Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Ўзбеклар иши» (давоми)

7041

Ойни этак билан ёпиб бўлмагандек, сир сақланган ҳар қандай гап кун ўтиб бир кун ошкора бўлади. Шундай бўлди ҳам.

Ўзбекистон фуқаролари ва мансабдор шахсларидан кўп сонли мурожаат, шикоят ва аризалар келиб тушгани муносабати билан 1989 йил 6 май куни Т. Гдлян «Ўзбеклар иши» юзасидан олиб борилган тергов тадбирларидан четлаштирилди. Совет Иттифоқи Прокуратураси 1989 йил 25 май куни Т. Гдлян раҳбарлигидаги тергов гуруҳи томонидан қонун талаблари қўпол равишда бузилган фактлар юзасидан жиноий иш қўзғатди. Т. Гдляннинг ўзи эса коррупционерликда ва тергов олиб бориш жараёнида қонун талаблари бузилишига йўл қўйганликда айбланди.

Т. Гдляннинг Ўзбекистондаги жиноий қилмишлари юзасидан тергов ишларини амалга оширган гуруҳ раҳбари, Совет Иттифоқи Прокуратураси бошқармаси бошлиғи В. И. Илюхин 1990 йил 6 февраль куни «Совет Иттифоқи Прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Т. Х. Гдлян томонидан қонун талаблари қўпол равишда бузилгани тўғрисида» маълумотнома тузиб, тақдим этди. Ушбу маълумотномадан маълум бўлишича, «йиғилган далиллар мажмуига кўра, ўз хизмат ваколатини мунтазам суиистеъмол қилиб боргани, ҳокимият доирасидан четга чиққани, одамларни ғайриқонуний равишда ҳибсга олиб, қамоқда сақлагани, куч қўллаш ва дўқ-пўписа қилиш воситасида кўрсатма беришга мажбур қилгани ва фуқароларга туҳмат қилгани учун Т. Х. Гдлянни Ўз ССР Жиноят кодексининг 149-, 158-, 159 ва 160- моддалари ҳамда РСФСР Жиноят кодексининг 130- моддаси асосида жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади».

Фуқароларни пора сифатида олинган қимматбаҳо буюмларни сақлашда иштирок этгани ҳақида ўзларига қарши ёлғон кўрсатма беришга мажбур қилган гдлянчилар гуруҳи терговчилари исбот-далиллар мажмуини сунъий равишда шакллантиргани аниқланди. Айбни бўйнига мажбуран олдириш ишлари шу даражага бориб етдики, жиноятга умуман дахли бўлмаган одамлар ўзларининг тежаб-тергаб юрган пулини гдлянчилар гуруҳига топширишга, ўз жамғармаси бўлмаган одамлар қариндош-уруғ ва танишларидан қарз олиб топширишга мажбур бўлишган. Узоқ муддатга қамалиб кетишни истамаган одамлар қимматбаҳо буюмларни заргарлик дўконидан харид қилиб, гўё жиноий йўл билан орттирган буюми сифатида гдлянчилар гуруҳига топширган ҳолатлар ҳам аниқланган. Бундай «мусодара» бутун Ўзбекистон бўйича авж олган. Тергов ишларининг ғайриқонуний, хусусан, одамларни дўқ-пўписа, шантаж, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, сўроқ жараёнида таҳқирлаш каби йўллар орқали кўрсатма беришга мажбур қилиш усулларини Т. Х. Гдляннинг шахсан ўзи тергов гуруҳи амалиётига жорий этиб, кенг қўллаб борган. Айби исботланмаган, жиноятга мутлақо дахли бўлмаган аксарият одамлар қамоқхонада ғайриқонуний равишда, процессуал меъёрлардан четга чиққан ҳолда  сақланган.

