Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Закот беришнинг нозик одоблари

1599

Закот беришда олий мақомларни истовчи банда риоя қилиши лозим бўлган нозик жиҳатлар ва асосан қалбга боғлиқ бўлган бир неча одоблар мавжуд.

Биринчи одоб. Закотдан кўзланган муроднинг энг нозик жойларини англаб етиш керак. Бу эса уч нарсадан иборат.

1.  Ҳалокатга олиб борувчи бахиллик сифатидан покланиш. Аллоҳ таоло “Ҳашр” сурасида: “Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир”, деган. [1]

Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада бахилликдан сақланиш ҳам исломий фазилат эканини таъкидламоқда. Чунки, бахиллик мўмин кишига ярашмайди.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Бахиллик ва имон банданинг қалбида абадул абад жам бўлмайди”, дедилар. (Табароний ривояти)

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Зулмдан қўрқинглар! Чунки, зулм Қиёмат кунининг зулматларидандир. Ўта бахиллик сиздан олдингиларни ҳаолк қилган, уларни қонлари тўкилишига ва ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол санашга олиб борган”, дедилар. (Муслим ривояти)

2.  Аллоҳ таоло берган неъмати шукрини адо қилиш. Аллоҳ таоло инсонга баданда ва молда неъмат беради. Баданий ибодатлар бадан неъматининг, молиявий ибодатлар мол неъматининг шукронасидир.

3.  Аллоҳ таолога муҳаббатни даъво қилувчидан ўзи яхши кўрган молни чиқариш ила мазкур муҳаббатни синаб кўриш. Сабаби, Аллоҳ йўлида молини оғринмай чиқариш зоҳидлик белгисидир. Имом Қушайрий айтадилар: “Қайси бир банда дунёда зоҳидлик қилса, Аллоҳ таоло унга бир фариштани вакил қилиб қўяди. У фаришта ўша банда қалбига ҳамиша ҳикмат экиб юради”. Фузайл ибн Иёз айтадилар: “Аллоҳ барча ёмонликни бир уйга қамади. Уларнинг калитини дунёга муҳаббат қилди. Аллоҳ барча яхшиликни ҳам бир уйга жамлади. Унинг калитини эса, зоҳидлик қилди”. [2]

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар. (Улар айтурлар): “Бизлар сизларни фақат Аллоҳ "юзи" учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз.  Бизлар Раббимиз (томони)дан бўладиган, (азобдан юзлар) тиришиб, буришиб қолувчи бир кундан (қиёматдан) қўрқармиз”[3].

Аллоҳ таоло жаннат аҳлини тавсиф этганда муҳтожларга холис садақа ва эҳсон қилиб, улардан миннатдорчилик ёки мукофот кутмаганларини ҳам қайд қилиб қўйгани ҳамма учун сабоқ бўлиши керак. Бировга қилган яхшилиги ва моддий ёрдамини миннат қилган киши савобини шамолга совурган бўлади. Аллоҳ амаллар ичида фақат ўзининг ризоси учун холисона қилинган амални қабул қилади.

Иккинчи одоб: Риёкорлик ва хўжакўрсиндан узоқ бўлиш учун закотни махфий равишда чиқариш. Шу билан бирга, закотни кўз кўз қилишда камбағални ҳижолат қилиш ҳолати бўлиши мумкинлигини унутмаслик. Агар, закот бермади деган маломатдан қўрқадиган бўлса, парво қилмайдиган камбағалга ошкора беради ва бошқаларга яширин беради.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида: “Садақани ошкор қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”, деган. (271 оят)

“Махфийликнинг фойдаси риё ва сумъа офатларидан халос бўлишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Аллоҳ эшиттирувчи, кўрсатувчи ва миннат қилувчидан қабул қилмайди" Садақасини гапирувчи сумъани истайди. Одамлар йиғинида берувчи риёни хоҳлайди. Махфийлик ва сукут булардан халос этади. Махфий беришнинг фазилати ҳақида бир жамоа муболаға қилиб, ҳатто олувчи берувчини кўрмаслиги кераклигига ижтиҳод қилишган. Баъзилари садақани кўзи кўр кишига берган бўлса, бошқалари фақир ўтадиган, у ўтирадиган, садақани кўриб, берувчини сезмайдиган ерга қўйишарди.

Айримлар ухлаётган фақирнинг кийимига ташлаб кетса, яна бирлари фақир қўлига бошқа биров орқали беришарди. Бу шундай бўладики, берувчи танилмасди, воситачи кимлигини яширарди ва эҳсонни ошкор этмасликни тавсия қиларди. Буларнинг барчаси Парвардигор субҳанаҳунинг ғазабини кетказиш умидида ва риё ҳамда сумъадан сақланиш учун амалга ошириларди.

