Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Ўзбеклар иши»

3476

2018 йил 16 апрель куни Россия Федерацияси Қуролли Кучлари «ЗВЕЗДА» телерадиокомпаниясининг «Загадки века с Сергеем Медведевым» дастурида «Пахта иши» мавзусига оид кўрсатув намойиш этилди. Ушбу кўрсатув ўзбек халқига қарши уюштирилган ёлғон-яшиқ уйдирмалар кампанияси билан боғлиқ навбатдаги қадам бўлди.

Бундан олдин эса Ўзбекистоннинг «Ёшлар» телевидениеси томонидан «Куч адолатда» номли ҳужжатли фильм намойиш этилганидан сўнг, ўзбек халқига қарши содир этилган жиноятларнинг асосий ижрочиси Тельман Хоренович Гдлян 2016 йил 8 сенябрь куни «Озодлик» радиосига интервью бериб, ушбу таҳририятнинг ўзбек хизмати билан тил бириктирганча, ўзбек халқига зўр бериб туҳмат қилди.

Тинч-тотув яшашни истаган одамлар ўтмишда бўлиб ўтган ишлар учун жавобгар эмаслигини ақлан соғлом бўлган ҳар қандай киши тушунади, албатта. Ўқитувчи, муҳандис каби оддий одамлар дунё давлатлари ўртасида дўстона муносабатлар йўлга қўйилиб, турли халқлар ва элатлар орасида ўзаро ҳурмат, муҳаббат, эзгуликка интилиш муҳити ҳукм суришини хоҳлайди. Айни вақтда, ўтмиш ҳодисалари қандай оқибатлар ила якун топганини унутмаслик, жаҳонда бугунги кунда кечаётган ҳодисаларга бепарво, лоқайд бўлмаслик керак.

Ўзбекистонда алғов-далғовлик, ўзбошимчалик муҳитини қарор топтиришга уринган Т. Х. Гдлян ва бундай ҳаракатнинг бошқа иштирокчилари яқин ўтмишда бутун ўзбек халқига қарши содир этган ўз жирканч жиноятларини ниқоблаш мақсадида Россия ОАВ орқали бугунги кунда ҳам чиқишлар қилиб, юртимизга қарши фитна чиқариб, табиатига хос ғаламис ишлари билан мунтазам равишда, тиним билмай шуғулланиб келишмоқда. Уларнинг қилмиши икки давлат ўртасида йўлга қўйилган алоқаларга зимдан қаршилик кўрсатишдан ўзга нарса эмас. Ўзбекистон ва Россия Федерацияси стратегик шерик ҳисобланиб, тенг шериклик тамойили асосида қурилган ҳамкорлик ва халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни юқорида баён этилган гдлянча усуллар воситасида мустаҳкамлаб бўлмайди. Республикамиз жамоатчилиги бир нарсани тушунолмай ҳайрон бўлмоқда: ўзбек халқига қарши қаратилган бундай ҳақоратомуз ахборот хуружларига қачон барҳам берилади? Ҳатто оддий одамлар ҳам гдлянчилар гуруҳи томонидан кўзланган асл мақсадларни аллақачон фаҳмлаб бўлишгану, ахир?!

1983 йилдан 1989 йилгача ўтган олти йил давомида Т. Гдлян раҳбарлигидаги гуруҳ Ўзбекистонда тергов фаолиятини олиб борар экан, ўзбек халқини даҳшатга солиш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб мансабдор шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол этганча, ғайриқонуний ҳибсга олиш, уларнинг айбсиз фарзандлари-ю рафиқаларини ҳам қамоққа ташлаш билан шуғулланди, иши тергов қилинаётган одамлар ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказилган бир неча ҳолатларга қайд этилди.

Коммунистик партиянинг Ўзбекистондаги раҳбарларига нисбатан сохта ҳужжатлар асосида қўзғатилган жиноий ишлар бўйича амалга оширилган тергов ҳаракатлари жараёнида Т. Гдлян бошқарган гуруҳ амалдаги қонун талабларини қўпол равишда бузиб борди. Кейинчалик ушбу фактлар Совет Иттифоқи Прокуратураси бошқармаси бошлиғи В. И. Илюхин томонидан Т. Гдляннинг Ўзбекистондаги жиноий қилмишлари юзасидан тергов ишларини амалга оширган гуруҳ раҳбари сифатида исботлаб берилди.

