АҚШ Давлат департаменти (Ташқи ишлар вазирлиги) Марказий Осиёда Виждон эркинлиги шиори остида атеизм, гуманизм, динга амал қилмаслик ва динсизликни ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишни қўллаб-қувватламоқчи бўлган.
Департаментнинг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси томонидан шу мақсадда 2021 йил апрель ойида грант лойиҳаси илгари сургани маълум бўлди.
Лойиҳага кўра, АҚШ ҳукумати томонидан Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатларида "динсиз, динга амал қилмайдиган ёки эътиқодсиз шахсларга қарши мавжуд дискриминацияни йўқотиш” мақсад қилинган.
Лойиҳадан мақсадлари орасида ҳукуматда атеистлар ва эътиқодсизларнинг ҳуқуқлари ҳақида тасаввур уйғотиш, атеист ва ёт оқимларга мансуб шахсларни жамоат ташкилотлари тузиш ва жамоат тадбирларини ўтказишига эришиш кўзда тутилган.
Бунинг учун атеистик, гуманистик, динга амал қилмаслик ва динсизликни тамсил этувчи ташкилотларни ва уларнинг аъзоларини ўз ҳуқуқларини талаб қилишларини қўллаб-қувватлаш, тадбирлар, йиғилишлар, жамоат алоқалари, оммавий ахборот воситалари ва журналистик кампаниялар орқали ушбу ғоянинг кенг ёйилишини таъминлаш учун маблағ ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, мамлакатда динсиз шахслар, уларнинг дунёқараши ёки тафаккури учун бўлаётган тазийқларни ўрганиш ва улар ҳақида маълумотлар тўплаб бориш вазифаси ҳам белгиланган.
Шуни айтиб ўтиш керакки, бундай лойиҳалар одатда нозик масала бўлгани учун мамлакатларга тўғридан-тўғри кириб келмайди, балки, “диний эркинлик”, “аёллар ҳуқуқлари”, “оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш” каби нейтрал ғоялар орқали кириб келади. Шу мақсадда ҳаракат қилиниб, лойиҳа учун хизмат қилинаверилади.
Буни қарангки, лойиҳа 2021 йил апрель ойида Ўзбекистондаги Миразиз Базаров воқеаси билан бир вақтда эълон қилинган. Бу шунчаки тасодиф бўлиши мумкин. Аммо грант лойиҳаси учун жуда зўр “кейс” (жонли мисол) бўлган бўлса керак.
Саид Комил Муҳаммад Карим