Қанчалик ҳаракат қилмасин, бирор одамнинг билишидан қутула олмаса, бу ҳолда бир вакилга бериши, вакил мискинга топшириши ва мискин бехабар қолиши афзалдир. Зеро, мискиннинг билиши риё ва миннат бўлса, вакилнинг билиши фақат риёдир. Мақсади шуҳрат бўлса, амали бекор бўлади. Чунки закот бахилликни кетказиш ва молга муҳаббатни сусайтириш учундир. Обрўга муҳаббат эса нафсни эгаллашда молга муҳаббатдан кучлироқдир. Бу икковининг ҳар бири охиратда ҳалок қилувчидир. Лекин бахиллик сифати қабрда чақувчи чаён мисоли бўлса, риё қабрдаги заҳарли илонлардан бири мисолига айланади”[4].

Учинчи одоб: Қилган садақасини миннат қилиш ва озор бериш ила ҳабата қилмаслик. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида: “Эй, имон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига имон келтирмаса ҳам кишиларга кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг”, деган. (264 оят)

“Ҳабата” араб тилида кетиш, бекор бўлиш, ботил бўлиш, фасод бўлиш маъноларини англатади. Амалларнинг ҳабата бўлиши эса қилинган амалнинг савобсиз қолиши ва беҳуда кетишидир. Мўмин киши учун бундан оғирроқ нарса бўлмаса керак. Негаки, вақтини, молини ва саломатлигини сарфлаб қилган яхши амаллари Илоҳий даргохда қабул бўлмаслиги мўмин учун катта мусибатдир. Шундай экан мусулмон киши амалларининг ҳабата бўлишига олиб келадиган сабаблардан воқиф бўлмоғи ва улардан сақланмоғи даркор. Қуръони каримда Аллоҳ амалларни хабата қилиши ва  амалларнинг бекор бўлишига далолат қилувчи “ҳабата” сўзи 16 бора зикр қилинган. Миннат ва озор ҳам шу ўринлардандир”.[5]

Демак, ортидан миннат ва озор келадиган садақа, Аллоҳг ва охират кунига имон туфайли эмас, балки риёкорлик учун садақа қилганга ўхшар экан. Одатда инсон ўзининг камбағалга эҳсон қилаётганини кўриб, унга яхшилик қилаётганини билиб, миннат қилишга бориб қолиши мумкин. Миннат ва озорнинг ҳақиқати ҳақида салафи солиҳларимиз бир қанча фикр ва таърифларни айтганлар. Баъзилар: “миннат” қилинган садақа ҳақида гапириш, “озор” уни бўрттириб кўрсатиш, деганлар.

Бошқалар: “миннат” садақани эслаш ва у ҳақида гапириш ёки унинг эвазига хизмат қилдириш, деганлар. “Озор” эса олувчини камбағалликда айблаш, деганлар.
Учинчилар: “миннат” берган нарсаси учун олувчига такаббурлик қилиш, “озор” эса, шу сабабли жерикиш ва унга қўполлик қилиш деганлар. Оиша ва Умму Салама разияллоҳу анҳумо оналаримиз бирор фақирга эҳсон юборадиган бўлсалар, воситачига унинг қилган дуосини ёдлаб олгин, дер эдилар. Сўнгра олувчига худди ўзининг дуоси каби дуо қилар ва бу дуоси учун, энди бизга садақамиз холис қолди, дер эдилар.

Шаъровий тафсирларида бундай инсонга икки карра хасрат бўлишини айтадилар. Аввало молини инфоқ қилиб, уни камайтирди. Аллоҳ миннат ва озор билан қилгани учун моли ўрнига эваз бермайди (моли кўпаймайди). Кейингиси бўлса, Охиратдаги савобдан маҳрум қолади. Агар закот берувчи бу иш мол неъматининг шукронаси эканини яхши тушуниб етса, у билан закот олувчининг орасида ҳея қандай муомала қолмайди. Чунки, ислом таълимотларига кўра, кишининг устунлиги моли билан эмас ва унинг пастлиги молсизлик билан ҳам эмас.

Тўртинчи одоб: Берилган нарсани арзимас санаш. Чунки, берилган нарсани кўп ҳисоблаш беҳуда ғурурга олиб боради. Бу эса, ўз навбатида, ёмон оқибатларга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида: “Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳея фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз”, деган. (25 оят)

Маълумки, мўминлар Бадр ғазоти куни озчилик бўлсаларда нусратга эришган, улкан зафарлар ва ўлжаларга соҳиб бўлган эдилар. Чунки, мусулмонларнинг ўша куни ададлари 310  дан ошиқроқ[6] (313 ё 314 ё 317 киши; 82 ё 83 ё 86 таси муҳожирлардан, 61 та авслик, 170 та хазражликдан иборат) бўлгани учун Аллоҳга суяниб ҳаракат қилишган.

“Саккизинчи ҳижрий, Шаввол ойида бўлган Ҳунайн ғазоти куни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги мусулмонлар сони ўн икки минг атрофида бўлган эди.  Баъзилар қўшин сонининг кўплигига қараб: "Бугун ҳаргиз енгилмаймиз", дейишди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда оғир ботган эди. Тонг қоронғусида жангга кирган мусулмонлар пистирмалардан бехабар камон ёмғирига дучор бўлиб, саросимага тушдилар. Кўпчилик ортига чекинишга мажбур бўлди”. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда мусулмонларнинг шу ҳолатига ишора қилган”[7]. 
Салафи солиҳлар яхшилик уч нарса билан тугал бўлади: уни арзимас санаш, тез қилиш ва махфий сақлаш билан, деганлар. Тоат-ибодатни эгаси қанчалик арзимас ҳисобласа, ибодати Аллоҳ таоло ҳузурида шунчилик буюк бўлади. Маъсиятни эгаси қанчалик буюк санаса, гуноҳи Аллоҳ таоло ҳузурида шунчалик кичик бўлади, демишлар.