Бунда қуйидаги ҳолатлар аниқланди:

1. Ўзбекистонда қўзғатилган жиноий ишларни тергов қилиш давомида Т. Гдлян ва унинг раҳбарлигидаги тергов гуруҳи амалдаги қонун талабларини қўпол равишда бузган, гуруҳ таркибида оммавий зўравонликка қўл урган, Ўзбекистон халқининг ор-номуси, қадр-қимматини таҳқирлаган.

2. Жиноят-процессуал меъёрлар ва Совет Иттифоқи Бош прокурорининг буйруқларида баён этилган талаблар шахсан Т. Гдлян ва унинг раҳбарлигидаги тергов гуруҳи томонидан писанд қилинмаган. Ушбу ҳолат айбсиз фуқароларни ғайриқонуний равишда ҳибсга олиш, қамоқда сақлаш, конституциявий ҳуқуқларини чеклаш, ҳеч бир асоссиз жиноий жавобгарликка тортиш каби  оғир оқибатлар ила якун топган.

Ўтган асрнинг 80- йилларида Ўзбекистон халқининг ижтимоий ҳолати қишлоқ хўжалигидаги пахта яккаҳокимлиги туфайли ниҳоятда мушкул аҳволга тушиб қолди. Республикамиздаги суғориладиган ерларнинг 65 фоизида фақат пахта экилди. Кремлнинг кўрсатмасига кўра ҳар йили ўзбек қишлоқларида яшайдиган аҳоли пахта экиб, ҳосилини арзимас пулга топшириб боришди. Москванинг нокаслари эса ушбу пахтани дунёнинг 34 та давлатига валютага сотди. Пахтадан ташқари, Ўзбекистон Совет Иттифоқида олтин чиқариш бўйича иккинчи ўринни эгаллаб келган. Ушбу олтиннинг бирор мисқоли ҳам Ўзбекистонда қолдирилмай, совет империясининг ғазнасига ташилди. Ўзбек халқи совет режимининг марказига ҳар йили 50 тоннадан олтин ёмбиларини топшириб борди. Юртимизнинг йиллик даромади эса 80- йилларда атиги 20 – 21 миллиард сўмни ташкил этган.

Асл металлар таркиби бўйича Навоий вилоятидаги Мурунтов олтин конини жаҳондаги энг бой конлар жумласига киритиш мумкин. Таркибида олтин бўлган руда захираси, олтин сифати, уни қазиб чиқариш рентабеллигига кўра Ўзбекистон жаҳоннинг пешқадам давлатларидан бири саналади. Мурунтов тоғ-бойитиш комбинати ўз қуввати ва технологияси бўйича дунёда ягона корхона бўлганча қолмоқда. Олтиндан ташқари, Ўзбекистонда мис, асбест, корунд, графит, феруза, гранит, оҳактош турлари, бентонит, кўмир, нефть, газ кабилар қазиб чиқарилади. Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон, ўз вақтида Совет Иттифоқи ғазнасига анчагина даромад келтирди.

Ер усти ва ер ости бойликларимиз кўплигига қарамай, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси совет режими даврида ўта ачинарли аҳволга тушиб кетган. Ўзбекистон қишлоқларида тўланган энг кам иш ҳақи суммаси Совет Иттифоқи таркибига кирган 15 та республика орасида энг кам миқдорда бўлган. Совет Иттифоқининг бошқа минтақаларида қишлоқ аҳолисига тўланадиган энг кам ойлик иш ҳақи 75 сўмни, Ўзбекистонда эса ўртача 59,4 сўм ташкил этган. Бироқ статистик хўжакўрсинчиликларда эса совет қишлоқларининг аҳолиси ўртача 91,5 сўм миқдорда ойлик олиши кўрсатиб борилган. 

Ўтган асрнинг 80- йилларида умумиттифоқ миқёсидаги савдо-сотиқ ҳажмига, аҳоли жон бошига истемол қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (гўшт, сут, ёғ, тухум, мева, сабзавот ва ҳ.) ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳажмига нисбатан Ўзбекистон халқи истеъмол қилган маҳсулот ҳажми 1,5 – 2 баробар кам бўлган.

