Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Яхши гумонда бўлайлик...

1312

Айрим мусулмонлар динда фақат мен ҳақиқат устидаман ва фақат мен ҳақни гапираман, деб ўйлайди. Бу йўлда ҳатто динимизда тақиқланган ёмон гумонга ҳам бора олади. Мўминларнинг иймонига шубҳа қилади, уларни гуноҳда айблайди. 

Аллоҳ таоло "Ҳужурот" сурасининг 12-оятида айтади: "Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар". Муфассирлар Аллоҳ: "Кўп гумонлардан четланинглар! Чунки айрим гумонлар гуноҳ", деяпти. Демак кўпидан четланиш ва айримлари гуноҳ экан, ҳамма гумондан четланиш эҳтиётан лозимдир, дейишган. 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: "Гумондан сақланинг. Чунки гумон сўзларнинг энг ёлғонидир". (Имомлар Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Саид ибн Мусайяб айтадилар: Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан бир дўстим ёзди: "Биродаринг ишини яхши томонга йўйгин, агар у ҳақда сенга ғолиб келадиган хабар билмасанг. Мўмин кишининг оғзидан чиққан сўзга ёмон гумонда бўлмагин, мудом у сўзни яхшиликка буриш имкони бор экан. Ким ўзини туҳматга рўбарў қилса, унга ёмон гумонда бўлганни маломат қилмасин".

  Ёмон гумончи одамларнинг энг ҳалокатга учровчисидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар киши одамлар ҳалок бўлди, деса, унинг ўзи уларнинг энг ҳалокатга дучор бўлгандир", дедилар. (Имом Муслим ривояти). Ҳадиси шарифнинг маъносини изоҳлаб имом Хаттобий дейдилар:

"У одамларни айблашдан ва гуноҳларини зикр қилишдан тўхтамайди ва: "Одамлар бузилиб кетди, ҳалок бўлди", дейди. Агар у шундай қилса, уларнинг энг ҳалокатга учрагани бўлади. Чунки у уларни айблаш, шаънларини ерга уриш гуноҳига учраяпти". 

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай касал кишиларга таҳдид қилиб шундай деганлар: "Эй тили билан иймон келтириб, иймон қалбига кирмаган кишилар, одамларни ғийбат қилманг ва уларнинг авратларига эргашманг (яъни, айбларини қидирманг ва сирларини ошкор қилишга ҳаракат қилманг). Чунки ким бировларнинг авратига эргашса, Аллоҳ унинг авратига эргашади. Аллоҳ кимнинг авратига эргашса, уни ҳатто уйида ҳам шарманда қилиб қўяди". (Имом Абу Довуд ривоятлари, саҳиҳ)

Ёмон гумон қилишнинг ўзига яраша сабаблари бор: Жумладан:

  • Ўзини оқлаш, ужбга бориш ва ўзини ҳаммадан яхши ҳисоблаш. Бу ҳолат бошқаларни менсимасликка олиб боради. Ўзини ҳақда ва қолганларни эса ботилда кўради. Бошқаларга ёмон гумонда бўлишнинг энг катта сабаби ужбдир. Ужб кишининг ўзидан рози ва ўз-ўзига маҳлиё ва ажабланиши бўлиб, динимизда қаттиқ қораланган қалбий хасталикдир.
  • Нафснинг ёмонлиги, ақлнинг заифлиги, иймоннинг кучсизлиги ва унда шайтоннинг ҳукмронлигидандир. Чунки ақли катта ва нафси яхши инсонлар бу ёмон хулқни тарк этишади ва мусулмонлар ҳақида яхши гумонда бўлишади. Имом Мақдисий дейдилар: "Зеро мўмин бошқаларга узр қидиради ва мунофиқ эса уларнинг айбини излайди". 
  • Баъзи муаммо, масала ва фикрларда ғулувга кетиш ва ҳаддан ошиш. Мусулмонларнинг бирлигини ўйлаб ва бўлинишдан хавфсираб Пайғамбаримиз алайҳиссалом баъзи бир мустаҳаб (қилса савоб бўладиган ва қилмаса гуноҳ бўлмайдиган) амалларни тарк этганлар. Бундан мақсадлари вожиб ишларни зое қилмаслик бўлган. Бунга мисол Каъбаи мушаррафанинг биносини ўзгартишни тарк этганлари бўлади. Бу билан қалбларни улфат қилишни хоҳлаганлар. Агар ўзгартирганларида иймони заиф ёки энди иймонга келган мусулмонларни чўчитиб қўярдилар. 
  • Бошқаларнинг фикрини ҳурмат қилмаслик ва битта нуқтаи назар ёпишиб олиш. 
  • Ҳавога эргашиш ҳам ёлғон гумонларни пайдо қилади. Бир нарсани севиш кишини кўр ва кар қилади. Инсон ҳавосига мойил бўлса, бу ҳолат унга хатоларини унуттиради. Гарчи адашаётган бўлсада, ўзи ҳақида яхши гумонда бўлаверади. 

Яхши гумонда бўлайлик азизлар! Ҳатто фикрларимиз нотўғри чиққан тақдирда ҳам, ёмон гумон каби гуноҳдан узоқда бўламиз.

Мубашшир Аҳмад 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 03-07/4844/1-сонли рухсати билан чоп этилди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туман ҳокимлиги мансабдорлари 7 млрд сўм ўзлаштиришда гумон қилинмоқда

597 10:30 13.08.2021

Туркияда Абдукарим Мирзаевга нисбатан барча гумонлар олиб ташланди

1443 06:24 03.08.2021

Болгариядаги портлашда ҳам россияликлар гумонланяпти

1382 19:30 28.04.2021

Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлинг!

1919 14:00 27.01.2021

Нега мусулмонлар эмланишдан хавфсираяпти?

2699 22:00 20.01.2021
« Орқага