И. В. Илюхин раҳбарлигидаги тергов гуруҳи фуқаролар озодликдан ғайриқонуний равишда, зўровонлик йўли билан маҳрум қилинган кўплаб фактларни ошкор қилди. «Фуқаро қамоқхона камерасига гўё вақтинча қамалиб, у ерда ойлаб, йиллаб мутлақ мажҳулликда, бутунлай ноаниқ бир ҳолда сақлангани, жонга тегадиган даражада мунтазам сўроққа тутилгани, унга турли туман дўқ-пўписалар қилингани, кўрсатма бериши учун ўз яқинларининг тақдирини ўйлаб ташвиш тортишга мажбур қилингани» – кишига нисбатан зўрлик қўлланилган, ор-номуси, қадр-қиммати таҳқирланган факт сифатида баҳоланди. Қамоққа олинганларга психологик тазйиқ ўтказиш мақсадида, улар узоқ вақт ғафлатда сақланиб, ойлаб сўроққа чақирилмаган. Бу билан гдлянчилар тўдаси гапга кўнмаган маҳбусларга куни битганига ишора қилишган, уларни узоқ вақт ғафлатда сақлаб, даҳшатли келажак ҳақида ўйлашга мажбур қилиб ҳолдан тойдирганча сўроққа чақиришларини ёлвориб илтимос қилдиришган.

Қонун ман этганига қарамай, гувоҳларни тунги маҳалда чақириб, сўроққа тутиш гдлянчилар гуруҳи томонидан қўлланилган оддий усулга айланди. Ҳибсга олиш учун етарли асосга эга бўлмай, прокурор санкциясини олмай, одамларни милиция ёки прокуратура биносидаги хизмат хонасида устидан қулфланган ҳолатда қолдириш – гдлянчилар тўдасининг кундалик амалиётига кирган. Бундай зўравонлик одамлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб кетишига олиб келган.
Бухоро вилояти истеъмолчилар уюшмаси (рус. облпотребсоюз) раиси Ғани Маҳмудов ҳибсга олингач, укаси Маҳмуд Мирзабаев 1984 йил 6 июль куни тахминан тунги соат бирда сўроққа олиб кетилди. Бундай ғайриқонуний ҳаракатлар доимий тус олган, яъни кимдир қамоққа олинадиган бўлса, шу заҳоти унинг айбсиз оиласи, қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари, таниш-билишлари ҳам ёппасига ҳибсга олинган.

Маҳмуд Мирзабаев Т. Гдлян раҳбарлигидаги тергов гуруҳи учун қароргоҳ бўлиб қолган Давлат хавфсизлиги қўмитасининг Бухоро вилояти бошқармаси биносидаги хизмат хоналаридан бирида ғайриқонуний равишда сўроқ қилинди. Шундан сўнг, иккинчи қаватдаги хонага киритилиб, устидан қулфланди. Эрталаб эса бошқарма ҳовлисида М. Мирзабаевнинг мурдаси топилди. Аниқланишича, Маҳмуд Мирзабаев деразадан асфальтга сакраб, ўз жонига қасд қилган. Ушбу фуқаронинг ўлимига олиб келган вазият юзасидан тергов ҳаракати ўтказилди. Совет Иттифоқи Прокуратураси тергов бўлими прокурори Г. К. Мазуркевич (Г. П. Караказовнинг бўйсунувчиси) текширув ўтказгач, «М. Мирзабаев ўзини ўзи ихтиёрий равишда ўлдиргани исбот қилингани тўғрисида»ги қарорни тўқиб бичган терговчиларнинг қилмишида жиноят аломатларини топа олмай, жиноий иш қўзғатишни рад этган.

Кейинчалик, 90- йилларда гдлянчилар иши юзасидан ўтказилган тергов давомида айбсиз фуқаро М. Мирзабаев озодликдан ғайриқонуний равишда маҳрум қилиниб, хизмат хонасида устидан қулфланган ҳолатда сақлангани аниқланди. Унинг уйида тунги вақтда ўтказилган тинтув натижасиз якун топди. Бу борада бирон-бир процессуал ҳужжат тузилмади, терговчилар учун М. Мирзабаевни озодликдан маҳрум қилишга асос топилмади. М. Мирзабаевга нисбатан зўравонлик қўллаб, шахсини таҳқирлаган терговчи-гдлянчилар ушбу фуқаро ўз жонига қасд қилишига шу тариқа сабабчи бўлишди.

1984 йил 15 август куни Ўзбекистон ички ишлар вазири генерал-лейтенант Қудрат Эргашев ўзини ўзи отиб ўлдирди.

