Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Узун «комментария»

3377

Хабарингиз бор, «Moida by Azon» ресторанида 14 август куни устоз Мубашшир Аҳмад билан Исломофобия мавзусидаги суҳбат-семинар ўтказилди ва жонли эфирда ҳам кузатувчиларга тақдим қилинди. Бир неча кундан сўнг таҳририятимизга ана шу кўрсатувга доир изоҳ (комментария) келиб тушди. “Комментария” узун, балки жуда узун бўлгани учун мақола шаклида сизларга тақдим этишни лозим деб билдик. 

Олимларимизнинг кийимидан кўра илми муҳимроқ

Шу йил, 14 август куни устоз Мубашшир Аҳмад иштирокида “Исломофобия” мавзусида бўлиб ўтган семинар-суҳбатда устознинг ташқи кўринишдаги, кийинишдаги ҳоллари бир укамиз томонидан чиройли тарзда танқид қилинди. Танқидга муносабат билдириш, жавоб бериш устозни риёга, кибр ва ўзини намойиш этишга яқинлаштириб қўйиш эҳтимоли бор эди. Шунинг учун жавоб ним табассумдан иборат бўлди, холос. 

Улуғларимизнинг, устозларимиз айрим зоҳирий суннатлардан сақланишларининг сабабларини баҳоли қудрат, ўз дунёқарашим доирасида изоҳлаб бергим келди. Сабабларни баён этишдан олдин ўтмишда эшитганим икки ҳикояни айтиб берсам.

Ровийларнинг айтиб беришича машъум қатағон йиллари бир қишлоқда диний илмларда пешқадам бир киши яшаган экан. Қатағон гирдоби у кишини ҳам ўз домига тортиши сезилиб қолгач, қишлоқдаги фаоллаардан бири у кишини чақириб вазиятни тушунтиради ва “Сизни сақлаб қолиш учун бир тадбир қилайлик, ажаб эмас наф берса, фақат бу тадбир ўзртамизда сир бўлсин, акс ҳолда сиздан олдин мен отилиб кетаман”, дебди. Уламо кишига уша вақтда кенг тарқалган “Беломор канал” деган сигарета, ҳамда русларнинг бош кийимини бериб, жамоат олдида ибодат қилмасликни, деҳқончилик қилиш баҳонасида адирга чиқиб яшашини, барча ибодатларни вақтинча яширин адо этишини тушунтиради. Ҳамда агарда бирор бегона кимса билан қидириб боришса, шапкани кийиб, попирисни тутатиб рўбаро бўлиши кераклигини тайинлайди. 

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай қишлоққа НКВД дан вакил келиб у кишини суриштиради. Давлат учун хавфли одамлар рўйҳатида борлигини, уни кўриши кераклигини айтади. Шу тариқа қишлоқ оқсоқоли “меҳмон”ни адирга бошлабди. Олим киши эса келишилгандек уларни бошда шапка, қўлда попирис билан кутиб олибди. НКВД ходими уни кўриб “Авлиё-олиминг шуми”, дебди. Оқсоқол пинагини бузмай “ҳа шу деб жавоб берса”, ходим асаби бузулиб “Э тфуу, шуйам олим бўптими, ғирт бетавфиқ-ку”, деб “қора рўйҳат”дан ўчириб кетган экан. Кейинчалик олим киши кўплаб шогирдларга устозлик қилиб, диний маросимларга бош-қош бўлиб ҳаёт кечирган эканлар. 

Улуғларимиз ҳаётидан эшитганимиз иккинчи воқеа ҳам советлар даврида бўлиб ўтган. Бухоро мадрасасини тамомлаган уламоларимиздан бири жамоат орасида обрўлари кундан-кун ортиб, мухлислари кўпайиб кета бошлабди. У замонларда бу ҳолат давлат учун жуда хавфли эди. Хавфли одамлар рўйҳатига тушиб қолган киши эртами-кечми бир балога гирифтор бўлмай қолмасди. Шунда устозлари мазкур кишини ҳузурига чорлаб “Ўзингизни жамоатдан тортинг, ибодатларингизни яширин қилинг, кийимларингиз давлат фаолларининг ғашига тегмайдиган бўлсин”, деб тайинлабди. Шундан сўнг у киши муаззин азон айтаётган пайтда ўроқ-арқонни елкага ташлаб, масжид олдидан дала сари йўл олар эканлар. Одамлар бу ҳолатдан хайратланиб, халқ орасида бу кишига нисбатан салбий фикрлар пайдо бўла бошлабди. Халқ ичида ҳам “қулоқлари” етарлича бўлган махсус ходимлар шу тариқа олим кишини “қора рўйҳат”дан ўчиришган экан. Кейинчалик қатағон шамоли пасайгач, олим киши жамоатга қайтиб фаолиятларини ошкора бошлабдилар ва Собиқ иттифоқ мусулмонлар кенгаши аъзоси даражасига етиб, халқимизга, динимизга узоқ йиллар хизмат қилган эканлар. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин. 

