Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Йўқолиб кетиш хавфи остида қолган кутубхоналар шаҳри – Шингетти

1549

Мавритания шимолида, Саҳрои Кабир марказида жойлашган Шингетти шаҳри камида 700 йиллик тарихга эга. Уни “Исломнинг еттинчи муқаддас шаҳри” деб ҳам аташади.

Бу ерда асосан анъанавий турмуш тарзи сақланиб қолган – бугунги кунда ҳам оқ кийимга ўралган эркаклар ҳар куни кечқурун туя подасини қўтонга ҳайдайди. Бироқ тараққиётнинг мевалари бу ерга ҳам етиб келган: маҳаллий аҳоли мобил телефондан фойдаланади ва ёмғирдан кейин қатқалоқ бўлиб қолган ерларда машина ҳайдайди. 

Арабистондан Шингеттига биринчи карвонлар олтин, фил суяги ва бошқа Африка бойликларини қидириб XII асрда келган эди. Улар ҳудудга исломни ҳам олиб келди. Жойлашуви шарофати билан шаҳар асрлар давомида Маккага йўл олган Мағриб зиёратчиларининг асосий йиғилиш жойи бўлган. У Ғарбий Африканинг диний ва илмий марказига айланди. Шингетти мадрасаларида нафақат диний илмлар, балки нотиқлик, астрономия, математика ва тиббиёт ҳам ўргатилган. Мавритания кўп асрлар давомида араб дунёсида “Билад Шинкит” – “Шингетти юрти” номи билан машҳур эди. XIII-XIV асрларда қурилган Жоме масжиди мамлакатнинг миллий рамзларидан бири саналади.

Аммо энди буларнинг барчаси – тарих. Шингетти ҳозир 4700 аҳолига эга кичик шаҳарча. Унинг шон-шуҳратидан гўзал меъморчилик ёдгорликлари ва Ғарбий Африкада ўхшаши бўлмаган қўлёзма кутубхоналари қолган. Аммо бу мерос хавф остида – шаҳарга чўллашиш таҳдид солмоқда. Баланд қум тепалари Шингеттининг ғарбий чегарасига яқинлашди ва кўплаб уйлар аллақачон қум остида кўмилган. Иқлимшунос олимлар бу ҳолатни иқлим ўзгариши билан боғлашмоқда.

Шаҳардаги шахсий кутубхоналарда ўрта асрларга оид кўплаб қимматбаҳо қўлёзмалар сақланмоқда. Сайф Ислом ана шундай кутубхоналардан бирининг эгаси бўлиб, у асрлар давомида ноёб қўлёзма ва дин уламоларининг асарларини сақлаб келаётган оиланинг вакилидир. Унинг китоб жамғармаси 1699 та қўлёзмадан иборат. Сайф Ислом шундай дейди: “Масалан, бу шаҳардаги энг қадимги китоб. Унинг тарихи Х асрга бориб тақалади ва оҳу терисига ёзилган ягона Қуръондир”. 

Қўлёзмалар оддий картон қутиларда сақланади ва уларнинг кўпчилиги ҳеч қачон илмий баҳоланмаган.

Ҳукумат шахсий коллекциялар эгаларини китобларни давлатга топширишга кўндиришга уриниб кўрди. Бунинг учун ҳатто кутубхона қурилди, лекин ўз хазинасидан ажралишни хоҳлайдиган топилмади. “Улар бизнинг китобларимизни тортиб олмоқчи бўлди”, – дейди Ислом ғазаб билан. 

У ва бошқа кутубхона эгалари Шингеттига қўлёзмаларни кўриш ва уларнинг тарихини эшитиш учун келадиган сайёҳлар ҳисобидан кун кечиради.

Шингетти ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ташкилотнинг баҳолашига кўра, шаҳарнинг тарихий обидалари ҳам, кутубхоналари ҳам ночор ҳолатда. ЮНEСКО ҳисоботида шундай хулоса қилинади: “Қадимий ёдгорликлар муайян иқлим шароити учун қурилган ва ҳозирда иқлим ўзгариши сабабли хавф остида. Иссиқ ҳарорат ёки кучли ёмғирлар пойдеворини емириши натижасида бинолар қулаб тушмоқда. Шаҳар бу таҳдид ва қумларнинг босқинига дош бера оладими-йўқми, бу катта савол...”

Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади. 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент Шавкат Мирзиёев умра ибодатини бошлади

116 01:25 19.08.2022

 "Тарихнинг номаълум саҳифалари"

232 21:05 18.08.2022

Эшикоға беги

283 20:35 18.08.2022

Илм излаб сафар қилишдаги фазилатлари

217 20:05 18.08.2022

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

335 19:35 18.08.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Кобулдаги портлаш бўйича баёнот берди

301 18:58 18.08.2022
« Орқага