В. И. Илюхин томонидан тузилган маълумотномага кўра, «1985 йилнинг март ойида гдлянчилар тўдаси Ўзбекистон КП Қашқадарё вилоятининг биринчи котиби Рўзмет Ғоиповни қўлга олиш учун келишади. Мезбон чақирилмаган меҳмонларни қарши олиб, уларга чой таклиф қилади. Т. Гдлян ўз ҳамтовоқлари билан чой ичиб ўтирар экан, Р. Ғоипов қўшни хонага чиқиб, пичоқ билан ўзига ўзи қаттиқ жароҳат етказади». Унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмайди, лекин шахсий мол-мулки, уйидаги аёлларнинг заргарлик буюмлари гдлячи-қароқчилар томонидан мусодара қилинади.

1985 йил 17 май куни  Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Г. Давидов бошига учта ўқ узилган ҳолатда госпиталда топилади. Вафотининг расмий талқини – ўз жонига қасд қилинган ҳолат сифатида расмийлаштирилади.

1985 йил 23 декабрь куни Тошкент шаҳар Оржоникидзе тумани ички ишлар бўлими бошлиғи полковник А. Хожимуродов Давлат хавфсизлиги қўмитасининг тезкор ходими орқали Т. Гдляннинг ишончли қабиладошларидан бири, унинг раҳбарлигидаги тергов гуруҳи таркибига кирган Альберт Карташьяннинг қабулига чақиртирилади. Офицерлик ор-номуси, инсоний қадр-қиммати топталиб, қаттиқ қийноқлар билан икки кун тинимсиз ўтган сўроқдан сўнг А. Хожимуродов жонсиз ҳолатда топилади. Бўғилган излардан ташқари, А. Хожимуродовнинг танасида тўмтоқ нарса билан уриб, моматалоқ қилинган кўп жойлар борлиги жасадни кўздан кечириш далолатномасида қайд этилган. Бошқача қилиб айтганда, узоқ вақт қаттиқ қийноққа солинган полковник афтидан, ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлган. Терговчи А. Карташян ушбу жиноий қилмиши учун ҳеч қандай жазога тортилмай, ишга доир ҳужжатлар жилди стол тортмасига ташланганча қолдирилган.

«Оила қамаш» усули гдлянчилар тўдаси томонидан кенг қўлланилган. Мункайиб қолган қариями, пенсия ёшидаги кишими, уруш қатнашчисими, ногиронми, касалми – фарқи йўқ, қамоқ камерасига тиқилган. Хотин-қизлар, ҳатто қарамоғида балоғатга етмаган бир неча нафар фарзанди бўлган кўп болали аёллар ҳам қамоққа ташланиб, қийноқ қўлланилганча сўроқ қилинган. Арманистон бош прокуратурасининг катта терговчиси Альберт Карташьян сўроқ ўтказишнинг айнан «оила қамаш» усули ила  «шуҳрат қозонган». Сўроқ қилинаётган фуқаронинг фарзандлари атайин қўшни камерага тиқилиб, оталик ёки оналик туйғусига қаттиқ таъсир ўтказилган.

Т. Гдлян томонидан ўтказилган жазо кампанияси даврида ўнлаб одамлар ўз жонига қасд қилган.

В. И. Илюхиннинг тергов натижалари асосида тақдим этган билдирувидан маълум бўлишича, «оила қамаш» усули гдлянчилар амалиётида доимий тавсифга эга бўлган. Ушбу гуруҳ ўзининг садистларга хос шафқатсиз сўроқ қилиш усулларини мукаммал даражага етказган. Ҳибсга олиниб, пора олиш ёки пора бериш айбини бўйнига олмаётган кишига «қайсарлик қилиб ўз оиласи, қариндош-уруғларини хавф остига қўяётгани» мунтазам эслатиб борилган. Агар қамоққа олинган шахс айбни рад этишни давом этса, эслатиб ўтилган ушбу таҳдид ижро этилган». Унинг энг яқин қариндошлари қамоқхона камераларига тиқилган. Ўзбек оиласи, маълумки, кўп болалидир. Бинобарин, жиноий жавобгарликка тортилган ота ёки онанинг барча фарзандлари, кекса ота-онаси қамоққа ташланган. Очиқдан-очиқ амалга оширилган бундай зўравонлик ҳаммага, ҳатто пенсионерлар ва «Қаҳрамон она» унвонига эга кўп болали аёлларга нисбатан ҳам қўлланилаверган. Қамоққа олинган фуқаронинг жамики аёл қариндошлари – онаси, қизлари, қайнонаси, келинлари қамоқхонага келтирилиб, камерага ташланган ҳолатлар кўп бўлган. Куч қўллаб бўлса ҳам кўрсатма олиш Т. Х. Гдлян учун бирдан-бир мақсадга айланган.