Хуллас, улуғларнинг айрим ҳолларда ўзларини ғайритабиий тутишларининг ҳикмати ўзларига, ёлғиз Аллоҳга баъзан энг яқинларигагина маълум бўлар экан холос.

Илмга мос бўлмаган ғайритабиий, зоҳирий кўринишларнинг сабаби қуйидагилар бўлиши мумкин: 

  1. Шайтоннинг эътиборини тотртмаслик учун. 
  2. Ғанимларнинг эътиборини тортмаслик учун.
  3. Фитначиларнинг эътиборини тортмаслик ва фитнасидан сақланиш учун. 
  4. Кимларнидир чўчитиб юбормислик учун. 
  5. Кибр, риё, таъма кабилардан сақланиш учун.
  6. Ўзларини улуғларнинг даражасига етмаганман, деб ҳисоблаганлари учун.  
  7. Мухолифлар билан орадаги кескинликни юмшатиш учун. Чунки кескинлик озчилик томон учун, ожиз томон учун фақат зарар келтиради. 
  8. Муросасозлик учун. Муросасизлик ҳам юқорида таъкидлаганимиздек ожиз, озчилик томон учун фақат зарар. 
  9. Кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратмаслик учун. Ёмон кўздан, ҳасаддан, золимларнинг зулмидан сақланиш учун ва ҳоказо.

Юқоридаги воқеаларда баён этганимиз каби баъзан воқелик шуни тақозо этади. Ватан учун, миллат учун, дин учун ўлиш осон, уларнинг дарди билан яшаш қийин. Ислоҳ учун гоҳида баъзи кичик унсурлардан вақтинча воз кечишга тўғри келади. Биз мухлислар улуғларнинг ташқи кўринишига эмас, кўпроқ илм ва амалларига, дин йўлида қилаётган хизматларига эътибор беришимиз, зоҳирий кўринишларига қараб, ихлосимизни сўндириб қўймаслигимиз, аксинча уларни ҳар томонлама (моддий, маънавий, сиёсий, ҳуқуқий) қўллаб-қувватлашимиз, асраб-авайлашимиз, ҳимоя қилишимиз лозим бўлади. Зеро, жамиятимиз учун, динимиз учун, келажагимиз учун олимларимизнинг кийимидан кўра илми зарурроқ, шуни унутмайлик. 

Русларда “Асранганни Ҳудо асрайди” деган гап бор. Албатта ўзини асраш воситалари ақидага, охиратга, оқибатга зарар келтирадиган даражада бўлмаслиги кераклигини ҳам таъкидлашни истар эдим. 

Фикрларим шахсий, шунинг учун хатодан ҳоли бўлмаслиги мумкин. Хато ва камчиликларимизни Аллоҳ кечирсин. 

14-24 август. 2021 йил.Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани, Қизилёзи қишлоғи. Муҳаммадшер Отабоев

 

Бизга етиб келган ушбу фикр («комментария»)ни сайтда эълон қилиш ёки қилмаслик масаласида ўйлаб, ҳақиқатдан ҳам халқимиз орасида “фалончи уламо нега ундай, фалончи нега бундай”, “фалончи нега ялангбош-у, фалончининг нега соқоли калта” каби сўзлар юриши ҳаёлимизга келди. Ушбу мақолани ана шундай фикрдаги диндошларимизга эслатма бўлар деган умидда тақдим қилдик.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ғарбнинг буюклари пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида...  

982 11:15 16.08.2022

Афғонистонлик олимлар юртига қайтмоқда

1207 20:52 30.05.2022

Нега мусулмонлар дунёдан ортда қолган? Ёхуд янглиш тушунча ҳақида икки оғиз сўз...

2573 03:55 21.04.2022

Ўзбек олимлари янги резонанс заррачани кашф қилишди

1367 17:44 11.03.2022

Перуда қурбонлик қилинган болаларнинг қадимий мўмиёланган жасадлари топилди

1684 12:55 15.02.2022

Олимлар парацетамолни кўп қабул қилишнинг зарарини айтишди

1453 14:20 10.02.2022
« Орқага