Бешинчи одоб: Берганда молнинг энг ҳалоли ва яхшисини берсин. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида: “Эй, имон келтирганлар! Касб қилган пок нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа қилинглар. Нопокни қасд этиб садақа қилманг”, деган. (267-оят) Зеро, Аллоҳ таоло покдир ва фақат покни қабул қиладир.

Олтинчи одоб: Берадиган закоти ва садақасига муносиб одамни танласин.
Ҳикмат: “Ким яхшиликни ўз аҳлига, ўз ҳақдорларига етказмаса, унинг мукофоти мазаммат бўлур, ўшал киши надомат чекур”.[8] Бунга муносиб шахсларнинг бир неча сифатлари бўлади.

  • Тақво. Закотни тақводор кишиларга берилса, тақво йўлида хизмат қилинган бўлади.
  • Илм. Чунки, олимга мол бериш билан илмга ва дин тарқатишга ёрдам бор. Бу эса шариатни қувватли қилишдир.
  • Фақирлигини яширадиган, ҳожатини беркитадиган ва шикоятини очиб ташламайдиган бўлиш.
  • Оилали, қарздор ёки беморликка мубтало бўлган кишилар
  • Қариндош-уруғлардан бўлсин.

Закот олишнинг одоблари

Закот олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз тоиқадан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир неча вазифалар бор:

Биринчи одоб: Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани  йўқ  қилиш учун закот беришга амр қилганини фаҳмласин ва барча ғамини йиғиб битта ғамга – Аллоҳ таолонинг розилигини топишга айлантирсин.

Иккинчи одоб: Берувчига ташаккур айтиб, унинг ҳаққига дуо қилсин. Лекин бу иши сабабнинг шукри миқдорида бўлсин. Ҳадисда келганидек, “Одамларга ташаккур қилмаган, Аллоҳга шукр қилмас”.
Берилган нарса оз бўлсада, уни оз санамаслик шукрнинг тугал бўлишидандир. Берилган нарсани ёмонламаслик, айбини беркитиш керак.  

Учинчи одоб: Ўзига берилган нарсага назар солсин. Ҳалолмас нарса бўлса, мутлақо олмасин. Чунки, бировнинг молидан чиқарилган закот – закот эмас. Агар шубҳали нарса бўлса, ўзини олиб қочсин. Иложсиз қолганда ҳожатига ярашасини олсин.

Тўртинчи одоб: Ўзига мубоҳ бўлган миқдорда олсин. Ҳожатидан кўпини олмасин. Агар қарздор бўлса, қарзидан ортиғини олмасин”.[9]

Демак, камбағалларнинг маоши бўлмиш закот орқали икки тараф ҳам фойда кўради. Мол эгаси ўз молини поклайди, ривожлантиради. Муҳтож киши эса ўзининг эҳтиёжларини қондириб, турли етишмовчиликларга барҳам беради. Натижада, жамият аъзолари ўртасида меҳр оқибат, саховатпешалик сингари чиройли хислатлар кенг ёйилиб, ижтимоий муаммолар бартараф бўлади. 

Н.Саидакбарова, 
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Ушбу мақола “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Яхшилик қил-2021” танловига юборилган.

[1] Ҳашр сураси, 9 оят
[2] Имом Абулқосим ибн Ҳавозин Ал Қушайрий, “Рисолатул Қушайрийя”. “Дорул кутубил илмийя”
Байрут. 2001 й. 155 Б.
[3] Абдулазиз Мансур, Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, 579 Б.
[4] www.ziyouz.com кутубхонаси. Имом Ғаззолий, “Закот сирлари”, 9,10 б.
[5] Mumina.uz сайти, Саидакбарова.Н “Амалларнинг ҳабата бўлиши”. 2014 й
[6] Сафиййурраҳмон Муборакпурий “Ар-Раҳиқ Ал-Махтум”, Банорас. Ҳиндистон. 151 б.
[7] Сафиййурраҳмон Муборакпурий “Ар-Раҳиқ Ал-Махтум”, Банорас. Ҳиндистон. 319,320 б.
[8] Мактабутуш Шамила
[9] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Руҳий тарбия I. Тошкент, Шарқ. 2008 й, 71 - 84 бетлар. 
    Имом Ғаззолий, “Закот китоби”. 7 -16 бетлар. Ziyo.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тижорат молларидан закот тўланадими?

875 20:00 11.05.2021

Закот ҳисобловчи дастур

1341 17:30 11.05.2021

Закот ҳисобловчи онлайн дастурнинг тақдимоти бўлиб ўтмоқда

813 13:00 11.05.2021

Ҳаромдан келган даромаддан закот берилмайди

213 18:00 10.05.2021

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

953 10:30 23.04.2021
« Орқага