В. И. Илюхин раҳбарлигидаги тергов гуруҳи Совет Иттифоқи Олий Совети олдига Т. Х. Гдлян ва унинг «ҳамтовоқлари»ни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини қўйиб,  Т. Х. Гдлянга нисбатан қўзғатилган жиноий ишни судга оширган. Т. Х. Гдлян Совет Иттифоқи Олий Совети депутати ва Арманистон депутати бўлиб, дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган. Совет Иттифоқи Олий Совети В. И. Илюхин раҳбарлигидаги тергов гуруҳига рад жавобини бериб, фақат Т. Глянни прокуратура органларидан бўшатишга розилик берган. Шу боис Т. Гдлян жиноий жавобгарликдан қутулиб қолган.

Ўзбекистонда «айбни ихтиёрий равишда тан олиш» жараёнлари аслида қандай кечгани ҳақида кўплаб китоб ва мақолалар ёзилган. Москванинг гдлянчи садистлари томонидан қийноққа солиниб, жафо кўрган ҳар бир муаллифнинг китобида Кремль вакилларининг жиноятлари батафсил баён этилган.

Ҳаммага яхши таниш бўлган Лаврентий Бериянинг бўйсунувида ишлаган терговчилар қамоққа олинган одамларни ўз айбига иқрор бўлиб, кўрсатма беришга мажбур қилдирадиган 26 та усулдан кенг фойдаланишган. Т. Х. Гдляннинг Ўзбекистонда содир этган жиноий қилмишлари юзасидан тергов ўтказган тергов гуруҳи гдлянчилар тўдаси томонидан одамларни ўз айбига иқрор бўлиб, кўрсатма беришга мажбур қилдириш мақсадида қўлланилган жами 18 та усулни аниқлаган. 

1991 йили ўз миллий мустақиллигини тиклаб олган Ўзбекистон «Ўзбеклар иши» бўйича ноҳақ айбланиб, ғайриқонуний судланган барча фуқароларини оқлади.

Совет Иттифоқи парчаланиб, совет прокуратурасининг фаолияти тамом бўлгач, 1992 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Прокуратурори вазифасини бажарган, 2- класс Давлат маслаҳатчиси Б. Мустафоев Россия Федерацияси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси номидан хат йўллаб, Т. Гдлянга нисбатан қўзғатилган жиноий иш материалларини Ўзбекистонга тақдим этишни сўраган. Бироқ Россия Федерациясининг ўша даврдаги Бош прокурори Н. Трубин ушбу жиноий иш материалларини Ўзбекистон Прокуратурасига топшириш борасида рад жавобини берган. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, айнан Н. С. Трубин гдлянчилар тўдасига нисбатан қўзғатилган жиноий ишни тўхтатиш тўғрисида буйруқ чиқарган. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси Т. Гдляннинг Ўзбекистондаги жиноий қилмишлари юзасидан қўзғатилган жиноий иш материаллари Ўзбекистонга тақдим этилишини сўраб, кўп марта хат йўллаган, аммо ушбу илтимосномалар жавобсиз қолиб келаверган.

Халқининг бошидан ўтган фожиали ҳодисалар Ватанини севадиган ҳар қандай инсонни қайғуга солмай қўймайди. Зеро, бундай даҳшат, ушбу замин фарзанди учун руҳий уқубат, дард, алам, андуҳдир. Халқ тақдири, Ватан қисмати олим-уламолар, ёзувчи ва шоирларни ҳамиша руҳлантириб, қалбини тўлқинлантириб келган. Юрт фуқароларининг халқ тарихи, маданияти, анъаналари ва удумларидан воқиф бўлиши жамиятимиз тараққиёти манфаатларига хизмат қилади. Ҳар бир инсон ўз Ватанининг ўтмишига ижобий муносабатда бўлиш кераклигини англаб етиши, жамият эволюциясидаги ҳар бир тарихий босқичнинг бошланиши эса айнан мана шундай муносабатнинг тўғри шаклланишига боғлиқдир.

