Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Закот ҳисобловчи дастур

1340

Аввалроқ Тошкентдаги Wyndham меҳмонхонасида “Islamic Вusiness and Finance” компанияси томонидан “Zakotim” онлайн закот ҳисоблаш дастури тақдимоти бўлиб ўтаётганлиги тўғрисида маълумот берган эдик.

Бу тақдимотда асосан закот ҳисоблаш дастури, уни ишлатиш йўллари ҳамда дастурнинг имкониятлари борасида бир қатор маълумотлар бериб ўтилди. Бугунги кунда закот ҳисоблаш дастури дунёнинг кўплаб давлатларида жорий этилган. Бу борада юртимиздаги ушбу дастур асосчиси Хондамир Нусратхўжаев шундай фикр билдирди:

«Ҳозирда закот ҳисоблаш дастури кўплаб мамлакатларда мавжуд, лекин булар бир-биридан фарқ қилади. Мен ўз тажрибаларим ва изланишларим натижасида кўплаб закот ҳисоблаш дастурлари билан танишдим. Уларда аксар ҳолларда мукаммаллик етишмаслигига, бу дастурни бойитиш кераклигига ишонч ҳосил қилдим ҳамда юртимизда илк бор мукаммал закот ҳисоблагич дастурни яратишга муваффақ бўлдик. Бизни дастуримиз бошқаларникидан жуда мукаммаллиги билан фарқланади. Биз бу дастурни яратиш жараёнида диний масалалар юзасидан асосан Муҳаммад Айюбхон домла ва устоз Мубашшир Аҳмад домлаларга мурожаат қилдик. Устозлар кўмагида бу дастурни дунёдаги энг мукаммал дастур сифатида шакллантирдик. Тўғри ҳали бир оз камчиликлари бор, уни бартараф этамиз, лекин асосийси ғоямизни жамоат олдида тақдим эта оляпмиз» – деди Хондамир Нусратхўжаев.

Тақдимот жараёнида Муҳаммад Айюбхон домла бу дастурни яратилишидан мақсад нима эканлигига тўхталиб ўтди:

«Бу оламда мусулмон инсон борки, моли закотга етганда уни қандай ҳисоблаш масаласига дуч келади. Бундай ҳолларни бугунги ҳаётимизда ҳам кўриб турибмиз. Ушбу закот ҳисоблаш дастури нафақат бир йилги закотнинг балки аввалги йилларда ҳам қолиб кетган закотларни тўғри ҳисоблашда ёрдам беради. Қачонки закот тўғри ҳисобланганда нафақат мусулмонлар жамиятини балки мусулмон бўлмаганлар орасида ҳам камбағаллик, йўқчилик ва етишмовчиликнинг барҳам топишига асос бўлади. Чунки ҳар бир жамиятнинг асосий мақсади халқнинг тўкин яшаши учун, халқ орасида камбағалликни  бартараф этишдир. Бу дастур ёрдамида Аллоҳ давлат берган юртдошларимиз моли нисобга етганда, ҳеч қийналмасдан закотларини ҳисоблаши ва тақсимлаши мумкин. Асосийси бу дастур мусулмон халқига фақат фойда келтиради иншааллоҳ» – деб таъкидлади Муҳаммад Айюбхон домла.

Шунингдек, тақдимот жараёнида мутахассисларнинг берган маълумотларига қараганда, бугунги кунда моли нисобга етган дунё мусулмонлари ўз закотини вақтида берса, бир йиллик закот дунё миқёсида беш юз миллиард доллар бўлар экан. Бу закот пули шу зайилда ҳар йили берилиб турилса узоғи билан ўн ёки ўн беш йилда дунёда камбағалчилик ва қашшоқликка барҳам бериш мумкин экан. Шу билан бир қаторда Ўзбекистонда ҳар йили беш юз миллиондан бир ярим миллиард долларгача закот берилар экан.

Тақдимотда иштирокчилар томонидан «нега закот айнан Рамазон ойи берилади, бошқа ойларда ҳам берса бўлмайдими?» – деган савол берилди.

Бу саволга устоз Мубашшир Аҳмад домла: «Закотни мол нисобга етганда закот берувчи томонидан нафақат Рамазон ойи, балки йилнинг бошқа ойларида ҳам берса бўлади. Халқимизда Рамазон ойида закот бериш урфга кирган, чунки бу ойда савоблар Аллоҳнинг марҳамати билан зиёда қилинади. Закот берувчи ҳам шундан умидвор бўлган ҳолда Рамазон ойида закот беришни хоҳлайди. Лекин мен хоҳлардимки закот берувчи биродарларимиз, фақат Рамазон ойини кутиб туришлари керак эмас. Моли нисобга етиб закот бериш вақти келдими, қайси ойда бўлишидан қатъи назар ҳақдорни топиб закотини беравериши керак. Масалан, мана бу йил Рамазон апрель ва май ойларига тўғри келди, ҳамма шу ойда закотини берди, лекин сентябрь ойида айни талабаларни контракт тўлаш вақти. Бу пайтда закот берувчилар йўқ, бироқ ҳақдорлар айнан шу дамда закот олишга муҳтож. Улар қачон Рамазон ойи келар экан деб кутиб тура олмайди. Чунки давлатга ўз вақтида контракт пулини тўлаши керак. Шу масалаларни ҳам ўйлаган ҳолда кўпроқ закот берувчиларга фақат Рамазон ойида эмас бошқа ойларда ҳам закот бериши кераклигини тарғиб қилиш лозим» – деб фикр билдирди Мубашшир Аҳмад домла.

Ушбу тақдимотда иштирок этаётган тадбиркорлар ва соҳа мутахассислари ҳамда қизиқувчилар дастур ҳақида ўзларини қизиқтирган саволлари ва таклифларини йиғилганлар билан ўртоқлашди.

Келажакда закот ҳисоблаш дастури мамлакатимизда кенг кўламда қўлланилишига умидвормиз.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тижорат молларидан закот тўланадими?

875 20:00 11.05.2021

Закот ҳисобловчи онлайн дастурнинг тақдимоти бўлиб ўтмоқда

813 13:00 11.05.2021

Ҳаромдан келган даромаддан закот берилмайди

213 18:00 10.05.2021

Закот беришнинг нозик одоблари

1599 16:30 04.05.2021

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

953 10:30 23.04.2021
« Орқага