Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Ювинишдан қўрққан европаликлар ёхуд тозаликка амал қилиш қаердан чиққан?

2654

Аллоҳнинг мўмин зиммасидаги ҳаққи етти кунда барча аъзосини тўла ювиб, ғусл қилишдир. Динимизда эр-хотин муносабатидан кейин, булғаниб қолганда ҳам ғусл қилиш вожиб амал ҳисобланади. Мўйловларни қисқартириш, тирноқ олиш, қўлтиқ ва киндик ости мўйларини тозалаш, хатна қилдириш, мисвок тутиш каби ишлар мусулмонларга шарт қилиб қўйилган.

Оғиз-тишларни тоза тутишга алоҳида эътибор берилган. Арок дарахтининг шохчаларидан тайёрланган махсус тиш тозалаш воситаси – мисвокдан фойдаланиш суннатдир. Пайғамбар алайҳиссалом: “Тишларингизни мисвок билан тозалаб юринглар ва тозаликка одат қилинглар”, “Агар умматимга машаққат бўлмаганида эди, ҳар намоздан олдин мисвок қилишга (яъни, тиш тозалишга) буюрар эдим”, деб таълим берганлар. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу кўрсатмалари бежизга бўлмаган. Мисвок текшириб кўрилганда, унда кўплаб фойдали ва хушбўй моддалар борлиги аниқланди. Ваҳоланки, ҳозирги замонавий тиш чўткалари Ғарбда 1806 йилдан урфга кира бошлаган.

Мусулмонлар кунига бир неча марта ювиниб, тозаланадилар. Ҳафтасига албатта ҳаммомда ёки уйларида ғусл қиладилар. Кийимларини, ҳовли-жойларини, ибодат ўринларини тоза тутадилар. Чунки бу – Исломнинг талаби. Ислом эса – тозалик дини, назофат дини, покизалик эса – диннинг ярмидир.

Мусулмонлар тозалик ҳақида ана шундай бош қотириб юришганида, Европада кишилар ювинмасдан, йилига бир марта пахтани ҳўллаб артинишган, чўқинтириш пайтидаги махсус “вафтиз” сувининг таъсири кетиб қолмасин, деб сувдан сесканишган. Ҳаттоки, машҳур Версал саройида умуман ҳожатхона бўлмаган. Ўрта асрлар Франциясида сарой ва театрларнинг бирортасида ҳожатхона бўлмаган бир пайтда Истанбулда 1400 га яқин шундай жой бўлган.

Ўша пайтларда Европада оқар сувда, ҳаммомларда ювиниш нималигини билишмасди. Аммо шу даврда Марказий Осиёга сафар қилган сайёҳлардан бири Самарқанд шаҳрига шундай таъриф берганди: “Шаҳарда карвонсаройлар иккита, машҳур ҳаммомлар учта бўлган. Улардан иккитаси “Хўжа Аҳрор ҳаммомлари”, учинчиси эса Ҳаммоми Мирий, деб аталган”. 1558 йили Бухорога сафар қилган инглиз сайёҳи ва тарихчиси Антокий Женкинсон ўз хотираларида шундай деб ёзган: “23 декабрда Бақтрия еридаги Бухоро шаҳрига келдик. Шаҳар жуда катта, уйларнинг кўпи лойдан қилинган, аммо шаҳарда тош уйлар, шоҳона қурилган ва олтин суви билан нақшланган масжид-мадрасалар ҳамда миноралар ҳам кўп. Айниқса, ҳаммомлар шунақанги кўркам қурилганки, дунёда бунақасини учратмагандим. Уларни таърифлашга анча вақт кетади”.

Ўн олтинчи асрда Голландия элчиси Барон де Бусбек Усмонийлар мамлакатига сафаридан сўнг шундай деган экан: “Э, бу одамларнинг касал бўлиши аниқ. Балиқлар каби сувда “шалоп-шулуп” қилиб ювинишади. Шунчалар ҳам кўп ювиниш мумкинми?” Ҳаммомларни қўятурайлик, Усмонли салтанат шаҳарларида биздаги сардобаларга ўхшаш, ҳар бири санъат даражасига кўтарилган юзлаб чашмалар (замонавий таҳоратхоналар) бўлган.