Ўзбекистон алоқа хизмати турлари (почта, телеграф, телефон хизматлари) бўйича 15- ўринни эгаллаган, аҳолига маданий хизмат кўрсатиш бўйича 14- ўринда бўлган, аҳолини турар-жой билан таъминлаш, транспорт хизматини ҳавола этиш бўйича 13- ўриндан кўтарилмаган. Юртимиз аҳолисини ижтимоий жиҳатдан қолоқ аҳволга туширгани камлик қилгандай, Кремль ўзбек халқининг раҳбар кадрларини йўққа чиқаришга аҳд қилиб, «тажриба» ижросига киришди. Гарчи Совет Иттифоқи таркибига 15 та республика кирган бўлиб, уларнинг ҳар бирида коррупция, қариндош-уруғчилик, кўзбўямачилик гуркираб ётган бўлса-да, совет режимининг маркази намойишкорона «бош чопиш» тадбирларини айнан Ўзбекистонда амалга оширди.

1983 йилнинг февралида Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг Сиёсий бюроси ўзининг «Ўзбекистондаги пахтачиликда йўл қўйилган суиистеъмолликни тергов қилиш тўғрисида» деб номланган тамтароқли қарорини қабул қилиб, Совет Иттифоқи Бош прокуратураси олдига тергов комиссиясини тузиш, ушбу комиссиянинг унумли фаолиятини йўлга солиш вазифасини қўйди. Сиёсий бюро томонидан ушбу комиссияга кенг ваколат берилди. Зудлик билан ўзбек халқига қарши жазо кампанияси уюштирилиб, Тельман Хоренович Гдлян исмли биров танимайдиган шахс ушбу тадбирга раҳбар этиб тайинланди. Кейинчалик «Ўзбеклар иши»га айлантирилган ушбу «Пахта иши»нинг дастабки ташаббускори Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлиги қўмитасининг раиси Л. Н. Мелькумов, жазо кампаниясининг ижрочиси Т. Гдлян, унинг ўринбосари ва яқин одами Альберт Карташян бўлгани, Совет Иттифоқи Покуратурасининг ички ишлар органларида олиб борилаётган тергов ва суриштирув ишлари устидан назорат бошқармаси бошлиғи Г. П. Каракозов эса уларнинг ҳимоясини таъминлагани бугунги кунда ҳаммага маълум.

Совет Иттифоқи раҳбарияти этник арманларга асосан мусулмонлар яшайдиган республикамизнинг деярли барча амалдор шахслари ва уларнинг оилаларига нисбатан оммавий тергов олиб боришга ижозат бериб стратегик хатога йўл қўйгандир балким? Маънан соғлом киши учун миллатнинг ёмони бўлмайди. Бу инсон психикасининг ҳаммага маълум жиҳати ҳисобланади. Бироқ ўзбек миллатига қарши жиноятлар нима учун ёки қандай мақсадда содир этилган? Кремлда ўтирган қари маразматикларнинг одатий хатоси бўлганми бу ёки бошқариладиган алғов-далғовликни юзага келтириш мақсадида қўлланилган олдиндан режалаштирилган сиёсий технологиянинг кутилган натижаси бўлганми? Совет Иттифоқи гирифтор бўлган сиёсий ҳалокат сабаблари чуқур таҳлил қилинса, ушбу саволларга жавоб топиш мумкин.

Олдиндан ишлаб чиқилган сценарийга мувофиқ Кремль Совет Иттифоқининг барча бурчакларидан жалб этилган терговчилардан иборат бутун бошли жазо армиясини тузиб, Ўзбекистонга юборди. Хусусан, Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги қўмитасининг 3 минг 400 нафар тезкор ходими ҳамда 700 кишидан зиёд ҳисобчи ва иқтисодчилар ушбу жазо армиясини ташкил этди. Деярли 5 минг жаллод Кремль назорати остида ўзбек халқининг «бошини танасидан жудо қилиш» ишига киришди.

1983 йили Ўзбекистонда мансабни суиистеъмол қилганда айбланган 22 минг киши қамоққа ташланди (айрим маълумотларга қараганда, ғайриқонуний қамоққа олинганлар сони 27 минг кишидан ошди). Кейинчалик «Ўзбеклар иши»га айланган «Пахта иши» совет «ёвузлик империяси» ҳалокатга учрашидан олдин бутун иттифоқ бўйлаб шу тариқа дув-дув гап бўлди.

