Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

“Ўзбекистоннинг ёрдами Афғонистонда очарчиликнинг олдини олишга хизмат қилади”

858

2021 йил 23 декабрь куни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг инсонпарварлик юкларини биродар Афғонистон халқига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ун, гуруч, шакар ва бошқа озиқ-овқатлар, биринчи навбатдаги зарурий товарлар, кийим-кечаклар, тўқимачилик маҳсулотлари, умумий оғирлиги 4 минг тоннадан зиёд кўмир ёқилғисидан иборат ушбу инсонпарварлик ёрдами ўзбек халқининг Афғонистонга кўрсатган навбатдаги хайрихоҳлиги бўлди.

Маросимда сўзга чиққан Афғонистон Муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Аббос Станикзай мамлакат учун оғир дамларда кўрсатилаётган доимий эътибор, қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бутун афғон халқи номидан чуқур миннатдорлик билдирди.

Афғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига Ўзбекистон раҳбари биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани, унинг сиёсатини кўп миллатли Афғонистон халқи чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг чинакам ифодаси сифатида қаралаётгани алоҳида таъкидланди.

Аббос Станикзай афғон халқи Ўзбекистон раҳбарининг биродарлик муносабатини доимо ҳис қилиб келганини, шу боис мамлакатнинг янги ҳокимият идоралари яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш учун барча имкониятларни ишга солишини, шунингдек, ўз ҳудудидан қўшни давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга ҳеч қандай таҳдидларга йўл қўйилмаслигини билдирди.

Балх вилояти ҳокими Қудратилла Абу Ҳамза мазкур инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида кўрсатилаётгани, айни қиш фаслида афғон халқи учун алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу икки биродар халқ ўртасидаги чуқур тарихий ва маънавий алоқаларнинг яна бир далилидир.

Маросимда сўзга чиққан Афғонистон жамоатчилиги вакиллари, жумладан, этник ўзбекларнинг таниқли арбоблари яна бир бор ўзлари учун энг оғир ва синовли дамларда эҳтиёж ва интилишларини ҳеч қачон унутмаган, афғон халқининг ҳамиша ҳақиқий дўсти бўлиб қолган Ўзбекистон раҳбарига мислсиз ёрдами учун яна бир бор самимий миннатдорлик билдирдилар.

Уларнинг фикрича, Ўзбекистон томонидан кўрсатилган бу ёрдам аслида мамлакатда оммавий очарчилик, оғир гуманитар ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга хизмат қилади.

Тадбир давомида ўзбекистонлик ошпазлар томонидан ўзбек палови пиширилиб, барча йиғилганлар, шунингдек, Афғонистон жамоатчилигининг кўплаб вакилларига тортиқ қилинди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари бир-бирларини байрам билан табриклади

200 21:43 05.07.2022

Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига қандай ташқи кучлар раҳна солмоқда?

723 21:30 05.07.2022

Ҳаж зиёратида юрган Баҳодир Жалолов қорақалпоқ халқига мурожаат йўллади  

448 21:15 05.07.2022

Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали мулоқот қилди

488 21:07 05.07.2022

Ўзбекистон ТИВ Термиздаги ҳолат бўйича баёнот берди

1464 20:22 05.07.2022

Илихон

165 20:15 05.07.2022
« Орқага