Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбекистонда ёшларга диний таълим бериш мумкинми ёки руҳоний бўлишни истамаганлар маърифатни қаердан ўргансин?

3512

Ўзбекистон қонунчилигида фақатгина диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари(!) руҳонийлар (!) ва ўзларига зарур бўлган (!) диний ходимлар (!) тайёрлаш учун диний ўқув юртлари (!) тузишга ҳақли эканлиги кўрсатилган (9-модда). 

Ушбу модда бир қанча саволларни очиқ қолдиради:

  1. Нима сабабдан фақатгина диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органларигина бундай ҳуқуққа эга.  Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органи дейилганда, масалан ислом динини тамсил қилувчи ягона ташкилот - Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳисобланади (билишимча). Қолган динлар фақат хориж ўқитилган руҳоний олиб келадими? Бу манфаатимизга зид эмасми?
  2. Нима сабабдан диний ўқув юртлари фақатгина руҳонийлар ва диний ташкилотларга зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учунгина тузилади? Руҳоний бўлишни ва диний ташкилотда ишлашни режалаштирмаган Ўзбекистон фуқаролари ҳеч қанақасига диндан таълим олиши мумкин эмасми? Шунинг ўзи виждон эркинлиги бир томондан таъминланиб турганда, иккинчи томондан эътиқод қилинадиган нарсани ўрганишни ман қилиб турмаяптими?

Қонунда олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилиниши белгиланган (9-модда). Мана шу модда асосан балоғатга етмаган ёшларга диний таълим берилмаслигига сабаб қилиб кўрсатилади. Аммо бу бандда фақатгина олий ва ўрта диний ўқув юртлари ҳақидагина гап бораяпти.

Ваҳоланки Ўзбекисон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунида (7-модда) мактабгача таълим ва тарбия; умумий ўрта ва ўрта махсус таълим; профессионал таълим; олий таълим; олий таълимдан кейинги таълим; кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш; мактабдан ташқари таълим каби таълим турлари кўрсатилган.  

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳамда Диний таълим муассасаларини лицензиялаш тўғрисидаги қонунчиликда Олий ва ўрта диний ўқув юртларидан бошқа, масалан кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мактабдан ташқари таълим кўринишдаги диний таълим турлари йўлга қўйилиши тақиқланмаган.  

Қонунчиликнинг энг нозик нуқтаси, унда "диний таълим" тушунчаси нимани қамраб олиши аниқ кўрсатилмаганидадир.  Қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик диний таълим деб баҳоланиши ва уни ким қаерда қайси шаклда бериши мумкинлиги аниқ белгиланмаган. Қонунчиликда эса фақатгина диний таълим муассасалари (диний ўқув юртлари)нинг фаолиятини лицензиялаш ва ундаги таълим тартиби белгиланган. 

Шу ўринда савол туғилади: Диний ўқув юрти бўлмаган муассасаларда, масалан масжидларда имомлар томонидан ташкил этилган суҳбатлар, маъракадаги амри маъруфлар, хутбалар, фатволар ва диний ибодатларни амалга ошириш бўйича йўл-йўриқ ва кўрсатмалар диний таълим сифатида баҳоланадими? 

Агар бу ҳатти-ҳаракатлар диний таълим сифатида қаралса, демак масжидлар диний таълим муассасалари (диний ўқув юртлари)нинг фаолиятини лицензиялаш тартибини бузиб келаётган ҳисобланади. 

Агар диний суҳбатлар, хутбалар, фатволар ва йўл-йўриқ ва кўрсатмалар диний таълим деб ҳисобланмаса, демак барча фуқаролар томонидан амалга оширилган бундай ҳаракатлар диний таълим деб ҳисобланмаслиги керак. 

Хўш диний таълим тушунчаси нима? Диний таълим деб қайси диний фанларни қандай шартларда ўқитишга айтилади? Араб тилини, ёзувини ўрганиш диний таълимми? Арабча ёзувларни овоз чиқариб ўқиш-чи? 

Шуниси аниқки, қонунда хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилган. Юқоридаги масжидларда имомлар томонидан берилаётган таълим "хусусий" бўлмагани учун қонунни бузмаяпти, ўқув юрти бўлмагани учун фаолияти лицензияланмаяпти, дейилса. Хўш ўша масжиднинг таъсисчилари унда кимлар? 

Ҳар қандай диний ташкилотлар, жумладан масжидлар ҳам, ўзининг таъсисчиларига эга. Ана ўша таъсисчиларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатларда белгиланиб қўйилади.

Буни айтаётганимнинг сабаби, модомики масжидлардаги маъруза, суҳбат, йўл-йўриқ ва кўрсатмалар "диний таълим" деб баҳоланмас экан, демак ўша масжидларнинг таъсисчилари ҳам бу борада керакли ваколатга эга бўлиши мумкин. 

Агар масжидлардаги суҳбат ва имомнинг маърузалари "диний таълим" деб баҳоланса, қонунга мувофиқ улар лицензияланиши ва диний таълим фақатгина руҳонийларни тарбиялаш ва ўзларига зарур бўлган кадирларни тайёрлаш учунгина ташкил этилиши мумкин эди-ку? 