Вилоят партия қўмитаси котиблари, Ўзбекистон КП Марказий қўмитаси котиблари, Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси, Ўзбекистон Ҳукумати раиси, барча ўринбосарлар, ички ишлар генераллари қамоққа тиқилди. Ўзбекистон пахта тозалаш саноати вазири отиб ташланди. Ўлим жазоси кенг татбиқ этилди. Аксарият ўзбек оилалари гдлянчилар тўдасининг фаолияти оқибатида ҳеч бир айбсиз жабр кўрди, ўзбек халқи том маънода бошсиз қолди.

1989 йилга келиб амалдор шахсларнинг 58 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилди. Судланганлар орасида 10 нафар Социалистик Меҳнат Қаҳрамони ҳам бўлган. Ўзбекистон ва Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирликларининг 29 нафар раҳбар ходими, Ўзбекистон ССР КП МҚнинг 4 нафар котиби пора олишда айбланиб, судланди. КПСС МҚ номенклатурасига мансуб 172 нафар ходим, Ўзбекистон КП МҚ номенклатурасига мансуб 1813 нафар ходим ўз лавозимидан ғайриқонуний равишда четлатилиб, жиноий жавобгарликка тортилди. Улар орасида 52 нафар вилоят партия қўмитаси котиби (65 нафардан), 408 нафар шаҳар ва туман партия қўмитаси котиби бўлган. Уларнинг бари Ўзбекистон раҳбариятининг 70 фоизини ташкил этган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларини гдлянчасига қамоққа тиқиш усуллари кенг тус олгач, Ўзбекистонда бандитизм гуркураб, жиноий тўдалар фаолияти авж олди. Ўша йиллари Ўзбекистонда 308 та қуролли йўлтўсарлик ҳолати, 1406 та талончилик ҳолати, 5101 та уй ўғирлиги қайд этилди. Ўзбекистонта «Нарик Ташкентский» лақабли Нарек Мамиконович Каграманян жиноятчи бошчилигидаги мафия фаолият бошлади. Тошкент марказида 70- йиллардан буён бутун бошли мафия тўдаси ўз қилмишларини қилиб юрган бўлса, Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлиги қўмитасининг ўша даврдаги забардаст раиси Л. Н. Мелькумов қаёққа қараган экан? Жиноятчи тўданинг «олампаноҳи» Л. Н. Мелькумовнинг шахсан ўзи бўлмаганмикан?

Кремль билан Лубянкадаги хизмат хоналарида ишлаб чиқилган бўлиб, Москванинг қўлга ўргатилган «занжирбанд итлари» томонидан Ўзбекистонда ижро этилган қатор фитналарнинг кульминацияси – 1989 йилнинг ёзида Фарғона вилоятидаги маҳаллий аҳоли билан месхети турклар ўртасида уюштирилган биродаркушлик мажороси бўлди.

Фарғона фожиасига ўхшаш ҳодисалар 1989 йилнинг май ойидан 1990 йил охиригача Ўзбекистоннинг кам деганда еттита вилоятида уюштирилиб, Тожикистоннинг қўшни ҳудудларига ҳам дахл қилди. Фарғона вилоятида рўй берган фожиа сабаблари батафсил ўрганиб чиқиладиган бўлса, анча мураккаб манзара очилади. Расмий мазмунига кўра, буни миллатлараро тўқнашув деб ҳам бўлмайди. Чунки дастлаб Ўзбекистон ССР КП Фарғона вилоят қўмитаси ва Қўқон шаҳар қўмитаси бинолари олдида оммавий митинглар ўтиб, унда одамлар амалдаги ҳукуматга ижтимоий мазмунга эга эътирозлар билдиришган. Хусусан, ушбу митингларда экологик вазиятнинг аянчли аҳволи ҳақида гап бориб, Янги Қўқон кимё комбинати ва экологияни бузаётган бошқа корхоналар фаолиятини тўхтатиш талаб қилинган, пахтанинг харид баҳоси ўта пастлиги ва шу каби бошқа ижтимоий муаммолар кўтарилган. Бироқ Кремлнинг моҳир қўли митингга чиққанларнинг ғазабини ўз биродарларига қарши йўналтириб юборган.

Кремль ғаламисларининг асл мақсади ўзбекларни қоралаб, биродаркушликда айблаш усули ила совет халқининг диққат-эътиборини ўша даврда ниҳоятда долзарб тус ола бошлаган ижтимоий-иқтисодий муаммолардан чалғитиш бўлган. Улар миллатлар ўртасида қонли можаро бошлаб, қисман бўлса ҳам ўз  мақсадларига эришишди. Хусусан, Кремль тарғиботчилари томонидан аҳмоқ қилиниб, онги заҳарланган оддий совет фуқаролари ўзбекларни миллатчиликда айблаб, халқимизга қарши кампания бошлаб юборишди. Оқибатда Совет Иттифоқининг жамики ҳудудида ўзбекларга нисбатан адоватли муносабат қарор топди.

