Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Яхшиликнинг етти сири

1667

Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 30-оятида шундай марҳамат қилади: “Ва тақво қилганларга: “Роббингиз нимани нозил қилди?”, дейилди. Улар “Яхшиликни” дедилар. Чиройли амаллар қилганлар учун бу дунёда чиройли (мукофот) бордир”. Аллоҳ томонидан нозил қилинган бу яхшиликлар ҳақида фикр қилиш ва одамларга эзгу амаллар билан мадад бериш биз барчамизнинг бурчимиз бўлиб ҳисобланади.

Эслатма бўлсин дея ҳиммат, атрофдагиларга меҳр-оқибатли бўлиш тўғрисида қилган ушбу меҳнатимизни Роббимиз хайрли ва барчамиз учун нафли қилсин! Фикри ожизимча, яхшилик қилишда ҳам маълум мезонлар борки, улар яхши амални самаралироқ ва савобни зиёдароқ бўлишига сабаб бўлади. Улардан баъзиларини санаб ўтишни ва сизларни ушбу амалларга эътиборли бўлишга чорлашни лозим деб билдим:

Ҳаммага яхшилик тиланг. Сиз бирор кишига бир эзгулик тиласангиз фаришталар сенга ҳам шу яхшиликнинг ададича бўлсин, дейдилар. Шундай экан, нафақат амалда, балки дуода ҳам мўмин учун бу ҳаётда ҳам ва охират учун ҳам фойдали йўл – бу ўзингизга раво кўрган шодликни ўзгаларга ҳам бирдек раво кўриш ҳамда барчага бахт тилаш эканлигини унутмайлик!

Миннат қилманг. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўли очиқликнинг офати миннатдир”, деганлар. Батаҳқиқ, миннат инсон учун офатдир. Инсон миннат юклаши мумкин бўлган ягона зот – бу ўша инсоннинг ўзидир. Яъни киши Аллоҳ унга неъмат бериб, уни сарфлашга муваффақ қилганини ўзига эслатиши ва шукур қилмоғи, чин мўминлик ва олийжаноблик даражотига етиш йўлида тер тўкмоғи даркор.

Молингиздан нафақа ва хайр-эҳсонлар беришга шошилинг. Аллоҳ Таоло бу хусусида бир неча Қуръон оятларида марҳамат қилади. Улардан бирини келтирамиз: “Агар Аллоҳга яхши қарз берсангиз, У сизга кўпайтириб берур ва сизни кечирур. Аллоҳ шакур ва ҳалиймдир” (Тағобун, 17). Аллоҳ Таолонинг ваъдаси чиндир. Эслатма бўлсинки, умр давомида йиғиб, асраб келган моддиятимиз қолиб, эзгу амаллар йўлида эҳсон қилганларимиз бизга ҳамроҳ боради. Буни чуқур англаган ҳолда, мусобақа қилсак, эзгулик учун, Роббимизнинг розилиги учунгина мусобақа қилайлик ва хайрли амаллар қилишга шошилайлик. Зеро, Аллоҳнинг ҳузурида саховатли қалб эгалари учун улкан ажрлар бор: “…Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар” (Мутоффифун, 26).

Яхшилигингизни кичик санаманг. Зеро, қилган амалингизнинг ажри Аллоҳгагина аён. Зотан, Роббимиз қилган ҳар бир эзгулигимиз учун ўнтадан етти юзтагача ёки янада зиёда қилиб савоб ёзилишини ваъда қилган эмасми?! Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир” (Залзала, 7). Росулимиз айтганларидек, бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам дўзах ўтидан сақланинг.

Яхшилик қилишни аҳли оилангиз ва муҳтожлардан бошланг. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли оиласига яхшилик қилувчиларингиздир ва мен сизларнинг ичингизда аҳлига кўпроқ яхшилик қилувчингизман”. Исломда улуғланган, жамиятнинг асоси бўлган оила биз мўминлар учун муқаддас даргоҳ, оила аъзоларимиз эса инсонийлик жиҳатдан қадрлашимиз ва эзгулик қилишимиз учун энг ҳақли бўлганлардир. Ундан сўнг эса муҳтожларга ҳиммат қилиш жоиздир. Бунинг боиси шуки, муҳтож пайтда берилган кичик яхшилик, муҳтож бўлмаган инсонга қилинган катта яхшиликдан устунроқдир.

Эзгуликни махфий тутмоқ ошкораликдан афзалроқдир! Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий қилинган иш ошкор қилинган ишдан афзал. Агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, деганлар. Демакки, ҳар қандай яхшиликка киришишдан аввал бу амалдан мақсадни ва уни қай тарзда амалга оширишни аниқлаштиринг. Агар бу амалдан мурод инсонларни эзгуликка бошлаш ва ёмонликдан қайтариш бўлса, унга шаҳд билан киришинг. Одамлар билишлари учун қилинган иш риёдан бошқа нарса эмас. Ундай инсонларнинг ўзига ҳам, ўзгага ҳам фойдаси тегмайди.

Ҳар қандай эзгу амалда мақсадингиз аввало Аллоҳ ризоси бўлсин. Дунёнинг барча матоҳи шунчаки синов учун берилганини, биз эришган ва эришадиган барча моддият ва маънавий бойликлар ар-Раззоқ бўлган Аллоҳдан эканини уммат аҳли доимо онгида сақламоғи лозим ва лобуддир. Шундай экан, нима учун биз бунга шукурни адо этиб, ҳар эзгу амалда Унинг розилигини истамаслигимиз керак?! Аллоҳ Таоло тақводор инсонни Ўз оятида қуйидагича тавсифлаган: “У барча яхшиликларни олий мақом Роббининг розилигини сўраб қиладир” (Лайл, 20).

Хулоса сўзи сифатида шуни қайд этиш лозимки, инсон саховати ўзи учун ҳам атрофдагилар учун ҳам самара, наф келтиради.  Сиз ҳам ҳозирданоқ эзгуликлар қилишга янада шаҳд қилинг ва одамларга сиздан кўпдан кўп яхшилик етсин. Боиси одамларнинг энг яхшиси, одамларга нафи кўпроғидир!

 

Хабибулло Ўринбоев, Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети талабаси

Ушбу мақола “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Яхшилик қил-2021” танловига юборилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ким яхшилик қилса, унга…

1574 16:15 04.06.2021

«YAXSHILIK QIL – 2021» танлови ғолиблари аниқланди

1012 12:35 25.05.2021

Имконингиз етганича яхшилик қилаверинг

1404 08:00 19.05.2021

«Мен қандай қилиб бой бўлдим...»

2168 13:25 16.05.2021

Қаддингни ростла!

1909 22:00 15.05.2021

Яхшилик қалбларни титратар

1109 04:00 08.05.2021
« Орқага