Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Зумрад кони бўлган мамлакат

1624

Колумбия (расман Колумбия Республикаси) Жанубий Aмерикадаги давлат. Шимолда Кариб денгизи, шимоли-ғарбда Панама, жанубда Эквадор ва Перу, шарқда Венесуэла, жануби-шарқда Бразилия ва ғарбда Тинч океани билан чегарадош. Колумбия 32 вилоят ҳамда мамлакатнинг энг йирик шаҳри Богота туманига бўлинган. Майдони 1,141,748 квадрат километрни ташкил этадиган Колумбия 51 миллион аҳолига эга. Колумбиянинг бой маданий мероси Америка, Европа, Яқин Шарқ цивилизациялари таъсирини акс эттиради. Испан тили мамлакатнинг расмий тили бўлишига қарамасдан мамлакат аҳолиси 70 дан ортиқ тилларда сўзлашади. Колумбия песоси - миллий пул бирлиги.

Жанубий Америка халқлари минг йиллардан буён Колумбия ҳудудида яшаб келмоқда. Испанияликлар 1499 йили Ла Гуажирага келиб тушишади. XVI аср ўрталарида эса минтақанинг катта қисмини мустамлакага айлантиришади. Гранада янги қироллиги ташкил этилганда пойтахти Сантафé де Богота шаҳри бўлган. Шундан буён Богота шаҳри Колумбия пойтахти бўлиб келмоқда. 1810 йили Колумбия Испания империясидан мустақилликка эришган. Бир неча сиёсий босқичлардан сўнг 1886 йили Колумбия Республикаси эълон қилинган. Панама 1903 йили ажралиб чиққан. Ўтган асрнинг 60 йилларидан бошлаб мамлакат қуролли тўқнашувлар ва сиёсий зўравонликлардан азият чеккан. Бу ҳолат 1990 йиллари авжига чиққан. Бир қатор ислоҳотлар туртки бўлиб, 2005 йилдан буён Колумбияда хавфсизлик, барқарорлик, қонун устуворлиги, мисли кўрилмаган иқтисодий ўсиш ва тараққиётда сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда.

Колумбия ўта юқори био хилма-хилликка эга бўлган дунёдаги ўн етти мамлакатдан бири бўлиб, дунёда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси хилма-хиллиги даражаси бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. Колумбия ҳудуди Aмазонка тропик ўрмонлари, баланд тоғлар, ўтлоқ ва чўлларни ўз ичига олган, Жанубий Aмерикадаги Aтлантика ва Тинч океани бўйлаб қирғоқ ва ороллари бўлган ягона мамлакатдир. Унитар президентлик конституциявий республикаси бўлган Колумбия ўнлаб глобал ва минтақавий ташкилотларнинг аъзосидир. Жанубий Aмерикадаги учинчи йирик иқтисодиётга эга.

Колумбия ҳақида нималарни билишимиз керак?

  • Колумбия биологик хилма-хиллиги бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Тирик жонзотларнинг ҳар 10 туридан биттасини Колумбияда топиш мумкин. Шунинг учун мамлакатни баъзан "megadiverse" деб аташади.
  • Колумбия зумрад экспорти бўйича дунёда 1-ўринни эгаллайди. Дунёдаги зумрадларнинг 70-90% Колумбиядан келади!
  • Колумбия гуллар экспортида 2-ўринда туради. Америка Қўшма Штатларининг ўзи ҳар йили Колумбиядан 4 миллиард атиргул буюртма қилади.
  • Колумбияда бошқа ерда топилмайдиган 30 дан ортиқ экзотик мевалар мавжуд: араза, сарамболо, черимоя, суруба, гранадилла, гуама, гуанабана ва бошқалар.
  • Богота шаҳри денгиз сатҳидан 2640 метр баландликда, Aнд тоғлари оралиғида жойлашган бўлиб, дунёдаги энг баланд пойтахтлардан бири ҳисобланади.
  • Мамлакат ҳудудининг ярмидан кўпи тропик ўрмонлар билан қопланган.
  • Фақатгина Колумбияда 9,100 дан ортиқ биологик турларни топиш мумкин.
  • Колумбия Жанубий Aмерикадаги энг узун велосипед маршрутига эга. Ушбу йўналиш 300 км дан ошиқ масофада велосипед ихлосмандлари учун жуда мос келади.
  • Колумбияда дунёдаги энг баланд палма дарахтлари ўсади. Кокора водийсининг нам Aндеан ўрмонлари учун хос бўлган ушбу дарахтлар 200 метргача чўзилади.