М. Горбачёвнинг «қайта қуриши» авжига чиққан маҳалда совет телевидениеси, радиоси, газета ва журналларининг ёш журналистлари Т. Гдляннинг қилмишига таянган ҳолда «комсомолча шижоат-ла» Ўзбекистоннинг гўёки талаб юборилган халқ бойликлари ҳақида турли туман хабарлар бериб боришди. Мана шунга ўхшаш тарғибот васвасаси оқибатида Совет Армияси сафларида ҳарбий хизмат ўтаётган кўплаб ўзбекистонлик йигитларни ўз хизматдошлари уриб ўлдиришди, майиб-мажруҳ қилишди. Кремль бошлаган Афғон урушида (1979 – 1989 йиллар) шундоқ ҳам кўплаб ўзбекистонлик йигитлар Ватанга ногирон бўлиб ёки аскар тобутига жойланиб қайтишаётган эди. Энди эса тобутлар Совет Иттифоқининг турли бурчакларидан оқиб кела бошлади. Буларнинг бари ўзбек халқини ўғрига чиқарган Т. Гдляннинг жиноий қилмишлари оқибатида юзага келган ҳосила бўлиб, ўзбек миллати совет фуқароларининг тасаввурида ўғри, порахўр, биродаркуш, миллатчи халқ сифатида гавдаланишига олиб келди.

Ўтмиш борасида мулоҳаза юритиш, юртнинг бугунги мустақиллигини англаб етиш инсонга ўз иши, сўзи, фикр-мулоҳазасида шахсий эрк ҳавасини уйғотади ва шунинг учун ҳам киши тарихни ўрганади. Бинобарин, совет жаҳолатпарастлиги даврида халқимиз бошига тушган ўша фожиа кўламини теран англаб, тўлиқ тушуниш керак.

Совет режимининг Фавқулодда комиссияси, Ички ишлар халқ комиссариати, Давлат хавфсизлиги қўмитасининг (рус. ЧК, НКВД, КГБ) тарихидан маълумки, қатағон ва зўравонлик советлар юртида ҳукм сурган одатий ҳол бўлган. «Қизил террор»дан бошлаб, 1918 йилдан 1935 йилгача большевиклар юрт эрки ва мустақиллиги учун курашган, номлари романларимизу, ривоятларимизда достон бўлган миллий қаҳрамонларимизга «басмач», «бандит» тамғасини босганча қириб келишган. «Қизил террор» ўтгач, «Катта террор» бошанди. Хусусан, 1937 йилдан 1953 йилга қадар миллат зиёлиларига «контрреволюционер», «пантюркист» тамғаси босилиб, сталинчи кўппаклар томонидан олиб борилган қатоғон сиёсати даврида йўқ қилинди. Ушбу қирғин-барот орасида эса 1941 – 1945 йилларда ўтган Иккинчи жаҳон уруши давомида кўпдан кўп миллий кадрлар йўқотилди. Большевикларнинг соғлом ақлга тўғри келмайдиган новациялари оқибатида кўп миллатли совет халқи кўп жабр кўрди.

1925 йили Коммунистик партия Марказий қўмитасининг 18 нафар аъзоси Троцкий учун ариза берган. «Троцкист»лар тамғаси босилиб «18 кишили гуруҳ» номи берилган ушбу гуруҳ ҳибсга олиниб, кўп ўтмай отиб ташланган. Шундан сўнг, нафақат Совет Иттифоқи ҳудудида, балки бутун дунёда қидирилган «троцкист»лар гўё Ўзбекистонда ҳам топилган. Ўша даврда Ўзбекистон КП МҚнинг матбуот бўлими мудири, Ўзбекистон ССР Маърифат масалалари бўйича халқ комиссари Раҳим Иноғомов ўз тарафдорлари билан бирга ҳибсга олинди. «Большевикларнинг минтақамизда амалга ошираётган сиёсатини мустамлакачилик сиёсатига тенглаштирса бўлади», — дея биринчи бўлиб баёнот қилган мансабдор шахс айнан Раҳим Иноғомов бўлади. Унинг атрофидаги одамлар доирасига ўрис босқинчилари томонидан «иногамовщина» тамғаси босилиб, қатағон қилинди. Ушбу масала борасида Сталиннинг тегишли кўрсатмаси ҳам бўлган. «Троцкийга тарафдор эмасми, демак уларни тарафдор сифатида «тайинлаш» ва қолганларга даҳшатли сабоқ бўлиши учун жазога тортиш» – Сталин йўллаган ўша кўрсатманинг асосий мазмуни бўлган. Террор сиёсатидан ўзга нарса эмас-у, бу!

