасман, аммо ўзим кўрган кинолар ичида 1989 йили суратга олинган (режиссёр ва сценарий муаллифи Фарҳод Мусажон) “Кўзларим йўлингда” фильмидагина диндор кишиларни ижобий талқин этилганини биламан. Эсласангиз керак, (қизиқчи М.Холмедов ўйнаган) киночининг махсус машинаси бензини тугаб тўхтаб қолади. Ҳеч ким ёрдам бермайди. Лекин бир имом келиб, унга бир-икки челак бензин беради ва пул олмайди. Кейинчалик боши ғамлар ичида қолган киночи ўша имом-домлани излаб боради ва унинг жўяли насиҳатларидан баҳраманд бўлади. Бошқасини билмайман рости. Ҳатто маърифатпарвар ёзувчи Тоҳир Малик асари асосида ишланган “Шайтанат” сериалида ҳам бир имом ўғривачча “Бек” олдида мулзам қилинган – гўё мафиоз фариштаю имом-домла муттаҳам сифатида гавдалантирилган.

Дарвоқе, ёш режиссёрлардан бири ҳаваскорлар билан ишлаган “Рўмол” номли қисқа метражли фильми ўтган йили Azon.TVда намойиш этилганди.  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси ўз ҳисобидан олган ушбу картинка одамда қандайдир умид учқунларини уйғотади. Демак, тушкунликка тушмай, келажакдан яхши кунларни кутиб яшайверамиз.

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Испаниядаги Украина элчихонасида портлаш уюштирилди

341 18:50 30.11.2022

Хитойнинг собиқ раҳбари вафот этди

558 16:55 30.11.2022

Ғарб ва ривожланаётган атеизм

768 15:05 30.11.2022

Россиядаги сафарбарлик ва ўлим сонининг ортиши

454 14:42 30.11.2022

Бухарестдаги НAТО саммити: «Биз Путиннинг ғалаба қозонишига йўл қўймаймиз»

347 13:40 30.11.2022

Қандай жирканчлик. Яна бу одамлар бағрикенглик ҳақида гапиришади-я!

2462 12:50 30.11.2022
« Орқага