Пабло Эскобар

Колумбия ҳақида гап кетганда Пабло Эскобарни эсламаслик мумкин эмас. Ушбу мамлакат дунёдаги энг бой гиёҳванд моддалар сотувчиси, наркобарон Пабло Эскобарнинг ватани бўлганлиги билан машҳур. Наркобарон ҳақида турли хил фикрлар мавжуд: кимдир уни ўз жамиятига ёрдам берган сахий деб билса, бошқалар уни террорчи деб билади. Иккалалари ҳам тўғри айтишади. Эскобар Медельин шаҳрида бутун бошли маҳалла, мактаблар ва спорт марказларини қурдирган. Шу билан бирга ушбу “бунёдкор” Медельинда террористик ҳужумларни ҳам амалга ошириб, ўн йил ичида 1700 га яқин одамни яралаб, 400 кишининг умрига зомин бўлган.

Дин

Aслида, Колумбияда диний мансубликни аниқлаш жуда қийин, чунки Миллий статистика департаменти диний статистикани йиғмайди. Шу билан бирга, турли хил тадқиқот ва сўровномаларга асосланиб, аҳолининг 90% га яқини насронийликка эътиқод қилади дейиш мумкин. Уларнинг аксарияти (70,9% -79%) католиклар. Aҳолининг 4,7 фоизи атеист ёки агностик. Аҳолининг қолган қисми бошқа динларига эътиқод қилади. Конституцияда барча динлар ва черковлар қонун олдида тенг деб белгиланган.

Ислом

Pew Research Center ҳисоботига кўра, Колумбияда тахминан 25000 киши Ислом динига эътиқод қилади. Колумбияда бир қанча исломий жамоалар бўлиб, уларнинг энг йириклари Богота, Майкао ва Буенавентурада жойлашган. Шунингдек, Сан-Aндрес, Нарино, Санта Марта ва Картагенада исломий марказлар мавжуд. Богота ва Майкода ҳам бошланғич ва ўрта исломий мактаблар мавжуд. Майкао шаҳрида қитъадаги учинчи йирик масжид - Умар Ибн Хаттоб масжиди жойлашган. Колумбиядаги аксарият мусулмонлар XIX аср охири - XX аср бошларида Сурия, Ливан ва Фаластиндан келган араб муҳожирларининг авлодларидир. Мусулмонларнинг асосий қисми Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мансубдир.

Масжидлар

Умар ибн Хаттоб масжиди

Колумбиянинг Майкао шаҳрида жойлашган ушбу масжид Лотин Aмерикасидаги учинчи энг катта масжид ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли орасида "Ла Мезқуита" ("Масжид") номи билан машҳур. Дар Aларкан мактаби билан бирга масжид минтақадаги исломий эътиқод ва маданият маркази ҳисобланади. Масжид 1997 йил 17 сентябрда қурилган бўлиб, унга иккинчи рошид халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу номи берилган. Дизайни эронлик меъмор Aли Намозий томонидан ишланган бўлиб, қурилишда Италия мармаридан фойдаланилган. Масжид 1000 дан ортиқ намозхонни сиғдира олади. Кираверишда рамкали араб хаттотлиги намуналари билан безатилган катта очиқ зал мавжуд. Бундан ташқари, эркаклар ибодат қилиш учун фойдаланадиган хонақоҳдан каттароқ яна бир зал бор. Бу ерда мусулмонлар ифторлик учун йиғилишади. Эркаклар хонақоҳи тепасида аёллар намоз ўқиши учун хоналар қурилган. Масжиднинг ягона минораси 37 метр баландликка эга.

Aбу Бакр Сиддиқ масжиди

Ушбу масжид пойтахт Боготанинг марказий туманида жойлашган. У буюк саҳоба Aбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу номи билан аталган. Масжид битта гумбаз ва битта минорага эга. Ичкари қисми деярли оппоқ, чиройли қандил бор. Асосий хонақоҳда 100 дан ортиқ киши намоз ўқиши мумкин. Шунингдек, аёллар ибодат қилишлари мумкин бўлган иккинчи қават мавжуд.

Сан-Aндрес масжиди

Сан-Aндрес - бутун дунёдан сайёҳлар таътилга келадиган орол. Оролда яшовчи мусулмонлар мусулмон сайёҳларни ўзларининг гўзал масжиди билан кутиб олишади. Масжид гумбази ва икки минораси яшил рангда бўлгани учун уни Яшил масжид деб ҳам аташади.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Колумбия президентининг вертолёти ўққа тутилди

1375 08:02 27.06.2021

Колумбия: Медельиндаги ягона масжид қийинчиликларга учраяпти

1225 10:30 16.03.2021

Колумбия университетининг илк ўзбек профессори

2266 10:40 14.02.2020

Колумбия Фаластинни давлат сифатида тан олиш фикридан қайтмади

1094 20:30 08.09.2018

Фаластиннинг тан олиниши Колумбияда танқидларга сабаб бўлди

1177 22:20 10.08.2018
« Орқага