Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Янги Покистондан эски Покистонга: Имрон Хоннинг қулаши

1416

Имрон Хон охир-оқибат бош вазир лавозимидан туширилди. Ҳарбийлар билан ораси бузилган, иқтисодий ва ташқи сиёсий инқирозлар билан курашаётган Имрон Хон парламентдаги ишончсизлик вотумини 174 та овоз билан бой берди.

Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрларига кўра, Имрон Хоннинг ҳокимиятни бой беришида мамлакат ички ва ташқи сиёсатида асосий роль ўйнайдиган ҳарбийлар билан муносабатларнинг бузилиши асосий омил бўлди, дейиш мумкин. Туркиядаги Жанубий Осиё стратегик тадқиқотлар маркази тингловчиси доктор Ҳаяти Унлунинг ёзишича, Имрон Хоннинг лавозимидан четлатилиши парламент қонунларига зид бўлмаса-да, бу ҳодиса мамлакатдаги нотинч ҳарбий-сиёсий вазият фонида юз бергани учун “янги турдаги тўнтариш” сифатида талқин этилмоқда. Янги раҳбар – “Покистон мусулмон лигаси” партиясининг етакчиси Шаҳбоз Шариф аввал уч марта мамлакат бош вазири бўлган Навоз Шарифнинг укасидир. Шунинг учун тўнтариш кампанияси “Эски Покистонга қайтиш” шиори остида олиб борилди.

Маълумки, Покистон тарихида бирорта ҳам бош вазир ўз ваколат муддатининг охиригача ишлай олмаган. Имрон Хон бу жараён “геосиёсий аралашув” сабаб вужудга келганини иддао қилди.

Воқеалар қандай ривожланди?

Имрон Хоннинг ҳокимиятдан четлатилиши илдизи ҳарбийлар билан муносабатлардаги муаммоларга бориб тақалади. У армиядаги тайинловлар борасида ҳарбийлар билан ҳамфикр бўла олмагани етмагандек, ташқи сиёсат масаласида ҳам муросага кела олмади. Камига эпидемиядан кейин ортиб бораётган инфляция туфайли иқтисодий инқироз  кучайиб, мухолифатга Имрон Хонга қарши кампания бошлаш учун қулай шароит яратиб берди. 

2021 йилнинг октябрь ойида бошланган ишончсизлик кайфияти мухолифатга бошқа мухолифат партияларини Имрон Хонга қарши овоз беришга кўндиришда қўл келди. Аввал Балужистон халқ ҳаракати, кейинроқ ҳукмрон партия – Покистон Адолат ҳаракатининг Cиҳангир Тарин бошчилигидаги фракцияси мухолифат томонига ўтиб кетди. Бу ҳолат бош вазирга нисбатан ишончсизлик кайфиятини баттар кучайишига олиб келди. Имрон Хон тарафдори бўлган парламент раиси доимий равишда овоз беришни ортга суриб келгани ҳам мухолифатнинг ўз мақсадига эртароқ етишига монелик қилаётганди. Охирги ойгача Имрон Хон ва унинг сафдошлари саъй-ҳаракати билан парламентдаги мувозанат бир маънода сақланиб турганди, аммо БМТнинг Имрон Хонни қўллаб-қувватлашдан бош тортиши масалага узил кесил нуқта қўйди, дейиш мумкин.

Имрон Хоннинг қулаши

Имрон Хон тарафдорлари конституцияга зид бўлгани сабабли 3 апрелдаги натижани бекор қила олди. Парламент раиси ўринбосари Имрон Хонга АҚШдан йўллаган "таҳдид мактуби"ни сабаб қилиб кўрсатиб, овоз беришга ташқи сиёсий кучлар аралашган, деб туриб олди. Мухолифат эса бу ишни Олий судга юборди. Тўрт кундан кейин Олий суд овоз бериш натижаларини бекор қилиб, ассамблеянинг тарқатилишини ҳам конституцияга зид деб топди ҳамда овоз беришни 9 апрель куни қайта ўтказиш ҳақида қарор чиқарди. 

