Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

“Uzbekistan airways” ва “Uzbekistan airports”: қандай ўзгаришлар бўлади? 

1249

Президент Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни “Uzbekistan airways” ҳамда “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 ноябрдаги фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси негизида иккита – “Uzbekistan airways” ҳамда “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятлари тузилган эди. Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар қаторида мазкур компаниялар ҳам трансформация қилиниши режалаштирилган. 
Масалан, “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти харажатларини 46,5 миллион долларга қисқартириш ҳисоб-китоб қилинган. Бунинг учун компания ва унинг таркибидаги ташкилотларда иш ўринларини оптималлаштириш, фойдаланилмаётган 12 та самолётни тасарруфдан чиқариш, авиачипталарни хорижда сотиш бўйича агентлар комиссияси фоизини тушириш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, даромадларни йилига 40 миллион долларга кўпайтириш мақсад қилинган. Бунинг учун талаб юқори бўлган шаҳарларга чартер парвозларни ва янги йўналишлар бўйича карго ташувларини амалга ошириш, барча маҳаллий рейсларга онлайн рўйхатдан ўтиш ва жойларни танлаш имкониятини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Янги бизнес стратегиясига кўра, қатновлар гибрид усулга ўтказилиб, тўлиқ хизматлар ва бюджет хизматлар модели бўйича амалга оширилади. Талаб кам бўлган йўналишларда бизнес класс бекор қилиниб, ўриндиқлар сони кўпайтирилади.

Шу йил учинчи чоракдан бошлаб 4 та А-320 самолётида лоукостер, яъни арзон қатновлар ташкил этиш мўлжалланган. Узоқ масофали йўналишларни ривожлантириш учун 3 та А321 NEO LR “ҳаво кемаси”ни лизингга олиш, маҳаллий авиақатновлар сонини ҳафтасига ҳозирги 17 тадан 49 тагача ошириш режалаштирилган.

Йўловчилар учун қулайликларни ошириш мақсадида соҳани рақамлаштириш, жумладан, “Aerolabs” онлайн хизматлар кўрсатиш тизимини ҳамда мижозлар билан ишлашни бошқариш учун CRM комплексини татбиқ этиш кўзда тутилган.

“Uzbekistan airports” акциядорлик жамияти самарадорлигини ошириш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бугунги кунда ушбу жамият таркибида 11 та аэропорт бор ва уларнинг ҳар бири мустақил фаолият юритмоқда.

Тақдимотга кўра, мазкур аэропортларни ягона бошқарув органи тасарруфида бирлаштириш таклиф қилинмоқда. Молиявий барқарорликни ошириш мақсадида, халқаро тажриба асосида, харажатларни 32 фоиздан 15 фоизга тушириш, харидларни оптималлаштриш, аэропорт хизматлари учун йиғимларни 27 фоизга, жумладан, зиёрат туризми доирасида 50 фоизгача камайтириш мўлжалланмоқда.

Даромадларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Тошкент халқаро аэропортида юк терминалини барпо этиб, Европа ва Шарқий Осиё ўртасида транзит ҳажмини ошириш, аэровокзал майдонларини кенгайтириш орқали савдо ва хизматлар тушумини кўпайтириш режалаштирилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Uzbekistan Airways Қозоғистон шаҳарларига парвозларни қайта тикламоқда

554 11:05 14.01.2022

Қозоғистонда таҳсил олаётган  талабалар бугун Тошкентга қайтмоқда

974 20:23 07.01.2022

«Тошкент-3» аэропорти вақтинча ёпилади

1037 16:27 18.08.2021

«Uzbekistan Airways» АЖ томонидан янги рейс очилди

1497 22:05 31.05.2021

Uzbekistan Аirways бир неча авиа йўналишларни бекор қилади

1618 13:30 20.04.2021
« Орқага