Ўзбекистонда С1 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга рус тили ўқитувчиларига қўшимча ҳақ тўлаб берилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
2022 йил 19 январда Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорнинг 11-бандига кўра, C1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб икки йил давомида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда устама тўлаш тартиби 2022 йил 1 февралдан бошлаб жорий этилиши белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасалар (синфлар)да фаолият юритаётган, камида C1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўлаб берилади.
Бунда рус тили бўйича ТОРФЛ халқаро сертификатининг C1 даражаси, «ТРКИ»нинг «ТРКИ 3» ва C 1 даражалари ҳамда CEFR’нинг C1 даражадаги сертификатлари ўзаро мувофиқ ҳисобланади.
Ушбу устамалар ўз вақтида тўлаб борилишини таъминлаш бўйича ҳудудий халқ таълими бўлинмаларига вазирликнинг кўрсатмаси берилган.