Бу ишончсизлик вотуми Имрон Хоннинг сўнгги лаҳзагача курашаман, деган баёноти билан яна бир бор кечиктириш мумкин эди. Бироқ парламент ташқарисидаги воқеалар бу сафар Имрон Хонга қарши ишлади. Ахборот каналлари Олий суд ярим тунда навбатдан ташқари мажлис ўтказиб, парламент раисини ишдан бўшатгани ҳақида хабар тарқатди. Тунги соат 23.00 лар атрофида Исломобод полициясининг машиналари парламент олдида тўпланиб қолгани ва кўплаб муассасалар, айниқса, парламент аскарлар томонидан қуршаб олингани айтилди. Барча аэропортлар юқори шай ҳолатга келтирилди, мамлакатни тарк этиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳукумат амалдорини тўхтатиш бўйича топшириқ берилганди. Имрон Хон яшайдиган Бош вазир қароргоҳи воқеаларнинг қайнаган жойи эди.

Имрон Хоннинг армия раҳбари генерал Бажвани ишдан бўшатиши ҳақида мишмишлар тарқалди ва бу қарор мамлакат барқарорлигига таъсир ўтказиши айтилиб, Олий судга ариза топширилди. Генерал Бажва вертолётда юқори мартабали ҳарбий ва разведка ходимлари билан бирга Имрон Хоннинг қароргоҳига боргани хабари яшин тезлигида тарқалди. Бу драматик воқеаларнинг барчаси ВВC Урду нашрида чоп этилган мақола билан тасдиқланганди. Маълум бўлишича, Имрон Хон ҳақиқатан ҳам генерал Бажвани ишдан бўшатмоқчи бўлган, аммо бунга мудофаа вазирлиги монелик қилган. Ассамблея раиси ва ўринбосарининг истеъфога чиқиши ортидан ўтказилган вотумни қабул қилиш учун 342 тадан 172 та овоз керак эди, Имрон Хонга қарши 174 нафар депутат “қўл кўтарди”.

Имрон Хон нима учун ҳокимиятдан ағдарилди?

Аслини олганда, Имрон Хоннинг истеъфо бериши сабаблари, эҳтимол, 2018 йилда Навоз Шарифнинг кетиши билан боғлиқ бўлган. Ўша пайтда армия билан кучли зиддиятда бўлган Шариф маъмурияти Панама ҳужжатлари билан боғлиқ коррупция машмашаси сабаб ағдарилиб, унинг ўрнига сайловларда армия томонидан қўллаб-қувватланган Имрон Хон келтирилганди.

Имрон Хон биринчи навбатда тиббий суғуртани қўллаш орқали мамлакатда ижтимоий вазиятни яхшилашга эътибор қаратди. Эпидемияга қарши курашда муваффақиятга эришганига қарамай, инфляция ва иқтисодий инқирознинг ўсиб бораётгани мухолифатга Имрон Хонга қарши кампания бошлаш учун йўл очди.

АҚШ томонидан ўзига қарши фитна уюштирилганини даъво қилган Имрон Хон ҳарбий элитани "АҚШнинг қўғирчоқлари" деб айблади. Генерал Бажва АҚШ билан ҳамфикр эканини изҳори сифатида, руслар Украинага бостириб кирган куни Москвада бўлган Имрон Хондан фарқли ўлароқ, Россияни қоралади. Шу тариқа Покистонда навбатдаги бош вазир муддати тугамасдан туриб ағдарилганига гувоҳ бўлдик.

Геосиёсий инқирозми?

Имрон Хоннинг лавозимидан четлатилишини ташқи сиёсий кучлар таъсирида юз берган геосиёсий вазият деб ҳисоблаш мумкинми? Мумкин, албатта. Покистон АҚШ–Хитой рақобати шароитида Малака бўғозини четлаб ўтадиган Хитой-Покистон иқтисодий коридори ва Белт-йўл лойиҳаси учун энг муҳим рол ўйнайди. Қўшимчасига Гвадар порти жойлашган Балужистон вилоятига Хитой пойтахти томонидан катта сармоя киритилиши кўплаб Ғарб давлатларини, айниқса, АҚШни безовта қилмоқда.

