Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси Ўзбекистонликларнинг ҳарбий хизматга чақирилиши ҳақидаги кенг тарқалган хабарлар бўйича расмий баёнот берди.
«Сўнгги пайтларда айрим ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳарбийларининг хорижий давлатлар армиясига жалб қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Шу муносабат билан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 125-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, унинг аҳолиси хавфсизлиги ва тинч-осойишта ҳаётни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилади.
Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келиши мумкин бўлган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланади.
Юқорида айтилганларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси, шу жумладан Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари мамлакатдан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашмайди. Ўзбекистонда хорижий давлатлар томонидан ҳарбий хизматга чақирув бошлангани ҳақидаги кенг тарқалган ёлғон маълумотларнинг ҳақиқий асоси йўқ».