Нимага диний таълим масжид қавмига, яъни фуқароларга омматан берилаяпти? Бу қонунчиликнинг бузилиши эмасми, деган савол пайдо бўлади.

Масаланинг яна бир жиҳати, Ўзбекистон мусулмонлари идораси нодавлат нотижорат диний ташкилот ҳисобланади. 

Нодавлат ташкилотларнинг қарорлари фуқароларга мажбурий ҳисобланмайди. "Виждон ва эътиқод эркинлиги" мана шу ерда кафолатланади. Яъни ҳеч бир нодавлат ташкилот, яъни Ўзбекистон мусулмонлари идорасими, ёки Ўзбекистон Библия жамиятими, Кришначилар ташкилотими, фуқароларнинг эътиқодига таъсир кўрсатиши, уларни у ёки бу маънода мажбурлаши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам улар нодавлат ташкилот ҳисобланади. Аксинча, қонунан, нодавлат ташкилотлар ўзининг таъсисчилари (масжидлар қавми) ва аъзолари олдида ҳисобдор саналади. 

Шу ўринда айтиш керакки, Дин ишлари бўйича қўмита (диний қўмита) ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси (диний идора) алоҳида ташкилот ҳисобланади. Диний қўмита давлат ташкилоти бўлиб, дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлашга масъул ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Узун постнинг қисқаси, Ўзбекистонда диний эътиқодларнинг асосини тизимли ўрганиш йўлга қўйилмас экан, фарзандларга мактаб ёшиданоқ (мактабдан ташқари таълим тури сифатида) диний билимлар олишга Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жидду-жаҳд кўрсатилмас экан, Ўзбекистон мусулмонлари ахборот технологиялари ривожланган даврда "таълимни", аслида "ютуб суҳбатлари"ни ташқаридан олаверади. 

Маърифатни ўзимиз берсам эканмиз, маърифат ташқаридан берилади. Ундан кейин масжидларда "омийнни жаҳрий айтманг" деб қанча бақирилса ҳам фойдаси бўлмайди, балки "нодавлат ташкилотининг буйруғига амал қилишга мажбур эмас, истаганимизни қиламиз"  деган жавобни олиш ҳам ҳеч гап эмас.

Хўш нима қилиш керак? 

Агар масжидлардаги суҳбатлари "диний таълим" деб баҳоланмас экан, юртимизда фаолият юритаётган кўзга кўринган уламоларга шундай суҳбатларни масжидларда мунтазам олиб боришга имкон яратилиши керак. 

Агар бундай суҳбатлар "диний таълим" деб баҳоланса, Таълим тўғрисидаги Қонунга мувофиқ, мактабгача, мактабдан ташқари, малака ошириш тарзидаги таълим муассасаларини ташкил этган ҳолда маърифатни таратишга бел боғлаш керак. Зотан жаҳолатга қарши фақат маърифат билан курашиш мумкинлигини англаганимизга ва бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясидан бутун дунёга хитоб қилганимизга ҳам тўрт йил бўлди.

Акс ҳолда-чи? Акс ҳолда, қуйидаги расмда кўрсатилганидек, юртимиздаги ҳар қандай уламо Буюк Британия, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Туркия, Россия каби мамлакатларда диний илмий-тадқиқот марказларини очиши ва ўша муассаса номидан Ўзбекистондан туриб онлайн таълимни йўлга қўйиши мумкин.

Умуман олганда ҳар қандай Қонун ва қоғозлар биринчи навбатда халқ манфаатлари йўлида хизмат қилиши керак. Бугунги кундаги манфаатимиз жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш экан, ўзимиз яхши ўрганиб тушунмаган қонундан ҳадиксираб жим ўтиришимиз фақат ўзимизга зиён. Чунки юқорида айтилганидек, агар маърифатни сиз тарқатмасангиз, интернет тарқатади.

Интернет тарқатган маърифат эса, қўштирноқ ичида бўлиши ҳам мумкин.

Расмда Буюк Британияда Отабек Шукуров томонидан ташкил этилган Мотуридий институти веб саҳифаси келтирилган. Ушбу институт диний йўналишда қатор курсларни онлайн тақдим этиб келмоқда.

 

Саид Комил Холхўжа

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим ҳақида қайғуришдан фойда борми?

983 18:00 29.07.2021

Олий диний таълим муассасаларига кириш имтиҳони саналари эълон қилинди

841 12:15 18.07.2021

Биз англай олмадик...

4108 22:55 07.07.2021

Канадада юзлаб болалар қабрлари топилгандан сўнг черковлар ёндирилмоқда

3592 14:45 27.06.2021

“Мубашшир Аҳмад домла долзарб мавзуни кўтариб чиқдилар!”

2323 20:45 26.06.2021

Дин ишлари бўйича қўмитанинг муносабатига жавоб

7211 16:11 25.06.2021
« Орқага