Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) ҳисоботига кўра, Яманда етти ой ичида 15 нафар бола қизамиқдан вафот этган.
Жамғарма маълумотларига кўра, январдан июлгача Яманнинг еттита вилоятида, шу жумладан, мамлакатнинг вақтинчалик пойтахти Аданда жами 1400 нафар бола қизамиқ билан касалланган.
Ҳисоботда айтилишича, UNICEF Яман Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қизамиқ эпидемиясига қарши бошланган эмлаш кампаниясини қўллаб-қувватламоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Яманда соғлиқни сақлаш соҳаси эҳтиёжларининг атиги 13 фоизи қондирилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ҳисоботларида Яман аҳолисининг 73 фоизи (тахминан 23,4 миллион киши) қуролли можаролар туфайли инсонпарварлик ёрдамига муҳтож, 4,3 миллион киши эса уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлгани айтилади.
Қуролли можаролар оқибатида 377 минг киши, жумладан, 13 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган.