Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Йирик ГЭСлар фойдами ёки зарар?

769

1997 йилнинг 14 март куни Бразилиянинг Куритиба шаҳрида йирик тўғонлар қурилишига қарши биринчи халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари 14 мартни Халқаро тўғонларга қарши кураш куни деб эълон қилишар экан, “Биз кучли ва бирдаммиз, бизнинг ишимиз адолатли” деган шиорни ўртага ташладилар.

Ўша куни жаҳоннинг 20дан ортиқ мамлакатида тўғонлар қурилишига қарши 50 дан ортиқ намойиш бўлиб ўтди. “Сув ўлим эмас, балки ҳаёт олиб келсин” шиори остида ўтган анжуман иштирокчилари “дарё, сув ва ҳаётни мухофаза қилиш мақсадида” 1998 йилдан бошлаб ҳар йили 14 мартда Халқаро Тўғонларга қарши кураш кунини нишонлашга келишиб олдилар.

Тўғон, деб асосан гидроэлектр станциялари учун сув оқимини тўҳтатиш ва мувоффиқлаштириш мақсадида қуриладиган иншоотга айтилади. Энергия манбаи сифатида сув оқимидан олинадиган энергиялар асосан ГЭСларда ишлаб чиқарилади. ГЭСлар эса одатда дарёларга тўғон ва сув омборлари қурилиши натижасида барпо этилади. Бунинг учун дарёларда йил бўйи сув бўлиши, дарёлар эса имкон қадар нишабликда жойлашиши лозим.

Бугунга қадар электр манбаи ва сувга бўлган эҳтиёж туфайли жаҳон дарёларига 45 мингдан ортиқ тўғон қурилган. Дунёдаги ҳар учта давлатдан биттаси ўз эҳтиёжини ГЭСлар ҳисобига қондиради. Шуни эслатиб ўтиш керакки, ГЭСларнинг жаҳон энергетикасидаги ҳиссаси жуда ҳам катта эмас, яъни  ГЭСлар ҳиссасига жаҳонда ишлаб чиқариладиган электр қувватини 18,8 фоизи тўғри келади.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, сўнгги ярим аср мабайнида гидроэлектрстанциясига мўлжалланган йирик тўғонлар қурилиши натижасида 40-80 миллион киши ўзлари истиқомат қилиб турган ҳудудлардан бошқа жойларга кўчирилган. Одамларнинг киндик қони тўкилган ватанларидан ўзга минтақаларга кўчирилиши уларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатгани, бундан ташқари ҳукуматларнинг иқтисодий зарар кўргани алллақачон ҳисоб-китоб қилинган. ГЭСлар қурилиши оқибатида эса 400 минг квадрат километр унумдор ерлар ва ўрмонлар сув остида қолган. Тўғонлар қурилиши чучук сувдаги балиқларнинг бешдан бир қисми бутунлай ёки қисман йўқолишига сабаб бўлди.

Арзон электр манбаи ишлаб чиқаришга мўлжалланган ГЭСлар қурилиши оқибатида иқтисодий ва техник мақсадларга эришилмагани тан олинади. Жаҳон Тўғонлар бўйича комиссиясининг фикрича, йирик ГЭСларнинг фойдадан кўра зарари кўп экан. Йирик ГЭСлар қурилишига ажратилган маблағлар ўзини оқламаслиги, тўғонлар минтақа экотизимига жиддий зиён етказиши айтилади. Сув иншоотлари дарёлар ўзанинини тубдан ўзгартириб юборади.

Маълумки, дарёлар табиий суратда мунтазам йўналишини ўзгартиради, гоҳ тошиб, гоҳ қуриб қолади. Тўғонлар эса мана шу табиий жараёнга, шунингдек, сув ҳароратига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, сувдаги кимёвий таркибни ўзгартириб юборади. Тўғонлар сув тошқинларини олдини олишга эмас, балки сув тошқинларини келтириб чиқаришга хизмат қилар экан. Шунингдек, тўғонлар сувларнинг шўрланиши, хавфли касалликлар тарқалишининг омили ҳамдир. Чунки сув омборлари чивин каби юқумли касалликлар тарқатувчи зараркунандалар кўпаядиган макондир. Масалан, Саяно-Шушенск сув омбори яқинида ҳар йили 2 мингдан ортиқ кишининг юқумли касалликка чалиниши билан боғлиқ ҳодиса қайд қилинади.

