Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида олиб борилаётган ҳамкорлик борасида Ислом Тараққиёт Банки Президенти Доктор Муҳаммад Ал Жассер шундай фикр билдирди.
«Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки гуруҳи бошқарув кенгашининг 2021 йилги йиғилишларини Ўзбекистон Республикасининг гўзал пойтахти Тошкентда ўтказиш шарафига муяссар бўлдик. Мен ҳар йили ўтказиладиган йиғилишларнинг максимал муваффақиятини таъминлаш учун ИТБ Гуруҳи ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги намунали ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришдан хурсандман.
Бу йилги тадбир – Банк ва кўп тарафлама тараққиёт банклари даражасида юзма-юз ўтказиладиган биринчи йиллик йиғилиш. Ҳамма умид боғлайдиган учрашув, COVID-19дан кейин «янги норма» сари дадил қадам бўлмоқда», — деди Доктор Муҳаммад Ал Жассер.
Ўзбекистон ИТБ гуруҳининг муҳим аъзоси бўлиб, унинг субъектлари мамлакатнинг инклюзив ва барқарор ривожланишида фаол рол ўйнаган. 2003 йилдан бери ИТБ гуруҳи Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги, молия, соғлиқни сақлаш, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларга 2,4 млрд. АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган.
Нурбек Ғофуров
Azon.uz мухбири