Иброҳим Рафиқнинг “Тарих шуури” китобида ёзилишича, Валий лақабли Боязид иккинчи ҳукмронлиги даврида Истанбулга Масков князининг Михаил Плачнет исмли элчиси ташриф буюрган. Ундан ёқимсиз ҳид анқиб тургани сабабли уни ювинтириш учун ҳаммомга олиб боришган. Умрида ҳаммомни кўрмаган элчи ювинишга, ич кийимларини алмаштиришга кўниколмай, ҳаммомдан қочиб чиққан ва тезда Истанбулни тарк этган.

1600 йилларда Испания инквизицияси мусулмонларни оммавий қирғин қилгани тарихдан маълум. Ғарб тадқиқотчиларининг кундаликларида ёзилишича, жоҳил ҳукмдорлар мусулмон испанларни тозалигига, қўлтиқ ости мўйларининг олинганига қараб, насронийлардан ажратиб қатл қилган экан.

Мусулмонлар нафақат тозаликда, кийиниш, овқатланиш маданияти соҳасида ҳам Европаликларга ўрнак бўлишган. Биргина овқатланиш хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўнлаб ҳадислар ворид бўлган. У зоти бобаракот умматни кўп таом ейишдан қайтарганлар. Бунинг зарарлари ва оқибатларини бугунги кунда ҳозирги тиббиёт фани ҳам, одамлар ҳам яхши тушуниб қолишди.

Пайғамбар алайҳиссалом кечқурун ётишдан олдин сув ва таом солинган идишлар устини ёпишни, синиқ, дарз, лаби учган идишларни ишлатмасликни буюрганлар. Ўша жойларда турли зарарли нарсалар (микроблар) бўлишини ҳали заррабин (микроскоп) кашф этилмасдан ўн тўрт аср аввалдан кўра билганлар. У зот овқат олдидан ва кейин қўл ювиш, овқатга пуфланмаслик, хотиржам, ўтириб овқатланиш, таомни иссиғича истеъмол қилмасликка ҳам тарғиб қилганларки, буларнинг ҳаммасида ҳам ҳикмат бор.

Ваҳоланки, Ғарбда овқатланиш соҳасидаги маданият жуда орқада эди. Биргина мисол келтириб ўтиш кифоя: ўрта асрларда Бранденбург шаҳзодаси аслзодларни ўз саройидаги зиёфатга чорлар экан, таклифномага: “Гўшт егандан кейин суякни орқага отиш йўқ, ёғли оғизни енг билан артиш йўқ, товоқни кўтариб, остига тупуриш йўқ”, деб изоҳ ёзишга мажбур бўлган экан. Ҳатто, ҳозирда Ғарбдаги кўпгина ўлкаларда бўлганимизда, Европаликларнинг жамоат жойларида, ҳатто, дастурхон устида бемалол рўмолчага бурун қоқаётганларини, ҳамманинг кўз ўнгида тиш кавлаётганларини, овоз чиқариб, бетартиб овқатланишларини кўриб, ҳайратимиз ошганди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ана шуларнинг ўзиёқ Ислом ҳазораси Ғарб ҳазорасидан анча илғор бўлиб келганини исботлаб турибди.

“Ислом ҳазораси” китобидан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Раисий Макронни Эронга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди

315 16:12 30.11.2021

Буюк Британия яна бир мустамлакасидан айрилди

1210 11:30 30.11.2021

Европа Иттифоқи дипломатлари Исроилнинг турар-жой қуриш режаларига рози эмас

338 19:10 23.11.2021

Абдулазиз Комилов Душанбе шаҳрига боради

311 11:40 22.11.2021

Кремл: “Россия ҳеч қандай гибрид урушлар олиб бормаяпти”

474 19:30 18.11.2021

ЕИ Афғонистонга ёрдам кўрсатиш масаласини Ўзбекистон билан муҳокама қилди

398 18:38 15.11.2021
« Орқага