Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Вақф фонди раҳбари журналистларга ташаккур билдирди

995

Хабарингиз бор, Вақф хайрия жамоат фонди томонидан олиб борилаётган деярли ҳар бир хабар Azon.uz сайтида ёритиб борилмоқда. Бунинг сабаблари бисёр. Энг асосий сабаби шуки... келинг яхшиси, гапни бир бошдан бошлайлик...

Ўтган йилнинг 19 ноябрида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳмонов Яҳё Убайдулло ўғли “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув кенгаши раиси вазифасига тайинланди.

Шундан кейин мазкур фонд ишида очиқлик, ошкоралик, таъбир жоиз бўлса, олдинга силжиш бошланди. Фонд матбуот хизмати билан алоқаларимиз яхшиланди. Авваллари фонд раҳбариятига бир неча марта қилган мурожаатларимиз жавобсиз қоларди, мусулмончилик юзасидан ҳуқуқий чора кўришдан тийилардик. 

Яҳё қори Абдураҳмонов билан илк учрашувимиздаёқ илиқ таассурот қолган, тўғриси, “иш эгасига топширилган”ига қаноат келтириб, нафақат мўмин-мусулмон сифатида, балки оддий жамият аъзоси ўлароқ ич-ичимиздан хурсанд бўлган эдик. Шундан кейин қўлни қўлга бериб иш бошладик, Вақф фондининг бир қатор акцияларини сайтимизда бақадри имкон ёритдик, жамоатчиликка етказдик. Ахир Аллоҳ ўз Каломида Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг (Моида  сураси, 2-оят) деб буюрган-ку...

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Вақф раҳбарияти ва ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Яҳё қори Абдураҳмонов Kun.uz ва Azon.uz сайтлари ҳамда Azon.tv ижодкорларига ҳамкорлик учун минатдорчилик билдириб, фонд ишини янада жадаллаштиришда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида журналистлардан фикр-мулоҳазалар сўради. Kun.uz мухбири Йигитали Маҳмудов фонд имижини тезроқ яхшилаш зарурлиги ҳақида айтди. Azon.tv раҳбари Фарҳод Тоиров кенг миқёсда матбуот анжумани ташкил этиш таклифини билдирди.

Шу билан бир қаторда фонд раҳбари ижтимоий тармоқларда текширилмаган маълумотлар, ўринсиз маломатлар, нохолис ахборотлар жудаям кўплигидан нолиди. Дарҳақиқат шундай! Мана бир мисол.

Яқинда “Хоразмдаги вақф фондига қарашли мадрасада спирли ичимликлар сотилаётгани” ҳақидаги видео-пост роса муҳокама бўлди. Аслида ўша обида Ичан қалъа меморий мажмуасида жойлашган бўлиб, юридик жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаментига қарашли экан.

“Энг асосий ишимиз зиёратгоҳлардаги маънавий муҳитни яхшилаш, ички туризмни ривожлантиришдир, – деди фонд раҳбари. – Мана муборак рамазон ойи яқинлашяпти, ўз-ўзидан закот масаласи яна кўтарилади. Бизда закот учун алоҳида ҳисоб рақами бор. Закот ишига қаттиқ эътибор қаратамиз. Ундан ногиронларга, оғир касалликка чалинган беморларга, ночор яшаётган мусулмон оилаларнинг озиқ-овқатига, боқувчисини йўқотган талабаларнинг шартнома пулларини тўлашга ажратамиз. Бир фуқарога бир йилда бир марта ёрдам берамиз. Хорижий давлатлар билан ҳам алоқалар ўрнатяпмиз. Янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги жойларни олиб, улардан келадиган ижара пулларини хайрияларга йўналтирмоқчимиз... Режалар кўп, бу борада оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам бизга яқиндан кўмакдош, елкадош бўлиб туришади, деган умиддаман”.

Учрашув сўнггида ижодкорларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари берилди.

 

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz сайти бош муҳаррири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Вақф” фонди харажатлар ҳақида маълумот берди 

583 13:13 10.11.2021

Диний таълим соҳасига ажратилган хайриялар ҳақида маълумот берилди

667 08:30 28.09.2021

Урганчдаги ёрдамга муҳтож оилаларга 100 млн сўм хайрия қилинди

728 10:05 20.09.2021

Қашқадарё. Масжидларга катта миқдорда китоблар тарқатилди

846 19:55 13.09.2021

Имомларга 420 млн сўм тарқатилди

1933 22:17 06.09.2021

Ўзбекистон ва Нигер давлати "ВАҚФ" ташкилоти раҳбарлари учрашди

1190 22:30 04.09.2021
« Орқага