АҚШ ҳукумати журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича Миллий разведка хизмати эълон қилган ҳисобот ортидан Саудия Арабистонига нисбатан қандай режалари борлигини бугун эълон қилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден шанба куни журналистлар билан учрашувда айтган.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмонга чора кўриб-кўрилмаслиги ҳақидаги саволга жавобан Байден шундай деди: “Душанба куни Саудия Арабистонига нисбатан нималар қилишимиз эълон этилади”.
Якшанба куни CNN телеканалига интервью берган Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки эса расмий Вашингтон журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши муносабати билан Саудия Арабистонини жавобгарликка тортмоқчи эканлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жума куни АҚШ Миллий разведка хизмати Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича ҳисоботни эълон қилди. Унда ушбу қотиллиқни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон шахсан маъқуллагани айтилган. Америка ҳукумати қотилликда қўли бор деб ҳисобланган 76 нафар Саудия Арабистони фуқароларига нисбатан санкция жорий этди, улар орасида валиаҳд шаҳзода йўқ.
Риёз эса АҚШ разведкасининг хулосасини қатъиян рад этди.