АҚШ Хитойнинг Покистон орқали Ҳинд океани ва Форс кўрфазига етиб бориш имкони ошишини истамайди. Қолаверса, Хитой–Покистон яқинлашувини Тинч океани жабҳасида муҳим ўрин тутувчи Ҳиндистон учун хавотирли деб ҳисоблайди.

Хитойнинг Осиё сиёсатида ўз таъсир доирасини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари, айниқса, Соломон ороллари билан имзоланган хавфсизлик шартномаси океан ортидагиларнинг назаридан четда қолмади. АҚШ бунга исён сифатида Покистондаги ҳокимият алмашинуви билан жавоб бергани тахмин қилинмоқда. Хитой билан яхши муносабат ўрнатган, Россия билан яқинлашган ва "мустақил ташқи сиёсат" нутқи билан АҚШга қаршилигини билдирган Имрон Хон маъмуриятининг ағдарилиши айнан мана шу нуқтаи назардан жуда муҳим қадамдир. Буни минтақани Ғарб фойдасига беқарорлаштириш ҳамда минтақада Ғарб манфаатларини қайта ташкил этиш сифатида баҳолаш мумкин.

Имрон Хондан кейинги давр

Ишончсизлик вотуми муҳокамаси давом этар экан, энг муҳим масалалардан бири Имрон Хондан кейинги эҳтимолий сценарийларга тегишли. “Покистон Мусулмон Лигаси” партияси қайта сайловлар тарафдори, Синд вилоятидаги ҳокимиятини қўлдан бой беришни истамаган Покистон Халқ партияси эса айни парламент ичидан янги бош вазир сайлаш ҳаракатида.

Бу ёндашувлар мухолифат орасида маълум зиддиятларни келиб чиққан бўлса-да, ишончсизлик вотуми пайтида Имрон Хонга қарши туриш уларнинг бирлашиши учун етарли эди. Имрон Хон қулатилгани ортидан қисқа вақт ичида Шаҳбоз Шарифнинг янги бош вазир этиб сайланиши асосий мухолифат билан ҳукуматни бошқариш бўйича келишиб олинганини кўрсатди. Имрон Хоннинг “Янги Покистон”и тугатилиб, ўрнига “Эски Покистон” қайтганини эълон қилинди, бироқ мухолифат ҳеч қандай ўч олиш сиёсатига амал қилмаслигини ва асосий эътиборни иқтисодий инқироздан чиқишга қаратилганини таъкидлади.

АҚШнинг қўллаб-қувватлаши билан танилган Шаҳбоз Шариф ташқи сиёсат борасида янги “юмшатиш”га киришиши, айниқса, Ҳиндистон муносабатларни яхшилашга интилиши тахмин қилинмоқда. Хитой билан яхши бўлишга қарши бўлмаса-да, Россияга нисбатан муносабатлар салбий тарафга ўзгариши мумкин. 

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, Имрон Хондан кейин Покистон ташқи сиёсати кўпроқ мувозанатни тиклаш ва ички сиёсий ишончни оширишга қаратилишини кутиш мумкин.

Абдулазиз Муборак тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шавкат Мирзиёев Покистон президенти ва Бош вазирига табрик йўллади

275 19:40 14.08.2022

Покистонда яна сув тошқини: бу сафар қурбонлар сони салкам 190 та 

307 18:35 13.08.2022

Бухоро 2023 йили ШҲТ туризм форумига мезбонлик қилиши мумкин

240 22:30 05.08.2022

Исломобод баёнот берди: АҚШ Ал-Завоҳирийни йўқ қилиш учун Покистон осмонидан фойдаланмади

322 14:02 05.08.2022

Хайриячилар Покистон учун ёрдам сўрашмоқда

285 14:55 03.08.2022

Покистонда яна бир фалокат: вертолёт ғойиб бўлди 

406 11:40 02.08.2022
« Орқага