1929 йили буюк маърифатчи Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳибсга олинди. У билан бирга «Миллий истиқлоол» ташкилоти аъзолари ҳам пантуркизм, аксилинқилобчилик, чет эл манфаатларида амалга оширилган жосуслик каби совет айблаш «шодаси» билан айбланиб, қамоққа ташланди.

1930 йил 1 февралдан 25 февралгача Ўзбекистон бўйича колхоз тузилишига қарши 33 та намойиш ўтиб, унда 14 минг 170 нафар деҳқон иштирок этди, 25 февралдан 17 мартгача ўтган бундай эътироз иштирокчиларининг сони 42 минг 743 кишига етди. Большевиклар томонидан олиб борилган сиёсат натижасида деҳқонларимизнинг 40 минг нафари қулоқ қилинди, улардан қарийб 32 минг нафари қатағон қилинди.

Совет қамоқхоналарига 5 минг 758 нафар ўзбек ёзувчилари, журналистлари, жамоат арбоблари ташланиб, улардан 4 минг 811 нафари отиб ташланди.

Ўша йили Давлат банки ходимларини қатағон қилиш жараёни бошланди, Ўзбекистон ССР Олий Судининг собиқ раиси Саидулло Қосимов бошчилигидаги суд, прокуратура ходимлари, раҳбар кадрлар ҳибсга олинди. «Касымовщина» деб ном берилган иш очилди.

1934 йили М. С. Киров ўлдирилганидан сўнг, бутун Совет Иттифоқи бўйлаб «зиновьевчилар», «каменевчилар», «бухаринчилар» қидирилди. Шу баҳонада Ўзбекистоннинг кўзга кўринган йирик партия арбоблари, давлат идораси ходимларининг бари ҳибсга олинди.

1937 йилдан 1953 йилгача Ўзбекистонда қарийб 100 минг киши қатағон қилиниб, улардан 13 минг нафари отиб ташланди. Тўқилган, сохта айблар билан Ўзбекистоннинг сиёсий раҳбарияти деярли тўла таркибда йўқ қилиб юборилди. Қатағон қилинганлар орасида Ўзбекистонда яшаган бошқа миллат вакиллари ҳам бўлган.

Режали қатағоннинг навбатдаги жараёнини бошлаган қонли совет режими ҳар бир жазо кампаниясига ўзига хос ном бериб борди. Чунончи, қамоққа ташланганлар оппортунизм, «жаҳон миқёсида татбиқ этилаётган коммунизм ғоялари»дан четга чиқиш, «троцкизм», «касымовщина», «иногамовщина» кабиларда айбланиб, уларга «Япония, Германия, Британия жосуслари», «Халқ душманлари» тамғаси босилди. 

1983 – 1989 йиллари гдлянчилар вакханалияси ҳукм суриб, ўзбек халқи совет режими томонидан қатағон қилинган сўнгги тадбир бўлди. Ушбу алғов-далғовлик Кремль томонидан уюштирилиб, унга «Пахта иши», «Ўзбеклар иши», «Рашидовщина» каби номлар берилди. 

Ўзбекистон ССР КП МҚнинг биринчи котиби Шароф Рашидовнинг номини обрўсизлантиришга қаратилган ҳар хил кампаниялар ўзбек халқининг буюк ўғлони ҳақидаги яхши хотирани ўчириб юбора олмади. Ўзбекистон учун куйиб-пишиб яшаган, миллат муҳаббатини қозонган Ш. Рашидовнинг хотирасини халқимиз ҳурмат ила ёдга олиб келмоқда.

(давоми бор)

Шуҳрат Саламов
Тарихшунос-ёзувчи


Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси, 
истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Ўзбеклар иши» (давоми)

7043 08:05 11.04.2021
« Орқага