Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Яшил макон нидоси ёхуд гуллаган боғ нега кесиб ташланмоқда?

756

Таҳририятимизга Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Парвоз маҳалласи (Мустақилликнинг 18 йиллиги кўчаси)да яшовчи аҳоли номидан хат келди. Хатда маҳалла ҳудудида бўлган ката боғнинг тадбиркорлар томонидан уй-жой қурилиши баҳонасида кесиб ташланаётгани айтилади. Қуйида маҳалла аҳлининг фарёдга тўла мактубини ҳавола этамиз.

 

* * * 

Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Парвоз маҳалласи (Мустақилликнинг 18 йиллиги кўчаси)да катта боғ мавжуд. У 18 га майдонни эгаллаб турибди. Унда юзлаб катта мевали дарахтлар ва ноёб арчалар ўсади. Мазкур ҳудудда ўзига хос ҳайвонот дунёси – ноёб қушлар ва ҳайвонлар яшайди. Бу боғ катта майдонни эгаллаб тургани туфайли атроф муҳитга, атрофда яшаётган аҳолига соф ҳаво ва иқлим ҳамда гўзал манзарани яратиб турибди. Маҳалладаги уйларга чатишган ва аҳоли фойдаланаётган зовур ҳам йўқ қилиняпти. Ушбу зовурдан аҳоли кўп йилдан бери фойдаланиб келмоқда.

То 2018 йилгача мазкур боғ суғориладиган ер сифатида “Гулчилик ва боғдорчилик” МЧЖнинг ҳудуди бўлган, унда бу корхона мевалар етиштирган ва арчаларни ўстирган. Кўп йил давомида бу боғ ҳақиқий “қўриқхона”га айланди десак муболаға бўлмайди, чунки унинг аҳамияти ва вазифаси нафақат мева етиштириш билан боғлиқ бўлган, балки табиий ҳолда экологик тозаловчи ролини ҳам ўйнай бошлаган. Бу ер пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидан бир км нарида жойлашган, шу туфайли у пойтахтдаги қисқариб бораётган яшил зоналар учун маълум маънода компенсатор вазифасини ҳам бажариб келмоқда. 

Ўша боғ ва зовур жойлашган ҳудуд Қибрай ҳокимияти қарори билан “Турғун” ҳусусий корхонаси мулкига айлантирилган бўлиб, унинг ўрнида энди коттеджлар қурилмоқда. Бу дегани, аста-секин боғдаги мевали дарахтлар, арчалар, у ердаги ноёб ҳайвонот ва сув оқадиган зовур ғойиб бўлади. Маълумки, бугунги кунда бутун мамлакатимизда дарахтлар кесилиши жиддий муаммони келтириб чиқаргани туфайли, одамлар кўп жойларда норози бўлмоқда. 

Бу ерда эса бир бутун катта боғ (юзлаб ҳосилга кирган ноёб гилос, олхўри, ёнғоқ дарахтлари, шунингдек ноёб арча дарахтлари....) ва унумдор ер йўқ қилиняпти. Бу ҳудуд тадбиркорга берилишидан олдин кўп йилдан бери суғориладиган ер бўлган, шунинг учун ердан экологик жиҳатдан бошқа мақсадларда фойдаланиш (перепрофилирование) экологик талабларга ва Президент қарорларига зиддир. “Шаҳарча” қуриш учун бошқа ерлар кўп бўлсада, бу боғ кесиб ташланса жуда ачинарли ҳол бўлади.  

“Турғун” хусусий корхонага бу ҳудуд ажратилганида унга бу ерда иссиқхона (теплица) бизнеси билан шуғулланиши учун жой берилган эди, аммо сўнгра унинг нияти ўзгариб коттеджлар қурмоқчи бўлиб қолди. Шуни кўрган маҳалла аҳолиси ўз норозилиги билдириб шикоят қила бошлади, боғ дарахтлари ва зовур қолсин деб ҳатто тадбиркорнинг ўзидан ҳам бевосита илтимослар қилди. Аммо тадбиркор умуман халқнинг нидосига қулоқ солмади ва ўзининг қурилиш ишини давом эттиряпти. 

Аҳоли ўз шикоятларини Қибрай туман ҳокимияти, Тошкент вилоят ҳокимияти, Адлия вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш ва экология Давлат Қўмитаси каби тегишли давлат идораларига юборган бўлса-да, вазият ўзгармаяпти. Тадбиркор дарахтларни кесиб ташлаш ва зовурни кўмиб ташлаш ниятини яширмаяпти ҳам. Бир хусусий корхона эгаси бутун бир маҳалла аҳолисига қарши туриб, можаро тугамаяпти. 

2019 йил 17 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш” тўғрисидаги қарорида шундай дейди:

7. Дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш ва дарахтларни хатловдан ўтказиш устидан жамоат назорати фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

8. Дарахтлар ва буталарни экиш уларнинг турлари, иқлим шароитига мосланувчанлигига, ер ости сувларининг яқинлиги, ернинг шўрланиш даражаси, суғориш тизими мавжудлиги ҳамда уларнинг функционал вазифаларига кўра амалга оширилади.

44. Дарахтларни кесишдан манфаатдор бўлган жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари дарахтларни кузги ёки баҳорги экиш даврида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тавсия этилган ҳудудларда ҳар бир кесилган дарахт ўрнига ўн туп дарахт экиб бериш мажбуриятини олади.

