Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Яхшилик мактуби

1826

Ассалому алайкум, менинг қадрдон биродарим! Қара, йиллар нақадар тез югурмоқда, кунлар ва ҳафталарнинг алмашаётганини эса баъзан сезмай қоласан киши. Ўзинг саломатмисан, оилангда тинчликми? Бугун ушбу мактубни ёзишга жазм этдим, уни албатта ўқигин, бу ёзганларим айни сен учун! Умид қиламанки, бу мактуб сени қайсидир маънода ўзгаришингга сабаб бўлади.

Азиз биродарим, яхшилик қил! Сенинг кўзларингда қувонч, қалбингда эса  ҳаловат бўлишини истайман. Узоқ йиллар давомида кўнглинг ойнасига ўрнашиб олган ғуборлардан озор чекасан, баъзида хотиралар аёвсиз равишда сени савалайдилар, сени қийналишингни хоҳламайман,қадрдоним! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг нозил қилган Китобида  марҳамат қилади: "Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, ана ўшалар, халойиқнинг энг яхшисидир" (Баййина,7).  Яна Каҳф сурасининг 107-108-оятларида ҳам Аллоҳ таоло дейди: "Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир. Унда абадий қолурлар ва ундан кўчишни истамаслар"

Эътибор берган бўлсанг, Роббимиз яхши амалдан аввал иймонни зикр қилмоқда. Шубҳасиз, яхшилик қилган киши яхшиликка етишади, аммо охират диёрида ҳам яхшиликка эришиш учун иймон керак. Қилган яхшиликларинг қабул бўлиши, яъни Қиёмат кунида фойда беришини истасанг, иймон келтир! Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ "Фиқҳул-акбар" китобида қуйидагиларни ёзади: "Аллоҳ таоло бирдир, лекин сон жиҳатидан эмас, балки унинг ҳеч қандай шериги йўқлиги жиҳатидандир". Ҳозирги кунда фитначилар кўпайди, улар менинг ва сенинг эътиқодимиздаги бўшлиқларни ўзларининг пуч ёнғоқлари билан тўлдирмоқчи, шунинг учун ҳам илм ол, устозлардан зарурий диний  илмни ўрган. Оғзингга келган гапни гапираверма, ақл тарозисида тортиб кўр, зеро зарарингга бўлиб қолмасин! Шаҳодат калимасини маʼноларини англаган ҳолда тез-тез такрорлаб тур, Роббимиз бизларга иймонли ҳолда вафот этишликни насиб этсин! Иймонингни сақла, чунки у шундай неъматки, иймон кимда бўлса, унда ҳамма нарса бор, кимда иймон йўқ бўлса, унда ҳеч нарса йўқдир. Иймон келтирганлар учун солиҳ амаллар, яхшиликлар  қилишдан кўра маҳбуброқ нарса йўқ. Солиҳ амал, аввало, Аллоҳ буюрган фарзларни бажармоғинг, ҳаромдан сақланмоғингдир. Тинимсиз садақа бериб, аммо Аллоҳ буюрган фарзларни бажармаётган бўлсанг, яхшилик қиляпман деб ўзингдан кетма!

Намозни вақтида адо эт, Рамазон рўзасини тут, нисобга етган молинг бўлса, закотини чиқар, йўлга қодир бўлсанг, ҳаж қил! Кел энди, севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг айрим ҳадисларини кўриб чиқамиз. Имом Табароний роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар: "Яхшилик қилиш ёмонлик ҳалокатидан сақлайди". Ўзингдаги ёмонликлар туфайли қийналаётган бўлсанг, уларни яхшиликлар билан сиқиб чиқар, Аллоҳдан ёмон иллатларингни аритишини сўраб дуо қил, зеро ёмонликларни У Зотдан ўзгаси арита олмайди.  Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган яна бир ҳадисда эса: "Яхшиликнинг ҳеч бирини паст санама, биродарингни очиқ юз билан қарши олишни бўлса ҳам" деб марҳамат қилдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Зарра миқдоридаги яхшилик ҳам сенга манфаат келтиради, буни асло унутма. Садақа қилаётган пулинг фақирники эмас, ўзингники бўлади, олиб қолганинг эса ўлсанг ернинг устида қолиб кетади. Қабрга пулинг ёки машинанг билан кўмилмайсан, аёлинг ва фарзандларинг, биродарларинг  ҳам сен билан бирга тушмайдилар, бироқ  солиҳ амаллар ҳақиқий дўстингдир, улар сени ташлаб кетмаслар. Иймон келтириб, солиҳ амал қилар экансан яна айрим нарсаларни ҳам эсдан чиқарма. Қилаётган яхшиликларингни фақат Аллоҳнинг ризолиги учун қил. Ҳеч кимдан мақтов ёки олқиш кутма. Ахир, яхшиликларинг эвазига Аллоҳ сенга берадиган мукофот кифоя қилмайдими, етарли бўлмайдими?! Иложи борича солиҳ амалларингни яшир ва уларни катта санама.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари нақадар чиройли, диққат билан ўқи: " Роббисига холис бўлган киши худди қум устида юрган кишига ўхшайди. Қадам товушларини эшитмайсан, лекин унинг изини кўрасан". Яъни яхшиликларни Аллоҳ ризолиги учун қилаётган бўлсанг, бу ҳақида атрофга жар солма, ўзгаларга билдирма. Қилган ишларингдан Роббинг хабардор экани кифоя қилмайдими?!

Яхшиликларни ихлос билан, яъни фақат Аллоҳ ризолиги учун қилар экансан, ҳеч қачон ғурурланма! Негаки мен ва сенда зоҳир бўлаётган  хайриятлар У Зотнинг мадади, бизга кўрсатган марҳамати биландир. Намоз ўқияпсан, таҳорат учун сувни Ким берди, намоз ўқиш учун қувватни Ким берди, сенга иймон ҳамда ҳидоятни Ким берди?! Садақа қиляпсан, қўлингдаги мулк Кимники, уни сенга Ким мулк қилиб берди?! Бас, ғурурланма! Ўзлигингни англа, ожизлигингни тушун, фақатгина Аллоҳга муҳтож эканингни бил!

Ҳар бир кун, соат ёки дақиқа ўтар экан, бизнинг бир қисмимиз кетади, қайтмас бўлиб. Шундай экан, охират сафари учун тайёрлаган халтангни яхшиликлар билан тўлдириб ол. Биродарим, мен сени яхши кўраман! Боймисан ёки камбағал, кучлимисан ё заиф,чиройлимисан ёки у қадар ҳусндор эмас, бунинг аҳамияти йўқ. Сен барча иймон келтирганлар қатори менинг акам, укам, опам ёки синглимсан! Сен ҳақингда қўлдан келганча қайғураман, илтимос, ўзингни эҳтиёт қил! Камина укангни дуоларингда эслаб тур, Аллоҳ сендан рози бўлсин, Ўзи сени муҳофаза қилсин!

 

Улуғбек Тожимахамматов, Андижон вилояти, Марҳамат тумани.

Ушбу ҳикоя "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган "Яхшилик қил-2021" танловига юборилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ким яхшилик қилса, унга…

2043 16:15 04.06.2021

«YAXSHILIK QIL – 2021» танлови ғолиблари аниқланди

1400 12:35 25.05.2021

Имконингиз етганича яхшилик қилаверинг

1933 08:00 19.05.2021

«Мен қандай қилиб бой бўлдим...»

2507 13:25 16.05.2021

Қаддингни ростла!

2256 22:00 15.05.2021

Яхшилик қалбларни титратар

1554 04:00 08.05.2021
« Орқага