Сув омборлари унумдор ерларни “ютиб юборгани”, меъморий ва маданий ёдгорликлар эса сув остида қолгани тарихдан маълум. Масалан, ўтган асрнинг 30-йилларида фойдаланишга топширилган Днепр ГЭСи Украинадаги унумдор ерларни сув остида қолдирди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, агар сув остида қолган ерлардаги пичан ва хашаклар Иссиқлик Электр станциясида ёқилганида Днепр ГЭСи бир йилда ишлаб чиқарадиган электр манбаини олиш мумкин экан.

Шунингдек, сув остида қолган ўрмонларнинг дарахтлари аста-секин чириши туфайли сув сифати кескин бузилиб кетаётганидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди. Сув омборлари табиий кўллар каби чўкиндилар билан тўлиб бориши сир эмас. Айниқса, тоғ дарёлари сув омборларига чўкиндиларни кўплаб олиб келар экан.Бир вақтлар ГЭСлар қайта тикланувчи ва экологик тоза энергия манбаи сифатида кўрилган эди. Бироқ бу фикрлар мутлоқо нотўғри бўлиб чиқди. Олимларнинг фикрича, барча ГЭСлар парник газини келтириб чиқарар экан. Яъни сув остида қолган ўсимликларнинг айниши ва ачиши оқибатида парник газлари хосил бўлади.

Соҳа мутахассисларининг фикрича, йирик ГЭСлардан кўра, кичик ва ўртача қувватдаги ГЭСлар қуриш фойдалидир. Бироқ 1989 йилда АҚШ Энергетика вазирлиги қошидаги энергияни рационал  ишлатиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бошқармаси ходимлари ўтказган тадқиқотлардан сўнг, “атроф-муҳитга зиён етказмайдиган энергия ишлаб чиқарувчи технология мутлақо йўқ” деган хулосага келинди.

Трансчегаравий дарёларга халқаро талабларга зид равишда йирик ГЭСлар қуриш ўша минтақа ҳавфсизлигига таҳдид солади. Таҳлилчилар сўнгги 10 йилда минтақада зилзилалар 30 фоизга фаоллашганини айтишмоқда. Мутахассислар, йирик ГЭСлар минтақа сув тақчиллиги муаммосининг янада кескинлаштиришини, бунинг оқибатида экология ва қишлоқ хўжалигига миллиардлаб доллор зарар етишини айтишмоқда. Энергетика манбаини ишлаб чиқаришда “энг катта ГЭСни биз  қурамиз” деб манманликка берилмай, ривожланган давлатлар каби харажат ва даромад, фойда ва зарар обдон ўрганиб чиқилса, фойдадан холи бўлмасди.

Сўнги вақтларда жаҳонда йирик ГЭСлар учун қурилган тўғонларнинг фойдасидан кўра кўпроқ зарари ҳақида бонг урилмоқда. Тоғларда тўғон қурилиши эса зилзилаларни келтириб чиқариши эҳтимоли хақида айтилмоқда. Мутахассислар йирик тўғонлар жойлашган ҳудуднинг ўқига босим тушиши оқибатида кичик зилзилалар юз бераётганини айтишади. ГЭСларнинг зилзилалар келтириб чиқариши мутахассислар томонидан тан олинган. Чунки бугунги кунда сув омборларида жаҳондаги барча дарёлардаги сув ҳажмидан уч баробар кўп сув сақланмоқда. Бу эса зилзилаларни келтириб чиқариши аниқ. Масалан, аввал зилзила кузатилмаган ҳудудларда ГЭС қурилганидан сўнг, мазкур минтақаларда ер қимирлаши билан боғлиқ ҳодисалар юз бергани борасида кўп айтилган. Бунга Ҳиндистондаги Койна тўғони яқинида юз берган зилзила ва бунинг оқибатида 180 кишининг ҳалок бўлгани яққол мисол бўла олади.

