Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Юзларидан нур, сўзларидан дур ёғилади

1031

Гоҳида Аллоҳ таоло адиблар ҳам айтолмайдиган баъзи сўзларни ёш бола тилида гапиртириб қўяди. Бу эса у болага ҳикмат ва ақл-заковат берилгани аломатидир.

“...унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик” (Марям сураси, 12-оят), ояти тафсирида Маъмардан ривоят қилинади: «Болалар Яҳё алайҳиссаломга: “Юр биз билан, ўйнаймиз”, деди. Шунда Яҳё айтди:

“Мен ўйин учун яратилган эмасман”».

Ибн Жавзий ҳикоя қилади: «Муътасим бир куни Хоқоннинг зиёратига борди. Фатҳ у вақтда ёш бола эди. Муътасим Фатҳдан сўради: “Халифанинг уйи яхшироқми ё отангнинг уйими?” Фатҳ: “Агар халифа отамнинг уйида бўлса, отамнинг уйи яхшироқ”, деб жавоб берди.

Муътасим қўлидаги узукни кўрсатиб: “Эй Фатҳ, бу узукдан ҳам чиройли нарсани кўрганмисан?” деди. Фатҳ: “Ҳа, узук тақилган қўл ундан ҳам чиройли”, деб жавоб берди.

Ҳорис Муҳосибий ёшлик чоғида болаларнинг ўйинини бир хурмофурушнинг дарвозаси олдида томоша қилиб турганди. Уй эгаси чиқиб қолди ва қўлидаги хурмодан узатиб: “Ол, е”, деди. Ҳорис: “Унинг қаердан келганини биласизми?” деб сўради.

– Ҳа, ҳозиргина бир кишига хурмо сотдим, ўшандан тушиб қолган.

– Уни танийсизми?

– Танийман.

Шунда Ҳорис ўйнаётган болаларга юзланиб: “Бу киши мусулмонми?” деб сўради. “Ҳа”, дейишди. Ҳорис индамай бурилиб кетди. Хурмофуруш изидан етиб олиб, унинг қўлидан тутди: “Аллоҳга қасамки, нега бундай деганингни айтмагунингча қўйиб юбормайман!” Ҳорис айтди: “Эй шайх! Агар мусулмон бўлсангиз, худди мени қувиб етганингиз каби, хурмонинг эгасини ҳам топиб, рози қилинг. Ўзингиз мусулмон бўла туриб, мусулмон болаларига ҳаром едирасизми?!” Шунда шайх: “Аллоҳга қасамки, дунё йиғиш учун савдо қилмайман”, деди.

“Сифатул Авлиё” китобининг муаллифи Абдураҳмон ибн Муҳаммад айтади: «Менга Муҳаммад ибн Иброҳим Нисобурий санади билан Фатҳ Мувсилийнинг бундай деганини айтиб берди: “Ҳаж сафари учун йўлга чиқдим. Саҳрода кетаётиб бир ёш болани учратдим.

Ҳали балоғатга етмаган эди. Қаёққа кетаётганини сўрадим. “Раббимнинг уйига”, деди. “Ҳали жуда ёшсан-ку!” деганимда, “Мендан ёшроқларнинг вафот этганини кўрдим”, деб айтди.

– Қадам босишларинг ҳам секин.

– Менинг зиммамда ҳаракат қилиш, Раббим хоҳласа, Унинг зиммасида етказиш. Аллоҳ таоло: “Бизнинг тўғримизда (йўлимизда) жиҳод (жидду жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз” (Анкабут сураси, 69-оят), деганини эшитмаганмисиз?

– Сенда озуқа ҳам кўрмаяпман-ку!

– Менинг озуқам қалбимдаги қаттиқ ишонч ва имондир. Қаерда бўлсам ҳам, Аллоҳ ризқимни етказади.

– Егулик озуқасини айтмоқчиман...

– Исминг нима?

– Фатҳ.

– Эй Фатҳ, агар бирор дўстинг уйига таклиф қилса, ейдиган нарсаларингни ўзинг билан кўтариб борасанми?

– Албатта йўқ!

– Менинг Эгам мени Ўзининг уйига чақирган, Ўзи мени овқатлантиради.

Мен унинг ёши кичкина бўлишига қарамай гапираётган гаплари ва зуҳдига ҳайрон қолдим».

Али ибн Жаъд айтади: «Менга Абу Юсуф айтиб берди: “Отам Иброҳим ибн Ҳабиб вафот этганида ёш бола эдим. Онам газлама бўёқчисига шогирдликка берди.

Мен бўёқчига бормай, Абу Ҳанифанинг дарс ҳалқаларига қатнардим. Онам орқамдан келиб, мени етаклаб бўёқчига олиб бориб қўярди. Илмга иштиёқимни кўрган Абу Ҳанифа ҳолимга ачинарди. Бу ҳолат такрорланавергач, онам Имомга: “Бу болани сиздан бошқа йўлдан урувчи йўқ. У етим, ип йигириб кун кўрамиз. Бир-икки сўм топишидан умидворман”, деди. Абу Ҳанифа айтди: “Эй бефаҳм аёл, болани ўз ҳолига қўй, у пистанинг ёғига бўлган фалузаж ейиш учун таълим оляпти”, деди. Онам:

“Сиз ақлдан озиб, эсингизни йўқотган шайх экансиз-ку”, дея чиқиб кетди. Шундан сўнг доим Абу Ҳанифанинг ёнида юрадиган бўлдим. У киши барча эҳтиёжларимни гарданига олди. Аллоҳ таоло мени илм билан манфаатлантирди, даражамни кўтарди, ҳатто қозилик мартабасини эгалладим. Мен Ҳорун ар-Рашид билан бир дастурхонда овқат ер эдим. Бир куни халифага фалузаж келтирилди. Ҳорун: “Эй Яъқуб, олинг, енг, бу ҳар куни ҳам тайёрланавермайди”, деди. “Бу нима, эй мўминлар амири?” деб сўрадим. “Писта ёғи билан тайёрланган фалузаж”, деган жавобни эшитиб кулиб қўйдим. Халифа кулгимнинг сабабини сўради. Бўлган воқеани айтдим.У ҳайратланиб: “Илм инсоннинг даражасини баланд қилиб, динда ҳам, дунёда ҳам фойда беради, – деди. – Абу Ҳанифага Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. У кўзи билан кўрмаган нарсаларини ақл кўзи билан кўра оларди”».

(давоми бор)

Асадулло Холмуродовнинг "Мўминнинг қуввати" китобидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитаниниг 4418-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каховка ГЭСи: қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилди

944 18:12 08.06.2023

Тожик мигрантлари муаммолари, Лавровнинг ташрифи ва ЕОИИ масаласи

1033 15:35 08.06.2023

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

684 13:07 08.06.2023

Канада: мусулмонлар мактабдаги  ЛГБТ дарсларига қарши чиқишди

1363 10:32 08.06.2023

Мадина шаҳри 2023 йилги Ҳаж мавсумига тайёр

720 09:49 08.06.2023

Эрон гипертовушли ракета ишлаб чиқарувчи дунёдаги тўртинчи давлат бўлди

1469 15:30 07.06.2023
« Орқага