Ташқи ишлар вазирлиги жума куни Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида юз берган теракт бўйича баёнот тарқатди.
“Ўзбекистон шу йилнинг 8 октябрида Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида жума намози пайтида кўплаб қурбонларни келтириб чиқарган террорчилик ҳаракатини кескин қоралайди.
Бундай зўравон ҳаракатлар Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ва миллий келишувни ўрнатишга тўсқинлик қилади.
Ўзбекистон ҳукумати ушбу ғайриинсоний ҳужумда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор этади”, – дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Қудуз шаҳридаги “Саибобод” масжидида жума намози пайтида худкуш ҳужумчининг ўзини портлатиб юбориши оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди.