Оқибатда, 9 киши вафот этди
21 май куни ўзбек–қирғиз чегарасида трейлернинг 12 та автомашинага урилиши оқибатида 9 киши вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун соат тахминан 15:30 да Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани орқали Ўзбекистонинг Сўх тумани ҳудудига ҳаракатланиб келаётган, устига бульдозер юкланган, д/р 02 КG 899 РС бўлган трейлер автотранспортининг тормоз ускунаси ишдан чиққан.
Оқибатда, ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, Қирғизистоннинг «Чечме» чегара ўтказиш пункти ва Ўзбекистоннинг «Чашма» чегара ўтказиш пункти орқали рўйхатдан ўтиш учун навбатда турган жами 12 та (2 та Ўзбекистон ва 10 та Қирғизистон) автомашиналарга урилиб, уларга шикаст етказган.
Автоҳалокат оқибатида, бирламчи маълумотларга кўра, 9 нафар фуқаро (шулардан, 1 нафари Ўзбекистон, қолган 8 нафари Қирғизистон фуқароси) вафот этган. Жароҳатланганларга тез-тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида 7 киши жароҳатланган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.