ГЭСлар тарихида юз берган фожеалар тўғрисидаги мисолларга ўтамиз. Италия шимолидаги Вайонт тўғонида 1963 йил 9 октябрдаги фожеани асло эсдан чиқариб бўлмайди. Кўчки оқибатида тўғон бузилди ва 2 мингдан 3 мингача инсоннинг ҳаётига зомин бўлди.  1975 йилда “Нина” тўфони Хитойнинг Хэнань вилоятидаги Жухэ дарёсида қурилган Баньцяо сув омборидаги тўғоннинг бузилишига сабаб бўлди. Бунинг оқибатида 170 минг киши халок бўлиб, 11 миллионга яқин киши жабр кўрди. 2005 йил 11 февралга ўтар кечаси Покистон жанубий-ғарбидаги Белужистон вилоятида жала қуйиши натижасида Пасни шахри яқинидаги баландлиги 150 метрлик тўғон бузилиб кетди ва бунинг оқибатида бир неча қишлоқни сув ювиб кетди, 135дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Ўшанда одамларнинг жасади Араб денгизидан  балиқчилар тўри  билан йиғиб олинган эди. 2007 йил 5 октябрь куни эса Чу дарёсининг сатҳи кўтарилиши туфайли Вьетнамнинг Тханьхоа вилоятида қурилаётган Киадат ГЭСининг тўғони вайрон бўлди. Натижада 5 мингга яқин тураржой биноси вайрон бўлиб, 35 киши ҳалок бўлди. 2009 йил 17 август куни эса Россиянинг энг йирик Саян-Шушенский ГЭСида юз берган ҳалокат оқибатида 75 киши вафот этиб, ГЭСдаги иншоот ва жиҳозлар жиддий зиён кўрди.

Шуни таъкидлаш керакки, жаҳондаги ҳар бир мамлакатнинг ҳарбийлари душманларининг қўшинлари, ҳарбий иншоатлари ва коммуникациясини йўқ қилиш мақсадида тўғонлардан оммавий қирғин қуроли сифатида фойдаланади. Тўғонлар қурилиши режалаштирилаётганда зарурат туғилганда уни портлатиш ҳам кўзда тутилади.

Ўтган аср ўрталарида  ўзаро рақобатда бўлган давлатлар йирик ГЭС, АЭСлар қуриш борасида мусобақани авж олдирар экан, бу иншоотлар етказиши мумкин бўлган зарарларни ўйлаб ўтиришмаган, тўғрироғи аҳолининг хавфсизлиги билан боғлиқ масалани  назар-писанд қилишмаган.  АҚШнинг Аляска штати расмийлари ўтказган тадқиқотларга кўра, минтақада ГЭС қурилишдан кўра, балиқчиликни, сайёҳликни, овчиликни ривожлантириш кўпроқ фойда келтирар экан. Шу сабабли ҳам аҳолиси кам бўлган Аляскада ГЭС қуришдан кўра, кўпроқ фойда келтирадиган соҳа — сайёҳликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Иқтисоди тараққий этган мамлакатлар экологик нуқтаи назардан арзон электр манбаи бўлмиш йирик ГЭСлар қуришдан воз кечмоқда. Бироқ ривожланиш босқичида бўлган айрим давлатлар нима учундир бу йўлдан бормай, манманликка берилган ҳолда кучлари етса-етмаса баланпарвоз лойиҳалар устида ишламоқда. 1997-2007 йиллар мабойнида АҚШда тўғон қурилишидан кўра, тўғонларни бузиш кўпроқ кузатилди. Францияда эса 1998 йилда иккита, 2003 йилда битта, 2005 йилда битта тўғон бузилди. Австралияда ҳам Веллингтон тўғонини бузиб ташлашни афзал кўришди. Айни дамда Россия экологлари 2020 қадар Сибирни ривожлантириш стратегиясига киритилган баландлиги 208 метр бўлиши кутилаётган Богучан ГЭСи қурилишига қарши чиқмоқда. Улар мазкур ГЭС баландлиги 185 метрдан ошмаслиги кераклигигини талаб қилмоқда.

Инсоният ўзининг энергетикага бўлган эҳтиёжини АЭС ёки ГЭСлар билан эмас, балки қайта тикланувчи электр манбаи билан қондириши мумкин, деган фикр аллақачон пишиб етилган. Масалан, Канада ва Финляндияда энергетика муаммолари ноанъанавий энергия манбалари (қуёш, шамолдан олинадиган электр манбаи) ҳисобига ҳал қилинмоқда.  АҚШ эса шамол генераторларидан фойдаланиш бўйича жаҳонда биринчи ўринда турибди.

Шарофиддин Тўлаганов,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Халқаро шарҳловчилар кенгаши раҳбари

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

431 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

716 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

163 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

253 21:00 01.07.2022

Хотира

283 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

245 20:00 01.07.2022
« Орқага