Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Яна мактабда рўмолга ҳужум...

6575

Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчилари ўқувчи қизни рўмолда келганлиги  сабабли уларга  қаттиқ танбеҳ бериб, изза қилаётгани ҳақидаги аудиоёзув тарқалди. Хабарларда айтилишича бу мактаб Сурхондарё вилояти Узун туманида жойлашган 18-мактаб бўлган.

Ўқувчи қиз мактабга рўмолда келганлиги сабабли унга уч нафар ўқитувчи томонидан бундай аҳволда мактабга келмаслиги ҳақида “тушунтириш” берилган. Ижтимоий тармоқлар орқали рўмолга тааллуқли бўлган бундай “тушунтириш ишлари”га кўп дуч келамиз. Саволлар туғилади: бундай ташвиқот ишлари қандай қонун, қандай низом бўйича амалга оширилади?

Бу галги воқеликнинг ҳам шу жиҳати бизнинг диққатимизни тортди. 18-мактаб ўқитувчиларининг ҳали вояга етмаган 9-синф ўқувчисига нисбатан олиб борган тушунтириш ишларида бир қанча ноаниқликларга ҳамда ўқитувчилар томонидан ўқувчи қизнинг ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилганлигига гувоҳ бўлдик. Ўқитувчилар ҳатто ўқувчи қизнинг ҳижобда келганини рўкач қилиб унга таҳдидона гаплар гапиришган: “мактабда ҳижоб кийиб юрганларнинг ота-онасига 840 минг сўмдан жарима белгиланган. Шундай рўйхатингни бериб юборамиз, ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайсан”, деб айтган ўқитувчилардан бири. Бундай жарима ҳақида эшитиб очиғи ҳайрон қолдик. Рўйхатни кимга беради, кимдан ёки нимадан қочиб қутулиб бўлмайди, бу ҳам - қизиқ. Яна гапининг охирида : “мактаб формасида келасан, йўқотаман бўлмаса”, деб қизни қўрқитган. Табиийки бундай шаклдаги, педагогга хос бўлмаган усулда олиб борилган тушунтириш иши акс таъсир кўрсатади. Ҳали вояга етмаган ўқувчига ўтказилган бундай босим унинг руҳиятига, илм олиши даражасига бевосита таъсир кўрсатади.

Бу ерда кимнинг хатти-ҳаракатида тартиб-қоидага амал қилмаслик кўпроқ учраган? Иффатини сақлаш учун мактабга рўмол ўраб келган ўқувчиними ёки ўқувчига нисбатан белгиланган тартибдан ташқари тушунтириш олиб борган ўқитувчиларними?  Биз бу воқелик бўйича батафсил маълумот олиш мақсадида дастлаб Сурхондарё вилояти Узун тумани ҳокимлиги билан, сўнгра Халқ таълими вазирлиги туман бошқармаси билан боғландик.

Бошқарма бошлиғи ўринбосари бизга юқоридаги ҳолат бўйича маълумот берди. Ходим  ўқувчи қизга нисбатан ўтказилган тушунтириш пайтидаги ўқитувчиларнинг қилган ишларини, тутган йўлларини оқлаб бўлмаслигини айтди. Унинг айтишига қараганда ушбу аудиоёзув ижтимоий тармоқларга тарқалгач туман Халқ таълими бошқармаси томонидан вазият ўрганилиб, ўқитувчиларнинг хатти-ҳаракати юзасидан уларнинг ўзлари билан тушунтириш ишлари олиб борилган ҳамда ҳайфсан берилган.

Бошқарма раҳбари ўринбосари ўқитувчиларнинг жарима ҳақидаги ёки шунга ўхшаш “осмондан олинган” гапларига изоҳ берар экан, бу гапларнинг мутлақо асоссиз, ўқитувчининг ўзининг фикри, ўзи топган гапи эканлигини айтди. Бу масала бўйича мактаб раҳбарияти билан боғланганимизда эса мактаб директори барча маълумотни туман Халқ таълими бошқармасига тақдим қилингани, бизни қизиқтирган маълумотни улардан олишимиз мумкинлигини айтиб, узини бироз четга олгиси келди. Ваҳоланки, директор раҳбар сифатида қўл остидаги ходимларининг ишларига қайсидир маънода жавобгар бўлмайдими?

Юртимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарорлардан наҳотки мактаб ўқитувчилари бехабар бўлса?! Ёки мактабларнинг ички тартиб қоидалари, низомлари фақат ўқувчилар учунми?

Туман Халқ таълим бошқармаси ходимининг маълумот беришича, агар ўқувчи мактаб ички қоидаларига риоя қилмаса, бу масала ўқувчининг ота-онаси иштирокида муҳокама қилиниши керак. Бизнинг “шоввоз” ўқитувчиларимиз эса тўғридан-тўғри ўқувчиларга босим ўтказиб қўя қолган.

Яна бир масала: мактаб ички қоидалари, ҳусусан форма масаласи қандай қарор ёки қонунга биноан шакллантирилади?

Кўплаб мажбурий форма талаб қиладиган  ўқитувчилар бунга Вазирлар маҳкамасининг 666-сонли қарорини рўкач қилишади. Лекин бу қарорнинг 3-бандига кўра ўқувчиларнинг таълим муассасасига  замонавий мактаб формасида келишлари 2024-2025 ўқув йилдан бошлаб мажбурий эканлиги белгиланган. Демак бу қарор уларнинг талабларига асос бўла олмайди.

Таҳририятимизга худди шу мазмундаги яна бир шикоят келган. Унда Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида жойлашган 5-мактабда ҳам ўқитувчилар рўмол ўраган қизларга тазйиқ ўтказаётгани ҳақида айтилган. У ерда ҳам мактаб маъмурияти рўмоллли қизларга: “сенларни рўйхат қилиб Тошкентга жўнатишимиз керак”, деб дўқ ураётган экан. Биз маълумотларни ўрганиб, агар ҳолат яхши тарафга ўзгармаса, Янгиердаги мактаб юзасидан ҳам маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Афсуски сўнгги ойларда бу каби ҳолатлар кўпайган. Рўмол ўраган қизлар, аёллар дунё миқёсида улкан кашфиётлар қилаётган, нуфузли халқаро олимпиадаларда олий ўринларни олаётган, ҳатто космосга парвоз қилаётган шундай даврда, рўмол билан курашиш ўрнига таълим сифатини янада кучайтириб, вақтимизни, салоҳиятимизни уларнинг билим олишига қаратсак яхшироқ булар эди.

Халқ таълими вазирлигидан бу борада муҳим қадамлар, ҳаққоний ислоҳотлар кутиб қоламиз.

 

Муҳаммадумар Абдуллаев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Болаларни калтаклаш мумкин эмас, ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда!

598 11:34 21.11.2022

Ота, сизни яхши кўраман...

1624 22:55 04.11.2022

Мактабда гиёҳванд моддали ширинлик тарқатилганми? – ИИБ хабар берди

844 12:25 02.11.2022

Ҳокимларга таълим ривожи керак эмасми?

508 16:10 04.10.2022

ХТВ дарсликлар бўйича ўқитувчиларга мурожаат билан чиқди

438 13:25 04.10.2022

Озарбайжон. Арманлар вайрон қилган мактабларни турклар обод қилмоқда  

416 09:40 27.09.2022
« Орқага