Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ёқутистонда ўрмон ёнғинларига қарши кураш давом этмоқда (фото)

573

Ҳаво ҳароратининг ҳаддан ташқари исиб кетиши Ёқутистон ўрмонларида ёнғинга сабаб бўлди. Бу ерда 23 июндан бошлаб фавқулодда режим жорий этилиб, 1 июлдан эътиборан аҳолининг ўрмонларга кириши тақиқланди. 163 та ўрмон ёнғини давом этмоқда. 5 мингга яқин киши, шу жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Aвиалесоохрана” корхонаси вакиллари, юзлаб кўнгиллилар ёнғинлар билан курашмоқда.

Ёқутистоннинг марказий ҳудудларида 2021 йил июнь ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги иккинчи энг қуруқ ой бўлди, охирги марта бундай қуруқ ой 1888 йилда қайд этилган. 1888 йил июнь ойида ёғингарчилик 0,9 мм бўлган, бу йил эса бироз кўпроқ – 1,8 мм.

ФВВ мутахассислари Ёқутистонда август ойида ўрмон ёнғинлари кўпайишини тахмин қилмоқда. Бундай прогноз мавжуд метеорологик шароитлар таҳлили асосида қилинган.

Горний, Верхневилюиский, Намский, Томпонский, Уст-Aлданский, Хангаласский ва Чурапчинский туманлари ҳудудида кескин вазият сақланиб қолмоқда.

Сешанба куни Ёқутистонга Бе-200 самолёти етиб келди. Ергелех, Орто-Сурт, Кирикий, Мельжехси, Ударник, Фрунзе ва Едей аҳоли пунктларида алоҳида ёнғин ўчоқлари ўчирилди.

Саноат корхоналари Ёқутистондаги ўрмон ёнғинларини ўчириш учун қирққа яқин техника ажратди. Компаниялар асбоб-ускуналар билан ёрдам бермоқда, кўнгиллилар озиқ-овқат ва зарур нарсалар билан таъминламоқда.

Корхоналар ходимлари уюшган гуруҳ ёки кўнгиллилар сифатида қатнашмоқда. Саноат ва геология вазирлигининг олти нафар ходими Горний туманидаги ўрмон ёнғинини ўчириш учун ихтиёрий равишда кетган.

Шимоли-Шарқий федерал университетнинг 150 нафардан ортиқ талаба, ходим ва битирувчилари Ёқутистоннинг турли ҳудудларидаги ёнғинларни ўчириш учун кетишган. Университет кўнгиллиларининг бешинчи отряди Намский туманига – Хариялах ва Фрунзе қишлоқларига йўл олган.

Шу йилнинг ёз мавсумида ўрмон ёнғинларига қарши курашиш учун Ёқутистонда кўнгиллилар штаби тузилиб, республика тезкор штаби билан келишилган ҳолда ҳаракат қилмоқда.

Бош штаб кўнгиллиларни ўқитиш ва жиҳозлар билан таъминлашга ёрдам бермоқда. Улар кейинчалик ёнғин хавфи кучли бўлган ҳудудларга юборилмоқда. Шунингдек, штаб кўнгиллиларни озиқ-овқат, дори-дармонлар, ёнғинга қарши воситалар, комбинезон, респираторлар билан таъминлайди.

Шарқий ҳарбий округ муҳандислари ҳам аҳоли пунктларини ёнғиндан ҳимоя қилишда ёрдам беряпти.

7 август куни тушдан кейин иккита ёнғин содир бўлган Бяс-Кюёл қишлоғида кучли шамол туфайли олов қишлоқ хўжалиги биноларига минераллашган чизиқ орқали тарқалди, қишлоқда эвакуация бошланди. Горний тумани маркази Бердигестяхда учта вақтинчалик турар жой очилди. Қурбонлар йўқ. Расмийлар куйган уйларни республика бюджети ҳисобидан қайта қуришга ваъда берди. 31 та турар-жой биноси тиклаб бўлмайдиган ҳолатда.

Зарар кўрган фуқароларга пул берилади, уларнинг болалари болалар оромгоҳларига юборилади, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва хусусий фермер хўжаликларига етказилган зарар аниқланиб, зарар қопланади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Якутия ёнғинларининг тутуни Қозоғистон пойтахтига етиб келди

1107 23:15 11.08.2021
« Орқага