Миллий мустақиллигимизни тиклаб олганимиздан буён чорак асрдан зиёд вақт ўтди. Ватанимиз озодлиги учун курашиб, жонини фидо қилган аждодларимиз бу кунларга етишни орзу қилишган. Миллий озодлигимизни биров бизга кафтида кўтариб келиб, туҳфа қилмаган. Халқимиз давлат мустақиллигини тиклаш учун бир асрдан кўп вақт давомида курашиб келган. Ушбу кураш ҳеч қачон тўхтамаган, маълум бир босқичда қотиб ҳам қолмаган, 1991 йили миллий мустақиллигимизни тиклаб олгунимизга қадар юрт озодлиги учун кечган жанговар ҳаракатлар, қонли тўқнашувлар, ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маданий кураш давом этган. Халқимиз босиб ўтган ушбу тарихий йўлни ҳар биримиз чуқур идрок этишимиз, теранг англаб етишимиз даркор. Зеро, бу йўл Ватан озодлиги ва мустақиллиги йўлида ҳалок бўлганлар хотирасини эҳтиром-ла ёдга оладиган авлод учун миллий ор-номус ва қадр-қимматнинг ўчмас рамзи бўлганча қолади.

Ҳар қандай давлат ўз тузуми ва фуқароларини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишга ҳақлидир. Ҳаётда киши онгини емирадиган ҳар хил ғоялар, жиноят сари етаклайдиган ниятлар ва нопок фикрлар мавжуд. Бундай ният ёки мулоҳаза учун ҳеч ким судланмайди, албатта. Бироқ мурдор ният-ла амалга оширилган жиноий ҳаракат ҳар қандай давлатда қораланади. Шуни ҳам инобатга олмоқ даркорки, ҳар бир киши ўзининг фуқаролик позициясидан келиб чиққан ҳолда йўл тутишга қонуний ҳуқуқи бор. Хориждаги соҳиблари кўзлаган ғаразли геосиёсий манфаатларни юртимиз ҳудудида рўёбга чиқариш мақсадида қўпорувчи мафкуравий ва сиёсий технологияларни синаб кўриш истагида юрган шахслар йўқ эмас. Бинобарин, бундай ғояларни илгари сураётган каслар фаолиятини кескин қоралашга ўзбекистонлик ҳар бир фуқаро маънавий-руҳий жиҳатдан ҳақлидир.

Киши маълум бир жиноятнинг содир этилишида гумон қилиниши ёки айбланиши мумкин, лекин бунинг учун уни қийноққа солиш, уриб таҳқирлаш, ўз жонига қасд қиладиган даражага етказиш, айниқса, бундай қилмишларни юқорида баён этилгандек, бутун бошли халққа, оммага нисбатан мунтазам равишда амалга ошириб бориш – инсониятга қарши содир этилган жиноятдан ўзга нарса эмас. Бундай жиноятга қўл урганлар тегишли жазога тортилишлари шарт. Зеро, халқаро юриспруденция амалиётида муддати  белгиланмаган ишлар мавжуд.

Юқорида баён этилган тамойиллардан келиб чиққан ҳолда, Тельман Хоренович Гдлян Ўзбекистон ҳудудида ўзбек халқига қарши уюштирилган жиноятларнинг асосий ижрочиси сифатида жиноий жавобгарликка тортилса мақсадга мувофиқ иш бўлур эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси Т. Х. Гдляннинг Ўзбекистондаги жиноий қилмишлари юзасидан бошланган тергов ишларини давом этиши ва Т. Х. Гдлян бошқарган гуруҳнинг айбдор аъзоларини Интерпол Бюроси орқали Ўзбекистонга келтириш чораларини кўриши лозим. Бунинг учун асосли сабаблар, жиноятчиларнинг айбини исботлайдиган далиллар мавжуд. Боз устига, тегишли ҳодисаларга шоҳид бўлган одамлар ва гдлянчилар тўдасининг жиноятларидан жабрланганларнинг айримлари ҳали тирик. Зеро, гдлянчиларнинг қилмишларидан жабрланганлар, ўша тўданинг жинояларти туфайли қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари тарихий адолат қарор топишига ҳамон умид қилишмоқда.

Шуҳрат Саламов
Тарихшунос ёзувчи

Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси, 
истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Ўзбеклар иши»

3475 21:05 10.04.2021
« Орқага