Ўзбекистон Ер Кодексида эса шундай моддалар бор:

43. Ҳайдаладиган ерлар, пичанзорлар, яйловлар, ташландиқ ерлар, кўп йиллик дов-дарахтлар (боғлар, токзорлар, тутзорлар, мевали дарахт кўчатзорлари, мевазорлар ва бошқалар) эгаллаган ерлар қишлоқ хўжалиги ерлари жумласига киради. Қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофаза қилиниши лозим. 

44. Суғориладиган ерлардан фақат қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, шунингдек боғдорчилик, узумчилик ва кўп йиллик дов-дарахтлар етиштириш учун фойдаланилиши мумкин.

Суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Бундай ерларни суғорилмайдиган ерлар сирасига ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитлар, ерларнинг сув билан таъминланганлиги, улардаги мавжуд сув ресурслари ҳамда бу сувларга белгиланган лимитлар инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг хулосасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади.

Суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадлар учун, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун, шунингдек унумдор тупроқ талаб этилмайдиган илғор технологияларнинг (гидропоника ва бошқалар) янги усуллари қўлланиладиган иссиқхоналар қурилиши учун ажратишга йўл қўйилмайди. 

Шуларни инобатга олсак, “Турғун” корхонаси мана шу хужжатларни инкор қилган кўринади. Қандай бўлмасин, бу корхонага шу жойдан ер ажратилиши бўйича ҳокимият томонидан қарор қабул қилинишида, биринчидан маҳаллий аҳолининг истаги, манфаатлари ва талаблари инобатга олинмаган, экологик оқибатларга бефарқ бўлинган ҳамда умуман қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланаётган суғориладиган ер бошқа мақсадлар учун фойдаланиши сабабли, мазкур қурилиш ишларининг қонунийлиги тўғрисида шубҳалар уйғотади.

Қолаверса, ушбу маҳалла атрофида биронта дам оладиган кўкаламзор жой мавжуд эмас ва бу боғни айнан шундай жойга, яъни одамлар сайр қиладиган, дам оладиган паркка айлантирса бўлади. Бу ерда болалар учун спорт майдончасини ҳам барпо этса бўлади, чунки мазкур маҳаллада болалар ўйнайдиган жой хам йўқ. Ҳатто бу боғни атрофдаги аҳолига мева ва сабзавотларни етиштириб берадиган ҳудудга ҳам айлантирса бўлади. Бу ердаги туб аҳоли деҳқончилик билан шуғулланган ва бу майдон суғориладиган қишлоқ хўжалик учун ишлатиладиган ҳудуддир, чунки унинг ўзига ҳос ноёб ер ҳусусиятлари мавжуд. Бу ердан фақат мевазорлик, гулчилик, манзарали ўсимликларни ўстириш учунгина унумдорли фойдаланиш мумкин. 

Давлатимиз ва Президентимизнинг «Яшил макон» умуммиллий сиёсати олиб борилаётган бир даврда тайёр яшил маконни, юзлаб дарахтларни сақлаб қолиш зарур ва бу ҳатто экологик хавфсизлик нуқтаи назардан стратегик аҳамиятга эга бўлган масаладир. Охирги йилларда мисли кўрилмаган экологик таҳдидлар (чанг, бўрон, қурғоқчилик) тобора кўпайиб бормоқда, шунинг учун кўкаламзор майдонлар ана шундай офатларни ва уларни оқибатини камайтиришга албатта хизмат қилади. Бу кичик бир майдон эмас, 18 га ер майдони бўлиб, унинг айнан экологик аҳамияти жуда катта бўлиши аниқдир, шунинг учун у давлат эътиборида бўлиши шарт.

Маълумки, Президентнинг 30.12.2021 йилдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сон Фармони билан бутун мамлакат миқёсида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилди.

Унга кўра, ҳусусан қуйидагилар назарда тутилган:

• ҳудудларда "яшил боғлар" ва "яшил жамоат парклари"ни барпо этиш;

• дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш;

• ҳар бир дарахтни парвариш қилиш учун масъул бўлган шахсларни белгилаш, бу борада рағбатлантириш механизмларини кенг жорий этиш;

• дарахтларни шикастлантириш ва нобуд қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини янада ошириш.

Бу йил Фаол маҳалла йили деб эълон қилинган. Шу боис, ушбу маконни ва унинг атрофини янада ободонлаштириш мақсадида маҳалла аҳолиси илтимос ва талаб билан чиқиб бир қатор давлат идораларига мурожаат қилди: боғни сақлаб қолиш ва унинг ўрнида “шаҳарча” қуриш тўғрисидаги қарор бекор қилинсин деб. Керак бўлса, бу ерда маълум маънода иккинчи Ботаник Боғ яратиш орзуси ҳам бор. 

Шундай экан, одамлар бу йирик муаммони ҳал қилишда давлат ва Президент ёрдамига муҳтож, токи атрофда яшаётган аҳоли рози бўлиб, кўп йилларгача мана шу боғ, ёки паркдан ва зовурдан баҳраманд бўлиб яшасин. Ўз томонидан боғни янада ободонлаштиришга маҳалла аҳолиси ҳисса қўшишга тайёр.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Испаниядаги Украина элчихонасида портлаш уюштирилди

341 18:50 30.11.2022

Хитойнинг собиқ раҳбари вафот этди

551 16:55 30.11.2022

Ғарб ва ривожланаётган атеизм

762 15:05 30.11.2022

Россиядаги сафарбарлик ва ўлим сонининг ортиши

449 14:42 30.11.2022

Бухарестдаги НAТО саммити: «Биз Путиннинг ғалаба қозонишига йўл қўймаймиз»

345 13:40 30.11.2022

Қандай жирканчлик. Яна бу одамлар бағрикенглик ҳақида гапиришади-я!

2456 12:50 30.11.2022
« Орқага